Саналар
21.01.2018
Баннер
Абу Муслим. БАҒДОДНИНГ ҚУЛАШИ (китоб)
PDF Босма E-mail

БАҒДОД - қадимги форс тилида «Аллоҳ ато қилган, «Доднинг боғи» маъноларини билдирган.

Дажла дарёсининг икки соҳилига жойлашган қадимий шаҳар, 1921 йилдан буён Ироқ давлати пойтахти. Милодий 762 йили аббосий халифалардан Мансур барпо қилган ва уни «Мадинат ус-салом» (Омонлик шаҳри) деб атаган. У анча вақт халифалик пойтахти бўлган. Шаҳар салжуқийлар, мўғуллар, туркманлар, эронийлар, кейинчалик кўп йиллар Усмонлилар қўл остида бўлган. Шаҳарда кўплаб донғи дунёга кетган масжидлар, мадрасалар, дунёдаги биринчи дорилфунун ва исломий обидалар бор, бу ердан улуғ алломалар, машҳур арбоблар етишиб чиққан. 

Кириш

Еттинчи ҳижрий асрда мўғул лашкарлари бутун дунёни забт этиш учун ўзларининг машҳур юришларини бошладилар.  Мўғулларга қаршилик кўрсатганлар асосан мусулмонлар эди. Аммо ваҳший душман мусулмонларни устара сочни қандай қирган бўлса, қиличдан шундай ўтказган эди. Мусулмон оламининг машҳур илм ва маърифат марказлари бўлган шаҳарлар мўғуллар томонидан вайрон қилинган эди.
Бундан роппа-роса 757 йил муқаддам, яъни 1258 йилнинг 10 февралида Чингизхоннинг набираси Хулагухон бошчилигидаги мўғул қўшини ўша пайтдаги Ислом дунёсининг юраги ҳисобланган, ер юзининг энг катта, машҳур шаҳари, Аббосийлар халифалиги пойтахти - Бағдодга бостириб кирди.
Бунинг оқибатида шаҳар вайрон, тинч аҳоли қирғин қилинди, мисли кўрилмаган зўравонликлар бўлди. Бундай хунрезлик натижасида бир миллиондан ортиқ одам ҳаётдан кўз юмди. Бағдоднинг олиниши ўрта асрлардаги ваҳшийликнинг энг чўққиси бўлган воқеа, деб таърифланди. Ўша пайтларда  оммавий қирғин қуролини ҳеч ким билмасди. Лекин бу жанг  оммавий қирғин жангги бўлди. Жангчи бўлмаган эркагу аёллар, қариялар, болалар ҳам қилич ва камон ўқлари билан қириб ташланди.
Мўғуллар масжидларни вайрон этишди. Ижтимоий аҳамиятга молик иншоотлардан тортиб, аҳолининг уйларигача харобага айланди. Ўзлари саводсиз бўлган мўғуллар ўрта асрнинг энг катта кутубхонасини кулга айлантиришди. Бебаҳо қўлёзмалар ёқиб ташланди. Тенги йўқ китобларни йиртиб, кўчаларга қараб отишди.
Уларнинг жоҳилона фикрларига кўра, китоб жангавор руҳни сўндирувчи ва соғлом ақлга ғов бўлувчи восита ҳисобланган.
Аббосийлар давлатининг халифаси Мустаъсим юз йиллар давомида қанча машаққатлар билан мусулмонлар томонидан барпо қилинган шаҳарнинг вайрон бўлишини ўз кўзлари билан кузатиб туришдан ўзга чора топа олмади. Бағдод қўлагандан сўнг ўн кун ўтиб уни қатл этишди. Оила аъзолари ҳам ўлдирилади. Шу билан гуллаб-яшнаган Аббосийлар давлатига, араб-мусулмон тамаддунига, ер юзига алгебра, кимё, тиббиёт ва юзлаб бошқа соҳаларни берган буюк даврга якун ясалади.
Аксар тарихчи олимларнинг фикрича, бу воқеа Ислом оламининг йўналишини тубдан ўзгартириб юборди. Баъзиларнинг айтишича, мўғулларнинг бу зарбасидан Ислом олами ҳали ўзига кела олгани йўқ.
Айнан ўша даврлардан бошлаб Европада ўсиш бошланди. Ғарбнинг Ислом устидан расмий ғалабаси Версал шартномаси ва Сайкс-Пико битимида ўз аксини топди. Ўтмишда Биринчи жаҳон уруши номи билан аталувчи қонли воқеа мўғуллардан сўнг иккинчи марта халифаликка нуқта қўйилиши бўлди.
Бугун мусулмонлар ўз тарихларини яхшилаб ўрганишлари керак. Ундан тўғри хулосалар чиқариб,  буларни бошқа мусулмонларга ҳам етказишлари керак.
Аввало, сўзни ёмон кучлар доим бизга ҳалал беришади, агар ҳорижликлар аралашмаса келажагимиз парлоқ бўлади, деган сўзлардан бошланмаслиги керак. Муаммо жиддий ва унинг ечими янада мураккабдир. Биз буни тушуниб етишимиз керак. Нега қудрати жиҳатидан АҚШга тенг бўлган ўрта асрлардаги буюк бир давлат ёввоий, жоҳил, нодон қўшин ва мажусийлар томонидан вайрон этилди?
Маълумки, мўғуллар ғалабаси ва бунинг оқибатида Бағдоднинг қулаши салтанатнинг заифлигидан эмас эди, балки мусулмон дунёси ичкарисининг ўзида қандайдир оғир дард каби иллат борлигидандир.
1991 йил,  Ҳаж мавсумида, Минода бутун олам ҳожилари шарафига уюштирилган зиёфатида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари (роҳимаҳуллоҳ): "...Биз ҳозирги кунда сафларимизни бирлаштиришга жуда-жуда муҳтожмиз. Чунки динимиз душманлари ҳамма тарафдан ҳужум қилиш учун фурсат пойлаб турибди. Агар мусулмонлар бирлашсалар, ҳеч қачон енгилмасликларини улар Ислом тарихидан биладилар. "Бадр" жангидан то шу кунгача қадар мусулмонлар фақат ўз ичларидаги ихтилофлари туфайлигина мағлуб бўлишди...", деган эдилар.
Бугун кўпчилик XVIII – XX асрдаги зарбалардан сўнг Ислом яна оёққа турмоқда, деб ёзишмоқда. Тойнби  каби классиклар ҳаммани ажаблантирган ҳолда, Гегел томонидан "Исломнинг жанозаси" деб айтилган фикр ҳали эрта айтилганини айтиб, "Тарихий ёндашув"да Ислом тамаддуни нафақат тетиклашаётгани, балки ўтган тарихий ҳаётида ўз ўрнини топганлигини... тан олган. Унинг имкониятлари шучалик кенг эканки, у нафақат асрлар давомида сақланиб қолди, балки йўқ жойдан, мағлуб бўлиб, йўқ бўлиб кетиш нуқтасидан икки марта қайта туғилди.
Агар биз муаммоларимизни ташқаридан эмас, балки ўз ичимизда эканини тушуниб етмас эканмиз истиқболда Ислом дунёси ўзининг бутун гўзаллиги билан қайта туғилиши мумкинлигига умид қилмасак ҳам бўлади.
Глобал ватанпарварлик бузғунчилик ёки ҳозирги кундагидек вайрон қилгувчи куч эмас, балки инсоният ривожига ўз ҳиссамизни қўшишда эканини тушунишимиз эртанги кунни ҳис қилишимизга имкон беради, Инша Аллоҳ.

Бағдоднинг қулаши

Нафақат Ислом тарихида, балки жаҳон тарихидаги муҳим ҳодисалардан бири бу Бағдоднинг қулаши ва Аббосийлар сулоласи ҳукмронлигининг тугашидир. Буларнинг барчаси сиёсий харитада бутун дунёга ҳукмронлик қилишга даъвогар бўлган янги кучнинг вужудга келиши натижасидир. Бу даҳшатли кучнинг пайдо бўлиши бутун дунёга қўрқинчли оқибатлар келтириб чиқарди, хусусан, ислом мамлакатлари учун. Ҳижрий еттинчи асрда пайдо бўлган ушбу куч мўғуллар давлати эди. Бу давлатнинг ҳукмронлиги даврида мудхиш қонли қирғинлар билан Ерда кўплаб ўзгаришлар юз берди.
Мўғуллар ўз истило юришларини барча йўналишлар бўйича олиб борган бўлсаларда, уларнинг асосий мақсадларидан бири Аббосийлар халифалиги ва унинг пойтахти Бағдод эди. Мўғуллар халифаликка қарши уруш учун стратегик режалар тузишган ва пухта тайёргарлик кўришган. Кейинчалик ушбу тузилган режалар мўғуллар томонидан амалга оширилади ва натижада Бағдод қўлга киритилиши билан якунланади, бунда даҳшатли вайронгарчиликлар қилинади ва жуда кўплаб инсонлар қурбон бўлди. Шу кунга қадар бундай шафқатсизлик ва ҳадсизликка тарих ҳали гувоҳ бўлмаган эди.

Бағдодга йўл

1253 йилда мўғул ҳукмдори Мунка Аббосийлар халифалигини эгаллашга ва қўшни ҳудудларда қарам давлатлар барпо этишга қарор қилади. Мўғулларнинг Бағдод юриши тайёргарлиги учун бутун бошли 5 йил ўтади. Шу йиллар мобайнида Хитойдан Бағдодгача бўлган ўтказувчи йўллар шу даражага етказилгандики, мўғул қўшинлари улардан ҳеч қандай тўсиқларсиз ҳаракат қилиш имконига эга бўлгандилар. Шунингдек, оғир қурол – аслаҳаларни ташиш учун кўп юк кўтарадиган аравалар тайёрланганди. Мўғул қўшинлари ҳаракат қиладиган йўл яқинидаги барча яйловлар Бағдод сари юрадиган мўғул қўшинининг отлари учун маҳаллий аҳолининг чорваларидан бўшатилганди. Қўшин йўлидаги барча стратегик нуқталар – Хитойдан то Ироққача – мўғуллар томонидан алоҳида назоратга олинганди, бундан мақсад асосий қўшиннинг хавфсиз ҳаракатини таъминлаш эди.
Хусусан, Хулагу учун Ироқ ва Бағдоднинг барча ҳудудларидан тўлиқ маълумотлар етказилганди. Мўғуллар Бағдод ва бутун халифаликнинг мудофаа иншоотлари, қўшини сони, унинг тайёргарлик даражаси ва умумий иқтисодий ҳолати ҳақида тегишлича тўлиқ маълумотга эга эдилар. Шунингдек, Аббосийлар халифалиги ҳудудида содир бўлаётган воқеа – ҳодисаларга у ёки бу тарзда таъсир этиш имкониятига эга бўлган инсонлар рўйхати ҳам тузилганди. Ушбу маҳфий маълумотларнинг ҳаммаси ислом оламининг барча шаҳарларида фаолият олиб борган кўп сонли мўғул айғоқчилари туфайли олинганди. Уларнинг бир қанчаси халифаликнинг юқори мартабали давлат хизматчилари, ҳаттоки мусулмон давлатининг баъзи вилоят ва шаҳарларининг ҳукмдорлари билан яқин алоқада бўлишган.
Бундан ташқари, мўғуллар Бағдод юриши тайёргарлиги вақтида келгуси урушда ҳарбий ва информацион ёрдам кўрсатиш бўйича насроний Арманистон, Антиохия французлари ва ушбу ҳудудга таъсир эта оладиган бошқа кучлар билан иттифоқлик шартномаларини тузишган.
Шунингдек, кўпчилик ислом ҳукмдорлари билан уларни мўғуллар томонидан тўлиқ ҳимоя қилинишини тан олиш ва Хулагуга пассив ёрдам кўрсатиш юзасидан келишувларга эришилган. Ва ҳудди шу мўғуллар Аббосийлар халифалигига қарши кенг кўламли ҳарбий ҳаракатларни бошлаганда амалга ошади. Афсуски, ушбу ҳукмдорларнинг кўпчилиги буюк Салоҳиддин Аюбийнинг авлодидан эди.
Айғоқчиларнинг ушбу барча маълумотларини ўрганган Хулагу Аббосийлар қўшинининг кучсизлигига, унинг Бағдод ва халифаликнинг бошқа ҳудудларини ҳимоя қила олмаслигига асосли равишда кўзи етади, чунки унга халифа Мустаъсим ва унинг имкониятлари ҳақида, у аслида нимага қодир ва унинг қандай заиф томонлари борлиги тўғрисида тўлиқ хабар берилганди. 
Шундай қилиб, ҳижрий 654 йилда барча тайёргарлик ишлари ўз якунига етади, Аббосийлар халифалигига ҳужум учун барча керакли чоралар кўрилади. Миқдори жиҳатида жуда буюк бўлган қўшин тўпланади, бу Чингизхон мўғул давлатини ташкил этгандан бери тенги бўлмаган қўшин эди. Фақатгина Бағдоднинг қамали учун икки юз минг кишидан ортиқ қўшин тайёрланганди. Бундан ташқари, Ироқ йўлидаги мўғул армиясининг асосий кучларининг ҳавфсизлигини таъминлаш ва уларга қурол-аслаҳа етказиб бериш вазифаси юклатилган қўшиндан ташқари, Ироқнинг шимолида жуда кўплаб мўғул отрядлари жойлаштирилганди.
Мўғул қўшинининг жанговар тартиби қуйидагича тузилган эди:
- Ироқнинг шарқидаги Форс ва Озарбайжонда жойлаштирилган мўғуллар армиясининг асосий кучлари;
- Русни забт қилган мўғул саркардаси Бату қўмондонлигидаги Россияда Волга дарёси бўйида жойлаштирилган мўғул қўшинлари гуруҳи;
Хулагу бу қисмни жангда биргаликда ҳаракат қилиши учун Россиядан чақириб олади. Лекин Бату Хулагунинг қароргоҳига ўзи келмайди, ўзининг ўрнига уч нафар жияни бошчилигидаги қўшинини жўнатади. Ўша пайтларда Бату ўз назорати остидаги Волга дарёси ҳавзасида мустақил “Олтин Ўрда” давлатини ташкил этган эди. Бошқарувдаги муайян мустақиллиги ва давлат ишини юритишига қарамасдан, “Олтин Ўрда”нинг ҳукмдори бевосита олий хон Мункага бевосита бўйсунар эди.
- Туркиянинг шимоли Анадолида жойлашган, Европага йўлланган мўғул қўшинининг қисми;
Хулагу мўғул қўшинининг бу гуруҳини ҳам Бағдодга кетаётган қўшинга келиб қўшилишини талаб қилади. Байжо бошчилигидаги бу қўшин Туркия ва Ироқнинг барча ҳудудини Анадолидан Бағдодгача бўлган йўлни босиб ўтиб, асосий кучларга Ироқда қўшиладилар ва йўл давомида ҳеч қандай тўсиққа дуч келмайдилар. Афсуски, бу ҳудудларнинг мусулмон ҳукмдорлари мўғул қўшини уларнинг ерларидан бемалол ўтишлари учун очиқ коридор яратиб беришди, шу сабабли ҳам мўғуллар ҳеч қандай тўсиқсиз Анадоли, Мўсул, Халаб ва Хомс ҳудудларини босиб ўтишди.
- Армани Хетум шоҳи бошчилигидаги арман қўшинлари;
Хулагу ўзининг дўсти – арман шоҳидан – баъзи кучларни унга кўмак учун жўнатишини сўрайди, лекин Хетум етарлича йирик қўшин гуруҳи билан шахсан ўзи етиб келади. Шунингдек, Хулагу ўз измига камондан оловли ўқ отиш бўйича катта тажрибага эга бўлган минг нафар хитой ўқчиларини ҳам олади.
Қўшинига бошлиқ қилиб Хулагу ўзининг энг яхши саркардаси Кит Буға Найман тайинлайди. Тажриба ва юқори саркардалик сифатларидан ташқари Кит Буға насроний эди, бу эса унга мўғул қўшини таркибида бўлган ўз шоҳи бошчилигидаги арман, Антиохиялик французлар ва Хоразмшоҳлар томонидан бир неча ўн йил олдин вайрон қилинган Тбилиси учун ўч олишни хоҳлаган грузинлардан иборат насронийлар билан биргаликда эркин ҳаракат қилиш имконини берди. Ушбу кўп сонли қўшинга мўғуллар тарихидаги энг тажрибали қўмондонлар бошчилик қилишган: Хулагу, Кит Буға ва Байжо.
Хулагу, шунингдек, Антакиянинг ҳукмдори Боймунд VI га ҳам ҳарбий ёрдам сўраб хат йўллайди. Лекин у кела олмайди, чунки мўғуллар билан учрашиши учун у бутун Шом ҳудудини босиб ўтиши керак эди. Шунга қарамасдан унинг қўшини тўлиқ ҳарбий тайёргарликда турган ва Бағдод қулаганидан кейин, Шомни қўлга олишда ва Халаб қамалида фаол иштирок этган.
Боймонд Бағдод юришида қатнаша олмаган бўлсада, Дамашқ ҳукмдори Носир Юсуф ўзининг ўғлини, Мўсул ҳукмдори Бадруддин Луълуъ эса – Хулагу қўшини билан бирга мусулмон халифалиги пойтахтига бўлган урушда иштирок этиши учун ҳарбий отряд жўнатган. 
Бу гуруҳларнинг сони камлигига қарамасдан, уларнинг иштироки катта аҳамият касб этган. Қўшинда мусулмонларга қарши урушда улар билан биргаликда ҳаракат қилувчи мўғул мусулмонларнинг мавжудлиги, ҳуддики ироқликлар мўғуллар билан иттифоқликда “Ироқни озод қилиш” учун ҳарбий юришларда иштирок этаётгандай англашиларди. Аслида эса ушбу ҳукмдорлар ўз тахтини, қайсидир миқдордаги дирхамларини ёки шунчаки ҳаётини сақлаб қолиш учун сотқинлик қилганди.
Ўз таркибига юқорида санаб ўтилган барча отрядлар ва ҳарбий бирикмаларни олган йирик мўғул қўшини Форсдан Ироқ томонга ўз юришини бошлади. Шундай қилиб, Хулагу уруш йўлидаги дастлабки қадамини ташлади ва ўз қўшини олдига биринчи тактик вазифаларни қўйди.
Ҳарбий ҳаракатлар театрини ўрганиб чиққач, Хулагу Форснинг ғарбидаги тоғли ҳудудларда ва Ироқнинг шарқида жойлашган исмоилий – шиялар мўғул армияси ҳаракатига муайян хавф туғдириши мумкин деган хулосага келади. Ўзининг ҳарбий маҳорати билан машҳур бўлган исмоилий мустаҳкам қалъаларга эга эди, келишувларга амал қилишмасди ва кафолатларни бажаришмасди. Ўша пайтда исмоилийлар ва Аббосийлар халифалиги ўртасида кескин зиддиятлар мавжуд эди. Бундан ташқари, исмоилийлар бундан аввал Хоразмшохларга қарши курашда мўғулларга ўз кўмагини таклиф қилишганди ва улар кучли тарафнинг ёнини эгаллайдиган иккиюзламачилар эди.  
Буларнинг барчасига қарамасдан, исмоилийларнинг тажрибали яхши қуролланган армиясини орқасида қолдириб мўғуллар ўзларини бутунлай хавфсизликда ҳис қила олмас эди. Чунки исмоилийлар мўғул қўшинининг олға бориши учун жиддий тўсиқ бўлиши мумкин эди. Бундан ташқари мўғуллар ва исмоилийлар ўртасида ўттиз йиллик қонли ўч бор эди. Чингизхоннинг Форсга юриши вақтида исмоилийлар томонидан унинг ўғилларидан бири Чиғатой ўлдирилганди. Мўғуллар, албатта бу ҳақида унутгани йўқ эди, чунки гап мўғул давлатининг асосчиси буюк Чингизхоннинг ўғли ҳақида борарди. Шунингдек, мўғулларнинг барча саркарда ва ҳукмдорлари Чингизхон авлодидан бўлган, шунга кўра унинг ўғли учун ўч олишни уларнинг ҳар бири ўзининг шахсий иши, шараф масаласи деб биларди. Шу билан бирга, бу йўналишдаги ҳарбий юришларда мўғул қўшинлари таркибида Чиғатойнинг ўғли иштирок этарди, унинг мақсади отасининг қотиларидан ўзи ўч олиши эди.
Буларнинг барчасини ҳисобга олган ҳолда ва исмоилийларни Ер юзидан қириб ташлаш ҳақидаги Буюк Хон Мунканинг буйруғини бажариш мақсадида, Хулагу улар билан масалани тамомила ҳал қилишга қарор қилади. 
Кўп сонли мўғул қўшини эронлик исмоилийларнинг пойтахти забт этилмас Аламутга (Хассан Саббоҳнинг қасри – 2163 метр биландликдаги тоғ қалъаси, Эрон Казвинининг остонасида, Теҳрондан тахминан 100 километр узоқликда жойлашган) қараб ҳаракатланишади. Кўп давом этмаган қамалдан кейин 1256 йилда қалъа мўғуллар томонидан жангсиз қўлга киритилади.
Мўғулларнинг енгиб бўлмас қўшинини кўрган исмоилийларнинг имоми Рухниддин Хуршох Хулагу билан шахсан учрашиш истагини билдиради. Қимматбаҳо вақтни тежаш мақсадида Хулагу у билан учрашувга рози бўлади, чунки исмоилийлар билан бўладиган бу кураш асосий мақсад – Бағдод йўлидаги бир тин олиш эди. Хулагу билан учрашувдан сўнг, уларга бўлган тўлиқ итоатини баён қилган шиаларнинг имоми Хуршох ғолибларнинг марҳаматига умид қилган ҳолда, мўғулларга ўз қароргоҳи - Маймундизонинг дарвозаларини очиб беради.
Шунингдек, у Хулагунинг талабига мувофиқ ўз давлатининг барча бурчакларига таслим қарори билан чопар жўнатади. 40 га яқин қалъа бошлиқлари унинг иродасини бажаришади ва мўғулларга таслим бўлишади. Лекин Аламут гарнизони бошлиғи таслим бўлишни истамайди ва бир қанча муддат қаршилик кўрсатади. Бироқ, енгилмас деб саналган Аламут қалъаси ҳам таслим бўлади, қалъа ҳимоячилари ва аҳолиси ўлдирилади, қалъанинг ўзи эса яксон қилиб ташланади. 
Шундан сўнг Хуршоҳ буюк хон Мунка билан учрашиш истагини билдиради ва Хулагу унинг илтимосини бажаради. Мўғул аскарлари кузатуви остида Хуршоҳ мўғул давлати пойтахтига боради, лекин Мунка Хуршоҳни олий хон билан учрашишга нолойиқ деб санаб, ҳузурига қабул қилмайди. Ундан кейин эса уни қайтадан Форсга элтиб қўйиш буйруғи берилади. Қайтиш йўлида Хуршоҳ Мунканинг маҳфий буйруғига асосан унга йўлдошлик қилаётган мўғул аскарлари томонидан ўлдирилади.
Хуршоҳ ўлдирилгач, Хулагу энг разил ҳарбий ҳаракатлардан бирини бошлайди. Бағдодга кетаётган мўғул қўшинларига қўшилиш важи билан исмоилийларга бутун ҳарбий кучларини тўплаш таклиф қилинганди. Ҳеч қандай ёмон гумонга бормай исмоилийлар бутун вилоятлардан ўзларининг аскарларини йиғишади ва Хулагу қўшини билан бирлашишга тайёр эканликларини билдиришади, лекин мўғуллар сосонийларнинг хиёноткор “иттифоқдошларини” ўз сафларига олиш истаги йўқ эди. Кейин Хулаги исмоилийларни аслида нима мақсадда тўплаган бўлса, ўшани амалга оширади – қонли қирғин уюштирди. Мўғулларнинг қўлига тушган ҳамма ўлдирилади. Шундай қилиб, 1256 йилда (655 ҳижрий сана) исмоилийларнинг давлати тугатилади. Бағдод йўли барча тўсиқлардан тозаланганди. Мўғул қўшини хавфсиз ҳаракатланиши учун йўл очилганди.
Кўп сонли мўғул армияси Аббосийлар халифалигининг пойтахтига ҳужумини бошлайди. Хулагунинг кенг кўламли яқин Шарқ юриши ўзининг кульминацион нуқтасига яқинлашаётганди. Бу ислом олами пойтахтининг йиқилишига бир неча кунлар қолганидан дарак берарди.
Мўғуллар тарихидаги энг йирик уруш бошланишидан олдин, Хулагу мўғуллар тарихидаги энг муҳим ҳарбий кенгашни чақиради. Айнан мана шу кенгашда ислом халифалигининг пойтахти Бағдодга юриш қилишни бошлашга қарор қилинганди.
Хулагу кутилмаганда нимадир содир бўлишидан хавфда эди, айниқса мўғулларга қўшилган мусулмон ҳарбий отрядлари томонидан. Шу сабабли уларнинг ортидан алоҳида кузатув ўрнатилганди. Афсуски, Хулагу мусулмон отрядлари саркардаларидан бекорга шубҳаланаётганди, зеро уларнинг ҳеч бирида унга хиёнат қилиш фикри йўқ эди. Аксинча, уларнинг бари мўғуллар билан биргаликда Бағдодга бостириб бораётганди.
Юришдан олдинги охирги ҳарбий кенгашни мўғуллар Бағдоддан тахминан 450 километр узоқликдаги форснинг Хамадан шаҳрида ўтказишади. Мана шу кенгашда Хулагу мўғул қўшинини учга бўлиш истагини баён қилади:
- мўғул қўшинининг асосий қисми бўлган биринчи армияга Хулагунинг ўзи бошчилик қилади. Бу армияга, шунингдек, Олтин Ўрданинг ҳукмдори Хон Бату томонидан йўлланган аскарлар ва Арманистондан келган отрядлар қўшилиши керак эди. Биринчи армиянинг вазифаси Форснинг ғарбидаги тоғли ҳудудларни Керманшах шаҳри орқали босиб ўтиб, Бағдодга ўз вақтида етиб бориш ва шаҳарни шарқий тарафдан қамал қилиш эди;
- мўғул қўшинининг чап қаноти бўлган иккинчи армияга Хулагунинг энг яхши саркардаси Кит Буға қўмондонлик қилган. Бу армия ҳам мустақил равишда, мўғул қўшинининг бошқа қисмларидан ажралган ҳолда Бағдодга отланиши лозим эди. Қўшинни уч қисмга бўлишдан мақсад, мусулмон айғоқчилари мўғул қўшинининг аниқ сонини билиб олмасликлари учун, уларни чалғитишдан иборат эди. Бундан ташқари, Бағдод йўли бирваракайига кўп сонли мўғул аскарларини ўтказиш лаёқатига эга эмас эди. Иккинчи армиянинг олдида турган вазифа Бағдодга жанубдан кириб бориш, шаҳарни жануб ва жануби – шарқдан қамал қилиш эди.
Бағдодга ҳали 450 километрга яқин масофа қолганлигига қарамасдан, Хулагу ўзининг йирик қўшинини аббосийларнинг айғоқчиларидан яширишга ҳаракат қиларди. Лекин Аббосийлар ва уларнинг айғоқчилари мўғулларнинг қўшинини Бағдодга бир неча километр масофа қолганда аниқлашади;
- учинчи армия эса Европага жўнатилган қисмдан ташкил топган бўлиб, Анадолида турарди (Туркиянинг шимоли). Машҳур мўғул саркардаси Байжо бошчилигидаги бу армия Бағдодга шимолдан кириб бориши ва шаҳарни шимолдан қамал қилиб, Бағдод атрофидаги доирани тўлдириши керак эди.
Лекин бу армия олдида анчагина қийин муаммолар турарди. Биринчидан, у белгиланган жойга бошқа мўғул қўшинлари билан бир пайтда етиб бориши лозим эди, лекин у пайтларда от ва шу кабилардан бошқа ҳаракат ва алоқа воситалари бўлмаган. Агар учинчи армия Хулагудан олдинроқ етиб борса, у аббосийларнинг қўшини билан учрашиб қолиши мумкин эди. Кечикса эса, Хулагу шундай ҳолга тушиб қолиши мумкин эди. Лекин Байжонинг аниқ ҳисоб – китоби ва тажрибасига асосан, учинчи армия белгиланган ерга вақтида етиб келади. Иккинчидан, учинчи армия Бағдодга бориши учун жуда кўп масофани босиб ўтиши керак эди: 500 километр Туркия ҳудудидан, кейин эса яна 500 километр Ироқ ҳудудидан. Бу ҳудудларнинг барчаси эса мусулмонларга қарашли эди. Яъни Бағдодга етиб олиш учун бу армия ислом ерларидан 1000 километрлик масофани босиб ўтиши лозим эди, бу эса муайян ҳавфни юзага келтирарди.
Лекин ушбу йўл мўғулларга ҳеч қандай хатар туғдирмади. 95 фоиз ушбу “хавфли” йўлни Байжо ўз армияси билан Аббосийларга сезилмас тарзда ўтади ва Бағдодга 50 километр қолганда уларни саросимага солиб қўяди. Аббоосийлар ҳудди Байжо каби Хулагуни ҳам Бағдодга бир кунлик йўл қолганида пайқашади.
Мўғуллар назорати остидаги тоғли ҳудудлар бўйича ҳаракат қилган Хулагу армиясини пайқаш мушкуллигини тушуниш мумкин, лекин Бағдодга шу қадар яқинлашган Байжо қўшинларини қандай қилиб илғамаслик мумкин?
Байжонинг мусулмон ерларидан бу қадар шиддат билан ўтганлиги фалокатлар ўзи аслида содир бўлиб бўлганлигидан далолат беради. Биринчидан, бу ушбу ҳуддуларда Аббосийларнинг айғоқчилари бутунлай йўқлиги, шунингдек, Аббосийлар қўшини урушни олиб бориш ҳақида тасаввурга эга эмаслиги, уларни бошқариш бўйича ҳеч бўлмаганда минимал ҳарбий стратегик маҳорат етишмаслигига боғлиқ эди. Иккинчидан, бунда Анадоли ва Мўсулнинг мусулмон ҳукмдорларининг сотқинлиги (бошқача айтганда давлат хиёнати) кичкина рол ўйнамади. Бу сотқинлик мўғул қўшинига Бағдодга борувчи йўлнинг барча эшикларини очиб берди. Шу сабабли ҳам улар бу ердан ҳудди сайрда юргандек, йўлида ҳеч қандай тўсиққа учрамасдан бемалол ўтишди.
Байжо ўзининг одатига зид равишда, эътибор жалб қилмаслик учун ўша ҳудудларнинг маҳаллий аҳолиси билан жангга киришмади, улар эса, ўз навбатида зарар етиб қолишидан қўрқиб, ўзларини мўғул армиясидан четда тутишди. Шунингдек Байжонинг қасос олишидан қўрқиб, ҳеч ким унинг ҳаракати ҳақида Аббосийларга хабар бермади.
Бу Анадоли ҳукмдори Кайковус II ва Қилич Арслан IV ларнинг бутун ислом уммати олдидаги катта сотқинлиги эди. Лекин Мўсул ҳукумдори Бадриддин Луълуънинг хиёнати ўз ҳолича унданда буюкроқ эди. Бадриддин мўғулларнинг ҳаракати учун эркин коридор яратиб бериш билан чекланиб қолмади, балки мусулмон халифалиги ҳукмидан “Ироқни озод қилиш” важи билан улар билан бирга отряд юборди. Шуни таъкидлаш жоизки, ўша пайтда Бадриддин Луълуъ саксон ёшдан ошган эди, баъзи маълумотларга кўра эса, юз ёшда эди, ўзининг кекса ёшига қарамасдан, бу инсон шундай қабиҳ сотқинликка йўл қўяди. Яна шуни айтиш лозимки, у шу воқеалардан бир неча ой ўтиб вафот этади.

Бу орада Бағдодда...

Айтиш мумкинки, ўша даврларда Бағдод дунёдаги энг мустаҳкам шаҳар эди, унинг деворлари эса забт этиш энг мушкул бўлгани эди. Бунинг ҳеч ҳам ажабланарли жойи йўқ, чунки Бағдод беш асрдан кўпроқ вақт мобайнида мусулмон халифалигининг пойтахти бўлган ва унинг деворлари мустаҳкамлиги учун йирик миқдорда сармоя ва инсон меҳнати сарфланган. Дажла дарёси бўйидаги буюк Бағдод ҳақли равишда марказ, бутун ислом оламидаги шаҳарларнинг Онаси бўлган. Макка мусулмонлар учун муқаддас зиёратгоҳ бўлиб қолаверган, лекин у сиёсий ёки савдо маркази бўлиши учун асосий аҳоли зич жойлашган марказлардан жуда ҳам ажратилган эди. Ислом вужудга келганидан бор – йўғи юз йил ўтиб араб дунёси Аббосийлар сулоласининг ҳукмронлиги остига ўтган, улар бутун мусулмон ерларининг расмий ҳукмдори, халифаси саналган. 762 йилда иккинчи Аббосий халифа томонидан Бағдодга асос солинганди. Лекин бундай ажойиб ва забт этиб бўлмас қўрғонларнинг ўзи етарли эмас эди, уларни ҳимоя қилиш учун ҳақиқий эркаклар зарур эди. Афсуски, ана шундай эркаклар ўша даврда Бағдодда кам эканлиги маълум бўлди.

Халифа Мустаъсим Биллоҳ Бағдоднинг охирги кунларида

Ўша пайтларда ҳақиқий эркак – жангчилари жуда кам қолган ушбу мустаҳкам шаҳарнинг ва бутун мусулмон халифалигининг ҳукмдори, Аббосийлар сулолосининг ўттиз еттинчи ва охирги Бағдодлик халифаси Мустаъсим Биллоҳ бўлган. У нафақат ислом оламининг энг қудратли дунёвий ҳукмдори, балки ер юзидаги барча мусулмонларнинг олий даражадаги маънавий раҳномаси ҳам бўлган.
“Тарих ал-хулафаъ” (муаллифи Жалолиддин Суютий) ва “Ал-Бидоя ва ан-ниҳоя” (муаллиф ибн Касир) каби биографияга оид китобларда халифа Мустаъсим Биллоҳга мақтовга сазовор инсон ва адолатли ҳукмдор сифатида таъриф берилади.
Ҳақиқатда ҳам у яхши инсон бўлган, лекин ҳеч бир мусулмон ҳукмдори йўл қўйиши мумкин бўлмаган хатога йўл қўйган. У ўз қўлидан бошқарув жиловини қўйиб юборган ва бу билан йирик мусулмон ҳалифлиги устидан назоратни йўқотиб қўйган. Натижада, энг керакли вақтда энг ҳавфли душманга қарши ислом умматини бирлаштира олмаган.
Умматни қутқариш учун халифага ҳафсала билан диннинг барча расм – русумларини бажариш, фақир ва ночорларга ғамхўрлик қилиш ва ҳоказолар етарли бўлмаган, бундан ташқари, у давлат ва армияни заифлаштирганларга қарши ҳам курашиши лозим эди. Афсуски, бу имконият қўлдан бой берилганди. У бутун ислом олами Бағдоддан то Шимолий Африкадаги Мағрибгача ҳудди битта одамдай ўз халифалигини ҳимоя қилиш учун кўтарилади ва ғайридинларга Бағдодни эгаллашига йўл қўйиб бермайди, деган янглиш тахминда эди. На Аллоҳ, на эътиқодли мусулмонлар Бағдоднинг кофирлар қўлига ўтишига изн бермайди, ахир.

Бағдоднинг сўнгги кунларида давлат идораларининг ҳолати

Давлат девони ҳам ҳудди армия сингари хаста ва кучсиз эди. Ҳукмрон аслзодалар у ёки бу вазир ёки амирнинг шарпаларини намоён қиларди холос, уларнинг шахсий бойлигини ошириш, ҳокимиятини кенгайтириш ва ўз таъсирини оммалаштиришдан бошқа мақсадлари бўлмаган. Уларни давлат ривожи ҳеч ҳам ташвишга солмаган, чунки улар ўз манфаатлари билан машғул эдилар ва бир парча ер, уй, лавозим, ҳаттоки оддий бир асира канизак учун ҳам бир – бирларини ғажишга тайёр эдилар.
Бу нафсиз, аҳлоқсиз амалдорлар бошида – хоин, уммат душманлари билан тил бириктириб, ўз мамлакати ва фуқароларини сотган бош вазир турган. Бу вазир ва амирлардан иборат бошқарув девони, ҳойнаҳой, давлат душманига қарши эмас, балки мусулмонлар боши узра кўтарилган қилич эди, чунки улар халққа шунчалик ёмон муносабатда эдиларки, ҳаттоки энг қаҳри қаттиқ хўжайин ҳам ўз қулларига бунчалик аянчли муомала қилмайди.

Бағдоднинг сўнгги кунларида аҳолининг аҳволи

Кўриниб турибдики, ўша кунларда халқнинг – Бағдод ва бутун мусулмон давлати аҳолисининг – аҳволи ҳавас қилар даражада эмас эди. Лекин Бағдод аҳолисига халифа томонидан жабр – ситам кўрсатилмасада, ҳукмдор синф уларга такаллуф кўрсатиб ўтирмасди.
Ўша пайтдаги Бағдод аҳолисининг сони, шаҳар атрофида жойлашган қишлоқларда яшовчиларни ҳисобга олмаганда, уч миллион кишидан ошиқ эди ва Бағдод ҳақли равишда бутун дунё бўйича аҳоли сонига кўра энг катта шаҳар ҳисобланарди. Бағдод аҳолиси ҳашаматда яшар ва қулайликларга, тинчлик ва ҳотиржамликка ўрганиб қолган эди, чунки улар улкан мусулмон халифалигининг пойтахтида истиқомат қилганлари боис, деярли ҳеч қандай алоҳида муаммоларга дуч келишмасди.
Шаҳарда ва бутун мамлакатда юзага келган ҳолат уларнинг ҳеч бирини ташвишга солмасди. Динни ушлаганлар фақат назарий билимларни эгаллаш, масжиддаги жамоат намозларида иштирок этиш, Қуръонни ўқиш билан чегараланиб қолишган ва бундан ташқари уларнинг Аллоҳ таоло ва ўзи яшаётган жамият олдида ҳам мажбуриятлари бор эканлигини унутиб қўйишган. Дин йўлини тутмаганлар эса, булар Бағдод аҳолисининг кўпчилигини ташкил этарди, ўз нафси, айш – ишрати ва ҳузур – ҳаловати учун яшарди: турли – туман таомларни истеъмол қилишар, чиройли кийимларни кийишар, қўл остида жуда кўплаб хизматкорларни ушлаб туришар, катта қасрларда яшар, гўзал боғларда дам олишарди.
Қуръон ўқувчилардан узоқлашган Бағдод аҳолиси таъқиқланган мусиқа ва ашулаларни эшитишар, май ичишар, ўзганинг мулкини ўғирлашар, Аллоҳ таолонинг заиф қулларини тахқирлашарди. Бундан ташқари, улар қирқ йил мобайнида Туркистон, Хуросон, Форс, Озарбойжон ва бошқа мусулмон олами диёрларидаги мусулмон – биродарлари бошига мўғуллар босқини сабабли тушган кулфатларга аҳамият бермаган ҳолда яшаган. Бағдодда бундан ҳамманинг хабари бор эди, лекин ҳеч ким ўз биродарларига ёрдам беришга ҳаттоки уриниб ҳам кўрмаган.
Улар қўшнисининг уйи ёнаётганда, ёғоч деворга ишониб, олов унинг уйига ўтиб кетмаслигига умид қилиб ўтирган кишига ўхшарди. Буларнинг баридан келиб чиқиб, айтиш мумкинки, Бағдод аҳолиси айнан мана шундай ҳокимлар ва вазирларга лойиқ эди, мўғуллар босқини эса уларга Аллоҳ таолонинг жазосидай (қаҳри) кўринишга эга эди.
Жазо ўзини кўп куттирмади, мусулмон – биродарларининг фалокатларига лоқайдлик учун товон тўлаш вақти етиб келганди. Мусулмон отрядлари қўшилган кўп сонли мўғуллар армияси Бағдод давозалари олдида турарди. Бунга қадар Бағдод ўзининг ҳаракатсизлиги билан мусулмонларга қарши ёпирилиб келган мўғулларга ёрдам берганди, энди эса ана шу мусулмонлар шаҳар деворлари остида мўғулларга кўмаклашаётганди. Бир бўлак нондан бошқа нарсанинг ташвишини қилмаган халқ, бундан бошқасига лойиқ ҳам эмасди. Ахир бундай гап борку: кулфат келса – дарвозангни очиб қўй...
Бу мусулмон уммати учун Аллоҳ таолонинг улкан бир синови эди. Ривоятлардан бирида келтирилишича, мўғулларнинг раҳбари Хулагунинг қизи Бағдодни айланиб юрганида одамларни бир киши атрофида тўпланиб турганига кўзи тушади. Ўша одамнинг мусулмон олимлардан бири эканлигини билиб, уни ҳузурига чақиртиради.
- Сизлар Аллоҳнинг борлигига ишонасизлар, шундай эмасми?,– деди.
– Ҳа. – деб жавоб берди олим.
– Аллоҳ зафарни хоҳлаган бандасига беришига ишонасизлар-а?!
– Ҳа.
– Аллоҳ сизларнинг устингиздан бизнинг ғалаба қозонишимизни хоҳламади-ми!
– Тўғри.
– Бу, Аллоҳнинг сизлардан кўра бизни кўпроқ яхши кўришини ифодаламайдими?
– Йўқ.
– Нега?
– Қўй боқадиган чўпонни биласизми?
– Ҳа.
– Унинг суруви билан бирга ити ҳам бўлади, тўғрими?
– Ҳа.
– Сурувдаги қўйлардан баъзилари итоат этмай қочиб кетса, чўпон нима қилади?
– Итини ишга солади.
– Ит уларнинг орқасидан қачонгача юради?
– Сурувга қайта қўшилгунларича.
– Эй мўғуллар, сизлар Аллоҳнинг Еридаги итларисиз! Биз мадомики Аллоҳнинг итоати ва ҳаёт манҳажидан узоқлашар эканмиз, унга қайта қайтмагунимизча орқамиздан қувлаб юраверасизлар!

Ҳаммаси ҳудди шундай содир бўлди: мусулмонлар тез орада Аллоҳ таолога қайтишди – Айн-Жалутдаги жангда мўғуллар илк бора яксон қилинди.

Бағдод қамали

Бағдод ва бутун мусулмон олами заифлашиб, инқирозни бошидан ўтказаётган бир пайтда, шаҳарнинг шарқий деворлари олдида тўсатдан мўғуллар йўлбошчиси Хулагунинг армияси пайдо бўлди. Бу ҳижрий 656 йил Муҳаррам ойининг 12 санасида содир бўлди. Хулагу зудлик билан Бағдодни узоқ муддат қамал қилишга тайёргарликни бошлаб юборди. Ана шу вақтда шаҳарнинг чап тарафига етиб келган Кит Буға ўз армияси билан Бағдодни шимоли – шарқий тарафдан қамал қила бошлади.
Бағдод халифаси ва барча мусулмон ерларининг расмий ҳукмдори Мустаъсим Биллоҳ буларнинг баридан даҳшатга тушади... У дарҳол кенгаш чақиради, унга барча вазирлар, маслаҳатчилар ва, албатта, бош вазир, уммат хоини Муайядаддин Ибн Алқамий ҳам таклиф этилади. Йиғилганлар олдида битта масала турарди: бу фалокат билан нима қилиш, қандай қутилиш ва қаёққа қочиш мумкин?
Табиийки, Ибн Алқамий ва унинг атрофидагилар мўғуллар билан сулҳ тузишни ва улар билан дарҳол тинчлик музокараларини бошлашни қатъий таклиф этишди. Ибн Алқамий мўғулларнинг катта имкониятлари ва мусулмонларнинг уларга қарши туришга қодир эмаслиги ҳақида  гапириб, йиғилганларни бундай кучли душмандан шаҳарни ҳимоя қилиш бефойда эканлигига ишонтирди. Бир оз давом этган мунозаралардан сўнг, йиғилганлар тинчлик музокараларини бошлашга қарор қилишди. Тўғрироғи, сўзсиз таслим бўлиш учун музокаралар бошлаш...
Лекин кенгашнинг барча иштирокчилари ушбу қарорга рози эмас эди. Фақатгина икки киши мўғуллар билан сулҳ тузишга қарши фикр баён қилишди. Улар халифага шаҳарни ва мусулмонлар давлатини муҳофаза қилиш мажбуриятини кўрсатиб беришди. Мужоҳиддин Ойбек ва Сулаймоншоҳ йиғилганларни қаршилик кўрсатишга ундай бошлади, лекин улар кеч қолишганди. Жуда кўп вақт қўлдан бой берилганди ва жангга тайёргарлик кўриш учун энди фурсат йўқ эди. Энди буюк синовларга навбат келганди...
Таъкидлаш жоизки, Мужоҳиддин Ойбек илгари ҳам жиҳод ва урушга тайёргарлик кўриш масаласини кўтарганди, лекин унга ҳеч ким қулоқ солмаган, шу жумладан халифа Мустаъсим Биллоҳ ҳам. Лекин бу сафар халифа иккиланиб қолганди, унинг нафси Ибн  Алқамий билан рози эди, чунки унинг урушга хоҳиши йўқ эди. Лекин ақли Ойбек ҳақ эканлигини айтиб турарди, чунки мўғуллар тинчлик ниятида келишмаганди ва оддийгина сулҳга кўнишлари амри маҳол эди. Узоқ мулоҳаза юритиб, Бағдоднинг ҳукмдори Мужоҳиддин Ойбекнинг сўзларига қулоқ солишга ва мўғулларга қаршилик кўрсатишга қарор қилади. Лекин у бунда жуда ҳам қатъиятсиз эди, душманга қарши бу ҳолда уруш бошлаш деярли фойдасиз эди. Узоқ фикрлашлардан кейин халифа уруш бошлашга қарор қилади (тажриба учун). Буюк Аббосийлар сулоласининг ҳукмдорларидан бири бўлган халифа Мустаъсим Биллоҳ ҳаётида биринчи марта Аббосийлар давлати қўшинини ҳарбий мақсадларда қўллаш бўйича буйруқ беради.
Кейин эса Мужоҳид Ойбек қўмондонлигидаги аббосийлар қўшинининг нисбатан унча кўп бўлмаган отряди Хулагунинг йирик қўшини билан тўқнашувга чиқди. Ойбекнинг отряди шаҳардан чиқиб, Хулагу билан учрашувга тайёргарлик кўрган бир пайтда, шимолдан яна бир мўғул қўшинлари Бағдодга келаётгани ҳақида хабар келади. Бу Нўйон Байжонинг қўшини эди, у Туркия ва шимолий Ироқ ҳудудини босиб ўтиб, бу ерга Европадан етиб келганди. Дажла ва Фурот дарёлари ўртасидан ўтиб, Байжо сезилмас ҳолда Бағдодга эллик километрилик масофа қолгунча яқинлашади. Бу ҳабар Мужоҳиддин Ойбекка етиб борганида, у шаҳар ортида Бағдоднинг шимолида турар эди. Озгина мулоҳаза юритиб, у бундай хулосага келади: агарда Байжо Бағдод деворларига яқинлашса, у шаҳарни шимолдан ва ғарбдан қамал қилади ва бу билан у қамал доирасини бекитади, натижада мусулмон давлатининг пойтахти тўлалигича қамал остида қолиб кетади.
Шундан келиб чиққан ҳолда, Ойбек ўзининг қўшни билан бирга Байжо қўшини билан учрашишга шимолга қараб ҳаракат қилишга қарор қилади.
Мўғуллар Ойбекнинг қўшнига Анбар ерларида (замонавий Ироқнинг Анбар вилояти ҳудудидаги тарихий шаҳар, Фурот дарёсининг шарқий қирғоқларида жойлашган) дуч келишди. Мана шу ерда 600 йил илгари буюк саркарда Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу улкан ғалаба қозонган эди, лекин бу сафар, афсуслар бўлсинки, ғалаба мусулмонларга насиб қилмади.
Байжо ҳудди бу ҳудудларни маҳаллий аҳолидан ҳам яхшироқ билгандай ҳарбий манёврларни бошлаб юборади. У орқага чекинаётгандай кўринади ва мусулмон қўшинини тузоққа туширишга уриниб, уларни Фурот дарёси қирғоқларидаги ботқоқликларга етгунча орқасидан келишга мажбур қилади. Кейин Байжо қўшинидаги муҳандисларни Фурот дарёсидаги барча тўғонларни бузиш вазифаси билан жўнатади. Бу аббосийлар армиясининг орқага қочиб кетишини олдини олиш мақсадида амалга оширилганди. Кейин мўғуллар Ироқ армиясини ўраб олишади ва уни кенг кўламда яксон қилишни бошлашади. Мужоҳиддин Ойбек отрядининг озгина қисми билан Фурот дарёсининг нариги қирғоғига ўтиб, Бағдодга ўтишни уддалайди. Аббосийлар қўшинининг қолган қисми эса Анбар тупроқларида Байжо қўшини томонидан қириб ташланади.
Мусулмонлар учун фожиали бўлган бу воқеа муҳаррам ойининг ўн тўққизинчи санасида содир бўлди, яъни Хулагу Бағдоднинг шарқий деворлари остида пайдо бўлганидан бир ҳафта ўтиб.
Тўқнашувдан кейин Байжо вақтни йўқотиб ўтирмади ва ўз йўлида давом этиб, кейинги куниёқ Бағдодга етиб борди ва шаҳарнинг ғарбий қисмига жойлашди. Шу билан Бағдод бутунлайига ўраб олинганди: шарқдан – Хулагу, ғарбдан – Байжо. Шаҳарнинг аҳволи борган сари ёмонлашиб борарди... Мусулмон халифалигининг пойтахти бутунлай қамал остида қолганди...
Буюк ҳукмдорлар сулоласи Аббосийларнинг авлоди бўлган халифа Мустаъсим Биллоҳ ўз она шаҳрида – мусулмон давлатининг пойтахтида қамал остида қолиб кетиши мумкинлигини тасаввур ҳам қилиб кўрмаганди. У бу ҳақда ўйлаганда боши айланиб, мияси фалажланиб қоларди. Тўсатдан пайдо бўлган вазир Ибн Алқамий халифани ўзига келтиради. Бағдод халифалигида узоқ йиллардан бери хизмат қилиб келаётган Ибн Алқамий шиа эди ва албатта, буни ҳаммадан сир тутарди, шу жумладан ўз ҳукмдори Мустаъсимдан ҳам. Баъзи манбаларда келтирилишича, Алқамий Хулагу билан анча олдиндан тил бириктириб олган. Айнан Алқамий уни мўғулларнинг яқин шарққа юриш қилишига кўндирган.
Али-Зода “Мусулмон давлатлари тарихи” китобида бу воқеани қуйидагича тасвирлаб беради: “Бағдоднинг қулашига суннийлар ва шиалар ўртасидаги келишмовчиликларнинг кескинлашуви катта таъсир ўтказди. Ҳижрий 655 йилда Бағдодда суннийлар ва шиалар ўртасида тўқнашув содир бўлди. Шундан сўнг, шиа вазир Ибн Алқамий яширин равишда қўшинлари Бағдодга келган Хулагу хон билан тил бириктирди. У хон билан учрашди ва қайтгач, халифа Мустаъсим Биллоҳга Хулагу хон унинг ҳаётини сақлаб қолишни истаётганини ва у ўз вақтида Бағдод устидан назорат ўрнатган салжуқий султонларидай ҳаракат қилмоқчи эканлигини маълум қилди...”

Халифаликнинг бош вазири Бағдодни қандай қилиб “мудофаа”га тайёрлади

Хулагу мўғулларнинг яқин шарқ юришини бошлашидан олдин, Бағдодни ҳимоя қилаётган юз минг кишилик йирик қўшинлардан хадиксираб турган бир пайтда, сотқин Ибн Алқамий ҳийла ишлатади. Вазир мўғуллар ҳужуми ҳавфи сабабли халифани хазинани Бағдоддан ташқарига чиқазиб, уни ишончли жойга кўмиб қўйишга кўндиради. Ҳеч нарсадан шубҳа қилмаган халифа бу қалтис ишни амалга оширишга рухсат беради ва вазир 15000лик қўшин билан Бағдоддан ташқарига чиқади ва уларни халифаликнинг узоқ вилоятига жўнатиб юборади ҳамда уларга Бағдодга қайтмасликни буюради. Бағдодга қайтгач эса, ҳуддики улар умуман мавжуд бўлмагандай, аскарларнинг рўйхати ёзилган қоғозларни шунчаки йўқ қилиб юборади.
Бундай ишни у бир неча марта қилади; ниҳоят, Бағдод ҳимоясидаги юз минг аскардан фақатгина ўн мингтаси қолади – қолганлари тарқатиб юборилади, энг аввало сунний – аскарларни шу тарзда йўқ қилади. Ўзининг ҳийлакор режасини амалга оширгач, Ибн Алқамий Хулагуга бажарган иши ҳақида ҳисобот берувчи мактуб йўллайди ва Хулагу Бағдодга ҳужум қилишга қарор қилади ва шаҳар мўғул қўшинларининг зич қуршови остида қолади.
Ва ўша ҳукмдорини ва ислом умматига хоинлик қилган вазир саройга келади ва халифага навбатдаги қалтис қадамни таклиф этади. У Мустаъсимни мўғуллар билан музокаралар ўтказиш лозимлигига кўндиради. Шу билан бирга, халифа жуда кучли ва жуда заиф душманлар ўртасидаги музокаралар ҳеч ҳам тинчлик келишуви эмас, балки шунчаки сўзсиз таслим бўлиш эканлигини яхши тушунарди. Таслим бўлишнинг эса ўзига яраша қатъий қоидалари мавжуд: енгилган томон ғолиб тарафнинг барча шартларига тўлалигича бўйин эгади. Яъни ҳамма нарса “Ютқазганларга алам” тамойилига кўра содир бўлади.
Нима бўлганда ҳам, Хулагунинг олдига икки нафар вакилни дастлабки музокаралар учун жўнатишга қарор қилинади. Кутилганидек, халифанинг элчиси Ибн Алқамийнинг ўзи бўлади, унга эса Бағдод черковининг насториан патриархи ҳамроҳлик қилади. Қанчалар ажабланарли бўлмасин, Хулагу билан музокараларда мусулмон давлатининг вакили бўлиб унга умуман алоқаси бўлмаган кишилар иштирок этишаётган эди: амалда аббосийлар халифалигини ёмон кўрувчи сотқин шиа ва насроний руҳоний. Вазир Хулагунинг қаршисига гўё тинчлик музокараларини ўтказиш учун кетаётганди, аслида эса у бу учрашувга ўзининг шахсий ва Бағдоддаги шиаларнинг ҳавфсизлигига кафолат олиш учун борганди.
Сирли “музокаралар” давомида Хулагу ва гўёки аббосийлар халифалигининг вакили ўртасида муайян келишувларга эришилганди. Халифанинг “элчилари”га Бағдоднинг эгалланишидаги кўмаги учун Бағдод мусулмон халифалигидан “озод этилгандан” сўнг, Ироқда ҳукмронлик қиладиган янги Бошқарув кенгашида ўрин олиши ваъда этилганди. Албатта, аббосийлар халифалигининг “вакиллари”, кутилганидай, мўғулларга бу борада ҳар томонлама кўмаклашишга бажонидил рози бўлишди. Қандай қилиб улар рози бўлмасликлари мумкин эди, ахир уларнинг орзулари амалга ошаётгандику – мусулмон халифалигини йиқитиш, бундан ташқари, бунинг учун уларни яна мукофот ҳам кутаётганди.
Халифанинг олдига музокара олиб борувчилар мўғулларнинг ғалати талаби билан қайтиб келишди. Хулагуга Бағдодда мўғулларга қарши кайфиятда бўлган ва халқни душманга қаршилик кўрсатишга ҳамда муқаддас жиҳод қилишга чақирувчи кишилар мавжудлиги ҳақида маълумот етиб борганди. Агарда шаҳарда бундай кайфият ҳукм сурса, тинчлик музокараларини барбод этиши мумкин. Шу сабабли мусулмонларнинг ҳукмдори Хулагуга бу ҳаракатнинг рахбарларини топшириши лозим, шу қаторда халифани жиҳодга ва қаршилик кўрсатишга ундаган Мужоҳиддин Ойбек ва Сулаймоншохни ҳам. Халифа мўғулларнинг бу талабига қандай жавоб берганлиги ҳақида аниқ маълумот йўқ, лекин ҳаммага Хулагу ва Ислом душманларининг асл мақсади нима эканлиги тушунарли бўлди.

Бағдод борган сари мушкулроқ аҳволга тушаётганди...

Музокарачилар халифа саройи ва Хулагунинг лагери ўртасида муайян натижалар қўлга киритилмагунча бориб – келишда давом этишди. Музокараларнинг натижалари эса, Ибн Алқамий таърифлаганидай, “кутилганидан ҳам қониқарли” эди. Хулагу билан эришилган келишувларга келадиган бўлсак, халифа бажариши лозим бўлган бир қанча “қийин бўлмаган” талабларга қарамасдан, Ибн Алқамий уларни улкан сиёсий ғалаба деб ҳисобларди. Бу келишув қуйидаги бандлардан иборат эди:
1. Иккала тарафда ҳам ҳарбий ҳолатни бекор қилиш ва тинчлик муносабатларини ўрнатиш;
2. Юз минлаб мусулмонларнинг қонини тўккан мўғулларнинг йўлбошчиси Хулагунинг қизини мусулмонларнинг ҳукмдори Мустаъсим Биллоҳнинг ўғли билан никоҳлаш;
3. Мустаъсим ўз ҳокимиятини сақлаб қолади;
4. Бағдоднинг барча аҳолисига тўлиқ ҳавфсизлик кафолати берилади.
Лекин бу шартлар фақатгина мана бу талаблар бажарилгандан кейингина кучга киради:
1. Ироқнинг барча қалъаларини бузиш;
2. Барча мудофаа ҳандакларини тўлдириш;
3. Барча қуролларни топшириш;
4. Бағдодни мўғуллар ҳукмронлигига бериш.
Ва якунида Хулагу халифанинг элчиларига бу ерга фақатгина адолат, эркинлик ва ҳавфсизлик тамойилларига асосланган тартибни ўрнатиш учун келганлигини иддао қилади... ва мана шу вазифа бажарилиши билан, ўз қўшинлари билан биргаликда  ватанига қайтади ва ироқликларни уларнинг қонун ва тартибига мос равишда яшаш учун қолдиради.
Ушбу келишув, айниқса мўғул йўлбошчисининг охирги баёноти халифада умид уйғотади, лекин Хулагу томонидан мазкур аҳдларнинг бажарилиши катта шубҳа туғдирарди.
Шунингдек, Хулагунинг талаблари етарлича шафқатсиз эди. Уларнинг бажарилиши мусулмонларни келгусида қаршилик кўрсатиш имкониятидан маҳрум қилар эди. Бошқа тарафдан эса, халифа ўз мамлакатининг ҳукмдори бўлиб қоларди, лекин мўғулларнинг бошқаруви остида. Бу, албатта, барча мусулмон олами ҳукмдорини камситиш ва ҳақоратлаш эди, лекин, ҳар ҳолда у тирик қолаётган эди.
Ҳеч нарсага қарамасдан, халифани гумон тарк этмаётганди. Ва халифа бошқараётган халқ ҳам ана шундай шубҳада эди. Улардан жуда ҳам кам қисми жиҳодга туриб, Ислом душманига қаршилик кўрсатишга чақирарди. Бошқалари эса, яъни Бағдод аҳолисининг аксариятининг, мўғуллардан қўрқув сабаб “жонлари товонларига тушганди”.
Шунинг учун, халифага давомли фикрлаш ва охирги кунларда бўлаётганларни тахлил қилиш учун кўпроқ вақт зарур, чунки у жуда мураккаб қарор қабул қилиши керак эди. Картага бутун ислом оламининг тақдири қўйилган эди. Шаҳар деворлари остида мўғулларнинг қонхўр бераҳм лашкарлари турарди, ортида эса, яъни шаҳар ичида – жуда кўп миқдорда қўрқув ичидаги Бағдод аҳолиси бор эди. Нимадир қилишга, энди кеч эди, чунки Хулагу унчалик кўп кутишни хоҳламасди, чунки кўпсонли қўшинни Бағдод деворлари остида ушлаб туриш, унга кунига бир неча минг динорга тушаётган эди.
Бағдод қамали давом этарди, 1258 йилнинг январи бўлиб (ҳижрий 656 йилнинг муҳаррам ойи), қиш қахратони авжида эди. Ва шундай совуқ ҳавода шаҳар деворлари остида мана шу гўзал шаҳарни ичкаридан кўришга ихлосманд бўлган мўғул қўшини турарди...
Улар шундай ҳолатда халифанинг жавобини кутишадими?..

Бағдод қулашидан олдинги охирги музокаралар

Охирги кунларда халифаликнинг пойтахти атрофида содир бўлган барча воқеалардан кейин, Бағдоднинг қулаши муқаррар эканлиги тушунарли эди. Мўғулларнинг қонхўр йўлбошчиси Хулагу янги “дўсти” халифа Мустаъсимнинг мўғулларнинг таклифлари ҳақидаги ўзининг узоқ муддатли ва чуқур мулоҳазаларини тугатишини кутишни энди хоҳламасди. Хулагу халифага кескин талаб қўяди, бу билан у жавоб бериш муддатини чегаралайди ва улар бажарилмаганда жиддий оқибатлар юзага келиши мумкинлиги билан тахдид қилади. Бу Хулагу эндиликда ҳеч қандай музокаралар ҳақида эшитишни хоҳламаётганидан дарак берарди.

Бағдоднинг тўрт кунлик ўққа тутилиши

Бағдод томонидан жавобни кутмасдан туриб, мўғуллар Бағдодни тошли ва оловли ўққа тута бошлашди. Бунинг учун Хулагу ўша давлардаги энг янги ҳарбий техникадан фойдаланади. Деворлар, қасрлар, қалъалар ва бошқа уйлар ҳамда Бағдоднинг иншоотлари манжаниқлар (қадимий тош отиш қуроли) ёрдамида кенг миқёсда даҳшатли ўққа тутилди. Дунёдаги энг ҳимояланган шаҳар ўзининг тарихи давомида биринчи марта қўрқинчли вайронкорликка дуч келганди. 1258 йилнинг январида мўғуллар Бағдод деворларини яксон қилиш бўйича ҳаракатларни бошлашди.
Бағдодни ўққа тутиш ҳижрий 656 йилнинг сафар ойида бошланди ва тўрт кун давомида тўхтовсиз давом этди. Шу билан бирга, шаҳар томонидан айтилиши мумкин бўлган қаршилик кўрсатилмаганди.

Арафа исмлик канизакнинг ҳалок бўлиши

Ибн Касир ўзининг “Ал-Бидоя ван-Ниҳоя” китобида бу воқеаларга ҳеч қандай изоҳ бермасдан, уларни қуйидагича тасвирлайди:
“Мўғуллар халифанинг саройини ҳар томондан ўққа тутишарди ва ўқлардан бири халифанинг кўнглини ҳушлаётган асирага тегади. Бу асира унинг канизакларидан бири бўлиб, унинг исми Арафа эди. Бир нечта ойналар орасидан учиб кирган ўқ, халифа олдида рақс тушаётган канизакни ўлар даражада яралайди. Воқеаларнинг бундай тарздаги ривожи халифани даҳшатга солади, у жуда ҳам қўрқади. У бевосита яқинидаги инсонни яралаган ўша ўқни олиб келишни буюради. Ўқни олиб келишганда, унда қуйидаги ёзувлар борлигини аниқлашади:
“Яратган Аллоҳ Ўз Иродаси ва тақдирини (қадар) амалга оширмоқчи бўлса, У ақлли инсонларни онгидан маҳрум қилиб қўяди””.
Ажабланарлиси, Ибн Касирнинг ўзи халифанинг саройида содир бўлган ушбу воқеага ҳеч қандай изоҳ бермайди. Бу воқеа, бир лаҳзалик бўлишига қарамасдан, жуда катта аҳамиятга эга эди... Бағдод аҳолисининг деярли барчасининг, биринчи навбатда – халифа Мустаъсимнинг қалбини дунёвий ташвишлар эгаллаб олган эди.
Тасаввур қилиб кўринг-а, бутун умматни ҳимоя қилиш вазифаси юклатилган мусулмон оламининг ҳукмдори, ана шундай муҳим бир пайтда, ҳавфли вазиятда вақтини кўнгилхушликлар билан ўтказмоқда. Албатта, ўзидан бошқа кўрмайдиган ҳолда, ўз асирасининг рақс тушишини томоша қилишнинг ҳеч қандай ёмон томони йўқдир. Лекин ана шундай вақтда-я? Халифанинг бошида онг бўлган дейиш мумкинми? Ислом оламининг пойтахти қамалда, ўлим шунчалар яқинки, мўғул манжаниқлари (қадимги тош отиш қуроли) деворларни яксон қилмоқда, оловли ўқлар уйларнинг томларини ёқмоқда, шаҳар аҳолиси қийин ҳаётий шароитда, халифа эса ана шундай бир вақтда канизагининг рақслари билан кўнгилхушлик қилмоқда. Бу ерда соғлом онг қани, донишмандлик нимада?
Бу саволларга энг яхши жавобни ўша асирага теккан ўқ берди. Унда ёзилган сатрлар эса, шаклланган вазиятга аниқ тушунтириш берарди. Яратган Аллоҳ Таоло томонидан ўша пайтда Бағдоднинг қулаши битиб қўйилганди ва У халифа, унинг ёрдамчилари ва бутун халқни амалда онгдан маҳрум қилиб қўйганди.
Бунга халифанинг ана шундай ҳалокатдан кейин ҳам, умумхалқ сафарбарлиги ҳақида буйруқ чиқазмаганлиги гувоҳлик беради, ахир халифанинг саройи ҳам хатар остида қолганди-ку. Халифа шунчаки сарой ҳимоясини кучайтиришни буюради холос.

Сўнгги музокаралар

Мўғуллар шаҳарни кетма-кет тўрт кун ўққа тутишди. Тўртинчи кун эса шаҳарнинг шарқий қисмидаги деворлари сезиларли даражада лат еди. Бу дегани аббосий халифаларнинг саноқли кунлари қолди дегани эди. Жуда кам вақт қолди...
Ўшанда халифа ўзининг хиёнаткор вазири Муайядаддин Ибн Алқамийга маслаҳат сўраб мурожаат қилади. Вазир эса унга Хулагу билан шахсан музокара олиб бориш учун, унинг қаршисига чиқишни маслаҳат беради.
Хулагуга кейинги музокараларни олиб бориш учун унинг олдига халифанинг ўзи келаётганлигини хабар қилиш мақсадида зудлик билан чопарлар жўнатилади. Хулагу рози бўлади, лекин шарт қўяди. Унинг шартига кўра, халифа давлатнинг энг сара инсонлари, вазирлар, қўмондонлар, шаҳарнинг кўзга кўринган кишилари, факиҳлар ва бошқа ислом уламолари билан биргаликда келиши, уларнинг барчаси музокараларда иштирок этиши лозим эди.
Бу борада ўзгача фикрга эга бўлмаган ночор аҳволдаги халифа буни қабул қилади. У ўша инсонларни тўплайди ва давлатнинг 700 нафар энг яхши эркаклари – олимлар, факиҳлар, қозилар, сўфийлар, қўмондонлар, ҳокимлар ва шаҳарнинг муҳим кишилари қуршовида Бағдоддан чиқади. Уларнинг бари суннийлар эди. Шаҳарнинг шарқий дарвозасидан чиққан халифа Мустаъсим Хулагунинг қароргоҳига қараб йўналади. Унинг кўзлари намли, томирларидаги қон тўхтаб қолган, нафас олиши тезлашган ва юрак уриши кучайганди. Халифа таҳқирланган ва ҳақоратланганди. Ўз саройида шоҳ ва ҳукмдорларнинг вакилларини қабул қилган халифа, аждодлари шу шаҳарда ўтириб, бутун дунёга ҳукмронлик қилган халифа, ҳозир ундан камситилган ва хўрланган ҳолда чиқарди.
Халифа ўзининг кўп миқдордаги вакиллари ва вазири Ибн Алқамий билан биргаликда Хулагунинг чодирига яқинлашганда, у тўхтатилади. Мўғулларнинг йўлбошчиси ҳузурига киришдан олдин, уларни иккига ажратиб қўйишади. Фақат халифа ва унга ҳамкорлик қилаётганлардан ўн етти нафарига Хулагунинг олдига киришига изн берилади. Қолганлари гўёки синчиклаб кўздан кечириш мақсадида ушлаб қолинади. Лекин улар текширув учун эмас, қатл учун олиб қолинганди. Халифанинг ўзи, унинг фарзандлари, вазири ва яна бир қанча кишидан ташқари барча келган вакиллар талон-тарож қилиниб, сўнг қатл қилинади.
Аббосийлар давлатининг қабила бошлиқлари, халифаликнинг вазирлари, шаҳарнинг машҳур ва обрўли инсонлари, факиҳлар ва олимлар ўлдирилади. Халифага келадиган бўлсак, Хулагу уни тирик қолдиради, чунки ундан кейинчалик ўз мақсадларида фойдаланиш режаси бор эди. Хулагу шафқатсизлик ва кибр билан буйруқ бера бошлаши билан, халифа вакилларини мўғуллар қириб ташлаганини тушуниб етади. Фақат у бошқа инсонларга анчадан бери аниқ бўлган, лекин у кўра олмаган ҳолни энди тушуниб етганди. У мўғуллар ва уларга ўхшаганлар сўзларининг устида турмаслигини ва ваъдасига вафо қилмаслигини англаб етганди. Бундайларга ишонч йўқ эди.
Шунингдек, халифа ҳар қандай ҳуқуқни ҳимоя қилиш учун куч керак эканлигига иқрор бўлди. У ҳимоясиз қолганига эса, ўзидан бошқани айблай олмас эди. Лекин, минг афсуски, у буни жуда ҳам кеч тушуниб етганди. 

Халифа Мустаъсимнинг таслим бўлиши

Бир вақтлар Хулагунинг Аббосийлар давлати йиллик даромадининг ярми эвазига халифа билан тинчлик келишувини тузиш фикри уйғонганди, лекин лаънати Ибн Алқамий уни бу фикрдан қайтаради: “Агарда сиз бу шартларда келишадиган бўлсангиз, у ҳолда бундай келишув фақатгина бир ёки икки йил давом этиши мумкин, ундан кўп эмас. Шундан кейин ҳаммаси илгаригидай ўз ўрнига қайтади. Халифани ўлдириб, Бағдодни яксон қилганинингиз маъқулроқ”. Ҳудди шундай фикрни умматнинг яна бир бошқа хоини Носир Тусий ҳам билдиради, уни Хулагу Аламут олингач, ўзининг маслаҳатчиси қилиб тайинлайди. Унгача у Шамс аш-Шумус ва унинг отаси Алауддиннинг вазири бўлган.

Халифанинг таслим бўлиш шартлари

Бу орада қонхўр Хулагу ўзининг талабларини санай бошлайди:
1. Халифа Бағдод аҳолисига қуролларини топширишга ва ҳар қандай қаршилик кўрсатишдан воз кечишларига буйруқ бериши керак;
Бу бажарилиши жуда осон бўлган талаб эди, чунки шаҳар аҳолиси аксар қисмининг қурол кўтаришга кучи йўқ эди. Шунингдек, уларда бунга хоҳиш ҳам йўқ эди. 
2. Мусулмонларнинг халифасини қўриқ остига олиш, мўғулларга Аббосийларнинг яширин бойликларининг жойини кўрсатиши учун, уни кишанбанд ҳолда шаҳарга қайта етказиб қўйиш;
У Аббосийлар саройидаги ва мусулмонлар ғазнасидаги олтин, кумуш, ноёб буюмлар ва ҳар қандай моддий қийматга эга бўлган нарсалари бор жойларни кўрсатиши лозим эди.
3. Халифанинг ҳар иккила ўғли унинг кўз ўнгида қатл этилади;
Дастлаб тўнғич ўғил Ахмад Абу Аббос ўлдирилади, кейин эса шу тариқа ўртанча ўғил Абдураҳмон Абу Фузоил қатл этилади. Сўнгра халифанинг учинчи ўғли Муборак Абу Муноқиб ва унинг опа – сингиллари Фотима, Хадича ва Марям қўлга олинади.
4. Халифа Хулагунинг қароргоҳига баъзи кишиларни чақиртириши лозим;
Бу кишилар хоин Ибн Алқамий нома-ном кўрсатиб берган инсонлар эди. Улар Ибн Алқамий жуда ёмон кўрган, аҳли суннаннинг уламолари (суннийлар) эди. Деярли уларнинг барчаси Хулагунинг ҳузурига чақирилади. Улардан ҳар бири белгиланган вақтда бутун оиласи билан шаҳардан чиқиши ва уларга кўрсатилган жойга келиши керак эди. Ўша ерда кутиб турган мўғул аскарлари уларни ҳудди қурбонлик жониворлари сингари сўйиб ташлашарди, хотини ва болаларини эса асир қилиб олиб кетишар ёки биргаликда қатл этишарди. Вазият ҳар томонлама қаралганда, жуда ҳам даҳшатли эди.
Ана шундай тарзда устоз Мухйиддин Юсуф ибн Шайх Абу Фараж Ибн Жавзий – бутун ислом оламидаги машҳур олим ва вазир Ибн Алқамийнинг душмани ўлдирилганди. Мўғуллар, шунингдек, унинг учта ўғилларини ҳам бирин-кетин сўйиб ташлашади: Абдуллоҳ, Абдурраҳмон ва Абдулкарим. Шаҳардаги қаршилик ҳаракати раҳбарлари ва халқни мўғулларга қарши жиҳодга ундаган Мужоҳиддин Ойбек ва унинг ҳамфикри Сулаймоншохлар ҳам ваҳшийларча ўлдирилади.
Ҳудди шундай қисматга халифанинг устози ва мураббийси Садриддин Али Найяр ҳам дуч келади. Шундан сўнг барча имомлар, масжид хатиблари ва Муқаддас Қуръоннинг ҳафизлари қириб ташланади.
Натижада Бағдод масжидларида бир неча ой мобайнида на жамоат намозлари, на жума намозлари ўқилади. Хиёнаткор Ибн Алқамий айнан мана шуни хоҳлаганди – бўшаб қолган масжид, мадраса ва бошқа диний марказлар шиялар томонидан эгалланиб, шу орқали Бағдод шия – рафизийларнинг диний марказига айланиши лозим эди. У, шунингдек, Бағдодда йирик шиялар мадрасасини қуришни орзу қиларди, бунинг натижасида шиялик бутун дунёга тарқалиши назарда тутилганди. Унинг орзу – истакларининг охири эса ислом оламига шия халифани раҳбар қилиб қўйиш эди.
Яхшиямки, Аллоҳ Таолонинг иноятига кўра, Ибн Алқамийнинг бу ва бошқа режалари амалга ошиши қисмат эмас эди. Ушбу воқеалардан бир неча ой ўтиб у бу дунёни тарк этади. Сал ўтмай мўғуллар томонидан унинг ўрнига тайинланган ўғлига ҳам ҳудди шундай тақдир насиб этади.
Бу ваҳшийликларнинг барчаси қўлдан бой берилган имкониятлар ва ўз ҳукмронлиги даврида йўл қшйилган хатолар учун қаттиқ афсус – надоматда бўлган халифанинг кўз ўнгида содир бўларди. Агарда ўз мажбуриятларига шунчалар совуққонлик билан қарамаганда эди, барчаси бошқача бўлиши мумкин эди. Лекин, айтишадику: “Тарих истак, шарт майлини кўтармайди”.
Ана шу ҳамма вақт давомида халифа Хулагу унинг вазири Ибн Алқамийга дўстона муносабатда эканлигини кўради. Фақат шундагина унга ҳақиқат очилади ва у ҳар жабҳада жуда ҳам ишонгани, Аббосийлар халифалигининг бош вазири хоинлик қилгани равшанлашиб қолади. Халифа Мустаъсим энди давлат ишлари номуносиб инсонларга топширилишининг натижаси нима бўлишини тушуниб етганди. Лекин бунинг барчаси жуда ҳам кеч аниқланганди, ўтган кунларни эса ортга қайтаришнинг иложи йўқ эди...

Буюк шаҳар талон-тарож қилишга берилди

Бағдод аҳли таслим бўлиш учун қуролларини ташлади ва мўғуллар юқорида зикр қилинган барча одамларни қириб ташлаб, шаҳарга бостириб кирди. Хулагу ўзининг босқинчи қўшинларига бир ҳафта давомида Бағдодни талашга рухсат берди. Яъни, мўғул аскарлар учун шаҳарда нима истаса, шуни қилишга изн берилди. Улар Бағдод аҳлидан бўлган одамларнинг истаганини ўлдириши ёки асир олиши, талаши, зўрлаши ёки уйларига ўт қўйиши ёки шунга ўхшаш қабоҳатларни қилиши мумкин эди. Мўғуллар калласига нима ўй келса шуни қилдилар.
Бир вақтлар фатҳ учун жуда кўп аскарларни чиқарган шаҳар; Ислом умматининг буюк уламолари дарслар берган, даъватлар қилинган шаҳар; илм олиш учун талабалар ошиққан шаҳар! Қани ҳимоячиларинг, қани мард ўғлонларинг?! Бугун Бағдод душман учун ўзининг дарвозларини ланг очди ва ҳеч ким қаршилик кўрсатмади.
Абу Ҳанифа, Шофеъий, Аҳмад ибн Ҳанбал каби мужтаҳидлар яшаган шаҳар; бир йил жиҳодга, кейинги йил ҳажга чиққан Ҳорун Рошид каби буюк халифалар ўтган шаҳар; сўнгги беш аср ичида Ислом дунёсининг пойтахти саналган шаҳар одамларга ҳайвонлардан ҳам баттар муносабатда бўладиган мўғул аскарларига талон-тарож қилиш учун берилди.
Бағдодда мўғуллар қилган ишга ақл бовар қилмайди. Улар мусулмонларни таъқиб қилдилар, уларни кўчалар ва шаҳар майдонларида ўлдиришга тушдилар. Сўнг улар ҳар бир уй, боғ, мадраса ва масжидларга кириб, қуролсиз, ҳимоясиз ва ожиз мусулмонларни ўлдиришга тушдилар. Мусулмонлар яширинишга уринишди, уйлари ва турли хил жойларга беркиниб олишди. Бироқ мўғуллар яширинган жойларидан топиб, мусулмонларни қиличдан ўтказдилар. Баъзи мусулмонлар уйларининг томларига яшириндилар, мўғуллар бу бечораларни у ерда ҳам тирик қолдирмадилар. Сўйилган мусулмонларнинг қонлари томларнинг тарновларидан ҳам оқиб турди. Жуда кўп мусулмонлар қудуқлар, пичанхоналар, ахлат оқиб кетадиган тармоқлар, ахлатхоналар ва қазилган чуқурчаларга яширинишга уриниб кўрди. Ҳеч ким нажот топа олмади, мўғуллар Бағдод аҳлининг барчасини қириб ташлади, илло зиммийлардан бўлган яҳудий ва насронийларга тегилмади. Ҳамда хоин Ибн Алқамий уйига яширинган шиаларга ҳам ҳеч ким тегмади...

Мўғуллар босқинидан Бағдод талофати ва халифанинг ўлими

Мўғуллар нафақат эркакларни, балки аёл ва ёш болалар, қари ва ҳатто чақалоқларни ҳам қатл қилиб ташлади. Мўғулларнинг бир аскари ота-оналари қатл қилинган қирққа яқин болаларни кўчада топиб олади ва ҳеч тап тормай, уларнинг барини қиличдан ўтказади. Иккинчи, учинчи, ўнинчи кун ўтарди, бироқ қотилликлар тўхтамасди, мусулмонларни қириш давом этарди. Ҳеч ким қаршилик кўрсатишга ҳам ҳаракат қилмасди. Ҳамма даҳшатда эди, одамлар мўғулларни енгилмас хатто уларга жароҳат ҳам етказиб бўлмайди, деб қаттиқ ишонишган эди.

Халифанинг ҳолатнинг нақадар мудхиш эканини англаши

Қўлга олинган халифани шаҳарнинг яксон қилинишини ва ҳаттоки унга қўрқинчли тушида ҳам кирмаган мана шу даҳшатнинг барчасини томоша қилишга мажбур қилишади. Бутун ислом умматининг ҳукмдори ўзига бундай жазо берилиши мумкинлигини тахмин ҳам қилиб кўрмаганди. Ҳақиқатда бу шахсан унинг учун жуда катта ҳалокат эди. Кўз ўнгида Хулагу икки ўғлини ўлдиради, учинчи ўғли ва қизларини асирликка олади, унинг вазирлари, олимлари, имомлари, хатиблари ва ҳафизлари қириб ташланади.
Ўзининг ва давлатнинг барча ишларини ишониб топширган, унга энг яқин бўлган инсон халифаликнинг қўшинини тарқатиб юборган, энг ёмон хиёнаткор бўлиб чиқади. Унинг барча бойлиги, ғазнаси, заҳираси ва бошқа мол-мулки талон-тарож қилинади. Шунингдек, бутун шаҳар ҳам таланади ва унинг юз минглаган аҳолиси кўз ўнгида яксон қилинади. Буюк Аббосийлар давлатининг пойтахти олов ичида ёнар, унинг беқиёс архитектураси эса харобага айлантирилганди. Қаерга қарасангиз, шаҳарда фақат қўрқинчли юзли мўғул аскарларини кўрар эдингиз. Улар экинга ҳамла қилган чигиртка мисол шаҳарга бостириб киришди ва уни саҳрога айлантиришди. Халифанинг қўли, оёғи ва бўйнига кишан солинганди, уни ҳудди туя каби етаклаб юришади ва у мана шу даҳшатни ўзининг кўзлари билан кўради... Шубҳасиз, ундан бундай фикрлар ўтган бўлса керак: “Мен бунга қадар ўлганим ва ҳамма томонидан унутилганим яхши эди!!!”

Халифанинг қатл қилиниши

Халифа Мустаъсим кўрган барча воқеаларидан кейин ўзининг қасрига, хос хонасига олиб кирилади ва қонхўр Хулагу уни қатл этишни буюради. Лекин Хулагунинг атрофидаги кишиларнинг баъзилари қизиқ бир фаразни илгари суришади. Уларнинг айтишича: “Агарда мусулмонлар халифасининг қони ерга тўкиладиган бўлса, орадан қанча вақт ўтса ҳам, кейинчалик мусулмонлар унинг ҳунини талаб қилиши мумкин. Шунинг учун халифани қонини тўкмасдан қатл қилиш лозим”.
Бу фикрнинг, албатта, ҳақиқат билан ҳеч қандай умумийлиги йўқ эди. Мусулмонлар ҳар қандай ҳолда ҳам халифанинг ва мўғуллар томонидан қириб ташланган мусулмонларнинг қони учун қасд олишарди. Лекин, шунга қарамасдан, Хулагу ушбу маслаҳатга қулоқ тутади. Кўпчилик манбаларнинг айтишича, мўғуллар халифани босиб, оёқ ости қилиб ўлдиришган.
Хулагу халифани оёқлар билан босиб – янчиб ўлдиришга буюради. Ўз қўмондонларининг буйруғига бўйсунган мўғуллар халифани ерга ётқизадилар ва уни ўлгунига қадар оёқлари билан босиб эзадилар.
Буюк Аббосийлар халифалигининг ҳукмдори мана шундай ҳақоратомуз тарзда ўлдирилади. Мусулмон уммати ўз халифасидан айрилади. Бу нафақат Бағдод ва Аббосийлар халифалигининг қулаши эди, бу билан бирга бутун халқ ҳам йиқилаётган эди.
Бу Бағдод дарвозалари очилиб, мўғуллар шаҳарга кирганининг ўнинчи куни, ҳижрий 656 йил сафар ойининг 14 куни содир бўлганди. Ўлим куни халифа Мустаъсим қирқ олти ёшда эди. Уни ўлдиришди ва номаълум жойга дафн қилишди, лекин Бағдоднинг буюк фожеаси халифанинг ўлими билан тугагани йўқ, халқнинг изтироблари давом этарди. Хулагу ўз аскарларига Бағдод аҳолисини қиришда давом этишга буйруқ беради. У дунёдаги энг йирик шаҳарни мўғуллар қандай аҳволга солганлиги, кейинчалик уларга қаршилик кўрсатадиганларга ўрнак бўлишини истарди. Хулагу қўшинининг бебошчилиги шаҳар таслим этилганидан кейин ҳам, яна қирқ кун давом этади.

Бағдодда уммат миллиондан ошиқ мусулмонни йўқотди

Шу вақт ичида қанча мусулмон ҳалок бўлган деб ўйлайсиз? Умумий ҳисоб бўйича миллиондан ошиқ: эркагу-аёл, ёшу-қарилар ўлдирилди. Ўлган мусулмонларнинг аниқ сони бўйича тарихчилар орасида ихтилофлар бор. Баъзилари 800 минг деса, бошқалари бир миллиондан ошиқ дейди, учинчилари эса бир миллион саккиз юз минг дейишади. Икки миллиондан ошиқ мусулмон ўлганлиги ҳақида айтганлар ҳам бор. Қирқ кун ичида бир миллиондан ошиқ мусулмонлар ўлдирилди. Тушуняпсизларми, қирқ кун ичида умматимиз бир миллион мусулмондан айрилган. Бу жуда катта фожиа – катастрофадир.
Ўша мудҳиш кунларда шиалар ёрдамида шаҳарнинг сунний аҳолисининг аксари қириб ташланди. Ибн Алқамий ўзи биладиган суннийларнининг ҳаммасини шахсан ўзи буйруқ бериб ўлдириб юборади. Хунрезлик қирқ кун давом этди. Жуда кам одам омонда қолди.
Бироқ бу нарсалар, мусулмонларни синдира олмади, алҳамдулиллаҳ. Улар фожиани мардона енгиб ўтдилар ва Аллоҳ таолонинг иродаси туфайли мусулмон умматининг аввалиги шуҳратини қайтара олишди.

Мўғулларнинг Бағдод маданиятини йўқ қилиши

Мўғул қўшинларининг бир қисми шафқатсиз тарзда Бағдод аҳолисини қириш билан оворо бўлиб турган бир вақтда уларнинг бошқа бир қисми бундан ҳам батдар жиноят билан машғул эди. Бу шундай жиноятки, унда на бир мантиқ на бир эҳтиёж бор эди. Балки бу жиноятларда мағулларнинг қалбида яширинган Ислом тамаддуни ва маданиятига нисбатан ёндирувчи бир нафрат ва адоват бор бўлиб, бу нарса уларнинг кўзларини кўр қилиб, бундай жирканч жиноятни қилдираётган эди.
Мўғуллар мусулмонлардан маданият ва бошқа жиҳатдан анча қолоқ бўлганига чидай олишмади. Мусулмон уммати узоқ ва бой тарихга эга эди. Ислом дини ва дунёвий илм-фаннинг турли соҳалари бўйича ўн минглаб олиму-уламоларни берган эди. Бу олимлар Ислом маданиятини ўзларининг илмий асарлари билан бойитган бўлса, мўғулларда ҳеч қандай маданий мерос йўқ эди. Хитой далаларида пайдо бўлган бу халқ ўрмон қонуни бўйича яшар эди, худди йўлда кимни кўрса ўлдирадиган вахший ҳайвонлар каби.

Мўғуллар Бағдодда қилган жиноятлари

Мўғул қўшинининг катта бир гуруҳ бадбахт аскарлари Бағдоднинг энг катта кутубхонасини вайрон қилиш мақсадида у тамон қараб юра бошлади. Бу кутубхона ўша даврнинг энг йирик кутубхонаси бўлиб, кутубхонанинг китоб фондида олти асрлардан бери Исломнинг олиму-уламолари тарафидан тафсир, ҳадис, фиқҳ, ақида, одоб, тиббиёт, астраномия, геометрия, кимё, физика, жуғрофия, сиёсатшунослик, иқтисод, социология, адабиёт, тарих, фалсафа ва бошқа илмлар бўйича ёзилган ва асрлар оша кўз қарочиғидек асраб, йиғиб келинаётган бебаҳо ва дурдона асарлар жамланган эди.
Бундан ташқари Бағдоднинг йирик кутубхонасида юнон, форс, ҳинд ва бошқа тиллардан таржима қилинган илмий асарлар ҳам жуда кўп эди. Бошқача айтадиган бўлсак, мазкур кутубхона ўша даврнинг энг йирик бир катта мўъжизаси эди.
Бағдоднинг катта кутубхонаси барча ўлчовларга кўра йирик иншоот эди. Бу маскан билан фақат Андалусиянинг Қуртубадаги Ислом кутубхонаси тенглаша оларди. Бироқ афсуслар бўлсинки, Қуртубадаги Ислом кутубхонасининг бошига Бағдод кутубхонасига тушган кунлар тушди. Бағдод йиқилишидан йигирма йил олдин, насронийлар Қуртубани босиб олгач кутубхонанинг кулини кўкка совирган эди.
Умуман олганда, мўғулларнинг бу уруши маданият ва тамаддунга, Ислом ва динга қарши эди. Бошқача айтганди, бу уруш бутун инсониятга қарши уруш эди.

Бағдоднинг улкан кутубхонаси

Мўғуллар Бағдоднинг катта кутубхонасини қандай йўқ қилганини ҳақида гапириб беришдан олдин кутубхонанинг ўзи ҳақида қисқача тўҳталиб ўтсак.
Бағдоднинг катта кутубхонаси Ислом академияси “Байтул ҳикма” қошида ташкил қилинган бўлиб, беш аср мабойинида ҳеч қандай муболағасиз дунёнинг энг йирик илмий маркази бўлган. Ҳозирги кутубхоналар билан қиёс қиладиган бўлсак ҳам мазкур кутубхона жуда катта эди. Илм-фаннинг барча соҳаларида ёзилган китоб, асарлар билан доим тўлдирилиб турилар эди.
Бу кутубхонага аббосийлардан бўлган Хорун Рошид тарафидан 170-193 ҳижрий йилларда асос солинган. Айниқса халифа Мамун даврида кутубхона янада ривожланди. Кейинги Аббосий халифалар ҳам мазкур кутубхонани янги китоблар  ва илмий асарлар билан бойитиб борди. Шу тарзда Бағдод кутубхонаси энг йирик илм масканига айланди. Миллион-миллион жилд қимматбаҳо китоблар ва илмий асарлар жамланди. Тасаввур қилиб қўринг-а, ўша даврда на нашриётлар, на китобларни босадиган босмахоналар бор эди.
Кутубхона махсус бинода жойлашган бўлиб, унда барча илмларга оид китоблар жамланган эди. Кутубхона вестибюл ва катта гумбазсимон хонадан иборат эди. Бу хонага туташ бошқа кўп хоналар ҳам қурилган эди. Улар асосан ўқув заллари вазифасини бажариб, ҳар қайсини мўян бир махсус илм учун ажратилган эди.
Деворларда махсус сандиқлар ва китоб жавонлари жойлашган эди. Ҳар бир соҳа бўйича алоҳида сандиқ бор эди ва маълум тартида тузилган китоблар номи ёзилган рўйхат турарди (каталог). Масалан, фиқҳ, тиббиёт, кимё, ижтимоий фанлар учун алоҳида сандиқлар бор эди.
Кутубхонада юздан ошиқ хожимлар хизмат қиларди, улар тартиб-интизомга, кутубхона фондини бойитишга ва ўқувчиларга хизмат қилиш билан банд эдилар. Баъзи ҳодимлар китоблардан нусха қилар, чунки ҳар қайси китобдан бир нечта нусха бўлиши керак эди, баъзилари эса, хорижий тиллардаги китобларни арабчага таржима қилар, бошқалари эса китоб излаб келганларга китобларини топишда ёрдам берарди.
Бундан ташқари қироатхона ва дарс олиш учун алоҳида хоналар, илмий бахслар, мажлис ва анжуманлар олиб бориш учун барча шароиталар муҳаё эди. Кутубхоналар қошида дам олиш  ва ошхоналар учун махсус хоналар мавжуд эди. Мусофир ва талабалар учун ҳам алоҳида хоналар ажратилган эди. Умуман олганда бу масканни кутубхона дейишнинг ўзи камлик қилади, бу маскан ҳеч бир муболағасиз йирик бир илмий университет эди.
Таржима ишларининг яхши йўлга қўйилгани сабаб, қадимги юнон ва бошқа тилларда битилган илмий асарлар араб тилида гаплашувчи олимларга ҳам фойдаланиш учун қулай ва осон бўлган. Қадимги Эрон ва Ҳиндистон маданиятининг ютқулари билан ҳам танишиш имкони бор эди. Қадимги Юнон ва Рум олимлари ва файласуфларининг асарлари араб тилига таржима қилинганилиги учун ҳам бизларга етиб келган.
Мусулмон олимлар юнон, форс ва ҳиндларнинг илмий меросларини ўздаштиришдан ташқари ўзлари ҳам жуда кўп илмий кашфиётлар қилишди. Оламни илмга тўлдириб ташлашди.
Византия устидан қозонилган ғалаба ортида тузилган Халифа Мамун ва Византия императори ўртасидаги битимда Константиопол кутубхонасидаги барча китоблардан мусулмон олимлари ва таржимонлари тўлиқ фойдаланиши учун рухсат берилиши ҳақида банд бор эди.
Мусулмонлар илмларнинг қадрини жуда яхши билишар эди. Улар ниҳоят даражада катта диққатлик билан математика, астрономия, тиббиёт ва бошқа илмлар бўйича қадимги юнон тилида битилган китобларни йиғишар, таржима қилиб, ўрганишар эди. Бу ишлар айниқса, халифа Мансур даврида ўз авжига чиқди. Халифа Мансур Византия императоридан математикага оид қўлёзмаларни юборишини сўраб мактуб ёзганлиги ҳақида маълумотлар бор. Юнон тилидан таржима қиладиган бош таржимонлардан бўлган ибн Исҳоқ икки йил Византияда таҳсил олиб келди. У Бағдодга қуруқ қўл билан келмаган, аксинча у ўзи билан бирга жуда кўп қўлёзмаларни ҳам олиб келган. Аббосий ҳукмдорларнинг қошида махсус ходимлар бўлиб, уларнинг асосий вазифаси қайси тилда бўлишидан қатъий назар дунё бўйлаб, илмий китобларни йиғиш бўлган. Сўнг, бу китоблар таржима қилиниб,  ислом уламоларининг кўригидан ўтказиб Бағдоднинг катта кутубхонасига жойлаштирилар эди.
Шу тарзда юнон, ассурия, ҳинд, санскрит, форс, лотин ва бошқа тиллардан жуда кўп китоб ва илмий асарлар таржима қилинди. Бағдод кутубхонаси ана шу китоблар билан тўлдирилган бўлиб, ўша давр илм-фанининг ҳар бир йўналишига оид китоблар билан бой эди.
Мўғуллар аввалига Бағдод кутубхонасининг барча китобларини ташқарига олиб чиқишди. Кўпчилик улар китобларни мўғуллар давлатининг пойтахти Қорақумга олиб кетишади ва сўнг ўзларининг фойдалари ва манфаатлари учун фойдаланса керак деб ўйлашди. Чунки мўғулларда ҳали тамаддун деган нарса йўқ ва тамаддун ҳали барпо қилиниши керак эди. Бироқ мўғуллар вахший ва ёввойи халқ эканини яна бир бор исботлашди. Уларнинг на ўқишга на ўрганишга иштиёқи бор эди. Улар фақат еб-ичиб, нафслари ва шаҳватларини қондирса бўлди эди. Уларнинг бирдан-бир мақсади йўлида учраган нарсаларни бузиш ва талон-тарож қилишдан иборат эди. Миллиондан ошиқ китоб ва асарлар Дажла дарёсига отилди. Ўткан асрлардаги Ислом уламоларининг шунча меҳнатлари мўғуллар тарафидан сувга оқизилди. Суга отилган китоблар шу даражада кўп эдики, дарёда китоблардан тўсиқлар (кечувлар) пайдо бўлди. Улардан одамлар бемалол ўтадиганлари ҳам бор эди. Сувга отилган китобларнинг сиёҳларидан дарё суви қора рангга бўялди. Умуман олганда мўғулларда бунёд қилиш, такомиллаштириш ва ниманидир ислоҳ қилиш нияти бўлмаган. Уларнинг асосий мақсади кўзларига кўринган барча нарсаларни вайрон, толон-тарож қилиш эди. Булар ислом уммати ва бошқалардан тўлиқ фарқ қиларди.
Уларнинг бу қилмишлари нафақат мусулмонларга қарши, балки бутун инсониятга қарши қаратилган эди. Бунга ўхшаш жиноят босқинчилар тарафидан мусулмонларга нисбатан биринчи марта қиланаётгани йўқ эди. Худди шу тарзда салбчилар Қуртубанинг кутубхонасини йўқ қилишган эди. Ғарнота (Гранада) шаҳри ҳам таслим бўлганида унинг кутубхонаси ҳам йўқ қилинди. Салбчилар миллионга яқин қитобларни шаҳар майдонларининг бирига олиб чиқиб, уларни ёқиб юборган. Валенсия, Сарагос, Севиля, Толедо ва Андалусиянинг бошқа шаҳарларидаги йирик кутубхоналарнинг тақдири ҳам шу каби аянчли эди.
Салбчилар Шомнинг Траблусидаги  кутубхонасини ҳам шу тарзда йўқ қилган. Умумий ҳисоб билан ўшанда Траблусда уч миллионга яқин китоб ёқиб юборилган. Ғаззо, Қуддуси шариф ва фаластиннинг бошқа шаҳарларидаги китоблар ҳам салбчилардан омон қолмаган.
Исломий кутубхоналарни йўқ қилишнинг янги босқичи 19 асрда давом этди. Бироқ бу сафар босқинчилар ўзларининг салафларидан анча фарқ қиларди. Улар энди бу китобларни йўқ қилмасдан уларни Европага олиб кета бошлади ва асрлар оша мусулмонлар топган ва ёзган бу илмий китоблар билан ўзларининг кутубхоналарини бойитиб олишди. Шунинг учун ҳам бизнинг китоблар ўзимизга қараганда, уларда анча кўп...
Барча даврларда босқинчиларнинг асосий мақсади умматимизни илм билан боғлиқ бўлган жойига китобларини йўқ қилиш, сувга оқизиш, ўғирлаб кетиш билан қаттиқ зарба беришми экан деб қоламан. Менга кўра, босқинчилар атайин шундай қилишар эди, чунки улар Исломда илмнинг аҳамиятини қанчалик юқори эканини жуда яхши билишган ва мусулмонлар илм-фанга қанчалик кўп эга бўлишса, шунчалик кучли бўлишидан қўрқишган.

Бағдоднинг вайрон қилиш давом этилди...

Мўғуллар Бағдоднинг катта кутутбхонаси ва Байтул Ҳикмани йўқ қилиб бўлганидан сўнг, улар бошқа бино ва иншоотларни, ислом тарихига оид ва бошқа кўзларига чиройли кўринган ва қандайдир бир аҳамиятга эга бўлган биноларни бузишга ўтдилар. Мазкур бино ва иншоотларнинг кўпи вайрон қилиб ташланди ёки уларга ўт қўйилди. Тўнаб кетиши мумкин бўлган барча нарса тўналди, олиб кетишга имкони бўлмаган нарсалар эса вайрон қилинди ёки уларга ўт қўйилди.
Мўғуллар саройлар, масжидлар, кутубхоналар ва шифохоналарнинг барчасини вайрон қилишди. Асрлар оша қад ростлаб турган бинолар йўқ қилинди. Вандализм ва вахшийлик ҳаракатлари шаҳарнинг аксар уйлари харобага айланганича давом этди.
Бу мудҳишликлар қирқ кун ва қирқ тун давом этди. Бунинг натижасида мусулмонларнинг халифалик пойтахти кўчаларини чириган жасадлар босиб кетди, кўчалар том маънода қизил - қон рангга бўйалди. Буюк шаҳар мудроққа чўмди, овозлар тинди илло мўғулларнинг фахшона ва сурбетларча қайқириқларию ва ҳамма нарсаларидан жудо бўлган ҳамда тинмасдан ва шафқатсиз зўрланаётган мусулима аёлларнинг йиғиларининг овозлари тинмаган эди.
“Улар оч қолган лочинларнинг тинч кабутарларга ташлангани ёки қутурган бўриларнинг қўйларга ташлангани каби шаҳарга ташландилар. Улардан ҳамма даҳшатга тушарди. Бойликлар аёвсиз таланди. Парда ортидан чиқмайдиган, ўзларини номаҳрамларга кўрсатишни ор биладиган мастура, муслима қизлар сочларидан тортиб кўчаларга олиб чиқилар ва мўғул аскарларига берилар эди... ана шу тарзда босқинчилар аҳолини йўқ қилишди” (Абдуллоҳ Вассаф).
Ҳувуллаб қолган Бағдод вайронгарчилик ичида ётарди, энди бу буюк шаҳар ўзини қайта тиклаши учун бир неча аср керак бўлади. Баъзи тарихчиларнинг ҳисоблашича, мўғуллар Месопотамиядаги минг йиллардан бери ишлаб турган ирригацион тизимини ҳам йўқ қилганлигини айтади. Бу тизимлар босқинчиликдан кейин қайта тикланмаган.
Бағдоднинг йиқилиши мусулмон тамаддуни ва маданиятига жуда катта зарба бўлди. Буюк шаҳар илм-фан, адабиёт ва санъат маркази бўлиб, шаҳар олиму-уламолар, адабиу-шоирлар ва файласуфларга бой эди. Минглаб олиму-уламолар, ёзувчи ва шоирлар қатл қилинди. Омон қолганлари Шом ва Мисрга қараб қочишди. Мусулмон оламининг яхлитлигига ҳам қаттиқ зарба берилди. Жуда кўп мусулмон ҳукмдорларнинг мўғулларга бўйинсинганидан мусулмонларнинг бирлигига ҳақида гапирилмаса ҳам бўладиган даражага келишди.
Насронийлар эса, дунёнинг турли бурчакларида ўз шодликларини намойиш қилишди ва Хулагу ва унинг насроний аёли Тўққиз хотинга шон-шарафлар айтишди.

Бағдод қуллаганидан сўнг

Шундай даврлар бўлганки, мусулмонлар давлати заифлашган, бироқ бунинг ортидан шундай даврлар келардики, мусулмонлар халифалиги ўзининг қудратини қайта тиклаб, кучли давлатга айланар эди. Бу давлат байроғи атрофида эса, бутун уммат қайта бирлашар эди. Агар мусулмонлар ўз халифи ва халифалигини йўқотсачи, нима бўлади? Бу ҳолатда бутун мусулмонларнинг бирлашиши мушкул, хатто иложи йўқ нарсага айланади.
Демак, айнан шу давр келди: Ислом оламининг пойтахти Бағдод қулади, у билан бирга халифалик ва халиф ҳам йўқ қилинди.
Бағдод қулаганидан бери мўғуллар мусулмонларнинг ерида қутуришни давом этарди, одамларни қатл қилишар ҳамда ислом маданиятини йўқ қилишни давом этарди. Бағдод шаҳридаги хунрезлик қирқ кун ва қирқ тун давом этди ва шу давр ичида шаҳар кўчаларидаги ўликлар чиришни бошлади...
Бу қирқ кун давом этган даҳшатларнинг барчасидан сўнг, Хулагу шаҳардаги дафн қилинмаган бир миллиондан ошиқ ўлиқ жасадларидан ўлат эпидемияси ўз қўшинлари орасида ҳам тарқалишидан қўрқиб, учта банддан иборат буйруқ чиқаради:
1. Мўғуллар аскарлари орасида ўлат тарқалмаслиги учун қўшин Бағдоддан чиқарилади ва Ироқнинг шимолидаги шаҳарларига жойлаштирилади. Оз қисмли гарнизон турли хил иғво чиқмаслиги учун Бағдод атрофига жойлаштирилади;
2.  Бағдод шаҳри аҳолиси учун хавфсизлик таъминланишини эълон қилиш, бундан кейин шаҳарда битта ҳам одам ўлдирилмайди. Бағдоднинг яширинган одамлари учун очиқликка чиқишга ва ўлганларни дафн қилишга рухсат берилади;
Бироқ, бир миллиондан ошиқ одамни дафн қилиш жуда оғир вазифа бўлиб, буни амалга ошириш учун жуда кўп вақт керак бўлади. Агар об-ҳаво ўзгармасидан олдин бу иш ниҳоясига етказилмаса бу касаллик нафақат Бағдод балки Ироқ ва Шомга ҳам тарқалиши мумкин эди. Агар эпидемия мазкур ҳудудларда тарқаладиган бўлса, бу касаллик мусулмонми ёки моғулми фарқ қилиб ўтирмайди. Шунинг учун ҳам Хулагу тирик қолган Бағдод аҳолиси ёрдамида бу жасадлардан қутилмоқчи бўлади. Шундан сўнг озиб-тўзган ва ранглари ўчган Бағдодликлар ўзларининг паналаридан чиқа бошлашди. Улар шу даражада ўзгариб к етгандиларки, хатто бир-бирларини танимас эди. Ҳар қайсини ўликлар орасидан ўзларининг ўғиллари, акалари, ота ва оналарини излашга тушишди...
Мусулмонлар шошилинч тарзда ўликларини дафн қилишга киришиб кетишди, бироқ қанчалик тез уринмасинлар, Хулаги ўйлаганидек бўлиб, Бағдодда даҳшатли ўлат эпидемияси бошланиб кетди. Бу эпидемия туфайли мўғул калласарларидан омон қолган жуда кўп мусулмонлар қирилиб кетди. Ибн Касир: “Урушдан омон қолганлар, ўлатдан омон қолмадилар. Бу Бағдод бошига тушган яна бир янги ҳалокат эди.... Ла ҳавла вала қуввата илла биллаҳ...” («Ал-Бидая ва Ан-Ниҳая»).
3. Эътиқоди шиалардан бўлган Муаййиддин Ибн Алқамийнинг Бағдодни бошқариш учун янги ташкил қилинган янги Бошқарувчилар Кенгашига раис этиб сайланди. Албатта, бу кенгаш мўғуллар назоратида бўлади.
Бироқ, Ибн Алқамий Бағдоднинг ҳокими бўлиб кўринса ҳам, аслида барча бошқарув мўғуллар қўлида эди. Бундан ташқари мўғуллар ҳар қадамда Бағдоднинг янги ҳокмини таҳқирлар эди. Бундай таҳқирлаш нафақат Хулагу тамонидан, балки мўғул қўшинининг бошқа юқори ловозимли зобитлари тарафидан ҳам бўлар эди. Баъзан оддий мўғул аскарлари ҳам ўтказиб юборишар эди.
Кунларнинг бирида Абн Алқамийни таҳқирлаётганини бир муслима аёл кўриб қолади. Ўшанда Бағдоднинг янги “ҳокими” ўзининг отига минаётганида мўғулларнинг бир аскари қамчиси билан унинг отини хуркитади. Ўшанда аёл ибн Алқамийга: “Ахир, аббосийлар сен билан шундай муамола қилармиди?”, деб айтади. («Ал-Бидая ва Ан-Ниҳая»)
Бу аёл Аббосий халифалигининг собиқ бош вазирига ким эдингу, кимга айландинг, халққа нега бунчалик зулм қилдинг, аббосийлар даврида қай аҳволда эдингу энди кимга айланганини эслатмоқчи бўлади. Бу вақтгача у халқнинг амири эди, Бағдоддаги ҳар бир одамга хатто халифага ҳам гапи ўтарди. Энди у қандай фожиага йўлиққанига қаранглар. Ўзи Бағдодга таклиф қилган мўғулларнинг ҳар қандай аскари уни ҳар қадамда таҳқирламоқда.
Ўз султони ва халқини сотган бу вазирнинг бу ҳолатга тушиши табиийи эди. Чунки ўз Дини, Ватани ва Ор-номусини сотган ҳар қандай одам хатто сотилган душманлари нигоҳи олдида ҳам ҳеч қандай қадрга эга бўлмайди. Бундай одамдан фақат вақтинчалик фойдаси тегиб турганича фойдаланилади халос, сўнг эса ахлат каби отиб юборилади.
Ушбу зукко аёлнинг гаплари Ибн Алқамийга қаттиқ тегади. Бағдоднинг янги “ҳокими” шармандаси чиқиб, маҳзун ҳолатда уйига бориб, унда тиқилиб олади. У кутганидек бўлмади, мўғуллар босиқинидан энг кўп зарар чеккан ўзи бўлиб чиқди. Ҳа, ҳозир у Бағдодга ҳоким, бироқ бу ҳокимда ҳукмрон қилиш учун иқтидори йўқ. Вайрон қилиб, ўт қўйилган шаҳар ҳокими, ўликлар ва касалларнинг ҳокими...
Ибн Алқамий бу шармандаликка чидай олмади ва бир неча кун ўтиб уйида итдек ўлим топди.
Бағдодга мўғуллар бостириб келганидан бир икки ой ўтиб, ҳижрий 656 йилда ёлғиз қолган ҳолатида ўлди. Шармандаси чиқиб на ўзига на авлоди учун ҳеч қандай манфаат ортира олмади.
Ибн Алқами ўлимидан сўнг, унинг ўрнига ўғлини таъйинлашди. Ўғли ҳам отасидан хиёнатни мерос қилиб олгани билан унга ҳам мансаби вафо қилмади ва 656 ҳижрий йилда ибн Алқамий ўғли ҳам ўлди.
Бунда ажабланадиган ҳеч нарса йўқ. Дарҳақиқат, кимда ким бу дунёга ёпишиб оладиган бўлса, Аллоҳ таолонинг жазосидан қутилиб қололмайди. Бу дунёда ёпишиб олган нарсаларни оқибатда хасрат бўлиб ўзига қайтади. Халиф ҳам охиригача  буларга ёпишиб олди ва айнан шу нарса унинг ҳалокатига сабаб бўлди. Бош вазир ибн Алқамий ҳам шу нарсага ёпишиб олган эди, унинг ҳалокати ҳам айнан шу нарсада бўлди. Бағдод аҳолиси ҳам айнан шу нарса учун ҳалокатга юз тутди, десак ҳам бўлади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Мен сизларнинг камбағал бўлишингиздан қўрқмайман. Фақат дунё сизлардан аввалгиларга ёпирилганидек устингизга ёпирилиб келишидан, улар сингари дунё учун рақобат қилишингиздан ва дунё уларни ҳалок қилганидек сизларни ҳам ҳалок қилишидан қўрқаман» (Имом Муслим ривояти).
Бағдоднинг қулаши ҳақидаги ҳабар ислом олами ва бутун дунёда яшин каби тез тарқалди. Ислом олами учун бир неча асрлардан бери дунёнинг энг йирик салтанати бўлган Аббосийлар халифалигининг мағлуб бўлиши қаттиқ зарба бўлиб, бундан мусулмонлар ларзага келишди. Буларнинг таърифини ёзишга тил ожиз...
Бағдод мусулмонларнинг оддий бир шаҳари эмас эди... Бағдод аҳоли уч миллиондан зиёд бўлган нафақат дунёдаги энг катта шаҳар, балки бу илм-фан, маданият маркази ҳам эди. Бағдод мусулмонлар халифалигининг пойтахти ҳам эди.
Бағдоднинг қуллаши нимани англатади? Мусулмонлар бир-бирларига шу саволни берар эди. Халифанинг ўлдирилиши, янгиси тайин қилинмагани нимадан дарак беради? Бу аввалигисдан ҳам қийин бўлган иккинчи савол эди. Халифа ва халифаликсиз  мусулмонлар аҳволи не кечади? Аббосийлар халифалиги Бағдод ва Ироқнинг баъзи худудларида бўлса ҳам халифалик ўша давр мусулмонлар учун муҳим бир тимсол эди. Шунинг учун ҳам халифаликнинг ағдарилиши ва халифанинг ўлдирилиши мусулмонлар учун катта фожиа эди.
Бу саволлар билан биргаликда мусулмонлар орасида турли хил миш-мишлар кўпайиб кетди. Бу миш-мишлар қанчалик ҳақиқатдан йироқ бўлса одамлар шунчалик буларга ишониб борарди. Бундай миш-мишларнинг энг каттасидан бири Бағдоднинг мўғуллар тарафидан  барбод қилиниши қиёмат соатининг яқин қолганининг аломати экан. Баъзилар мўғулларни Яжуж-Мажужлар шулар бўлса керак деб юборган. Бағдоднинг қулашидан сўнг мусулмонлар ҳолати ана шундай эди.
Насронийлар дунёсига тўхталадиган бўлсак, улар ўзларидан йўқ хурсанд эдилар, чунки бир неча асрлардан бери мусулмонлар халифалиги Ғарбнинг Яқин Шарқдаги босқинчилик манфаатларига қарши турган эди. Ўша давр, яъни ҳижрий еттинчи асрда дунёда энг йирик қудратли учта куч бор эди: Ислом дунёси, Насроний мамлакатлар ва мўғуллар. Юқорида зикр қилинган воқеалардан олдин мусулмон ва насронийлар ўртасида муросасиз уруш давом этаётган эди. Мўғуллар тарафидан берилган бу зарба мусулмонлар учун жуда оғриқли бўлди ва насронийлар билан бўлаётган урушда мусулмонларни анча заифлаштириб қўйди. Шунинг учун ҳам насроний мамлакатларида Миср ва Шомни забт этиш учун янги салбчилар юришини уюштириш фикрлари туғила бошланди.
Насронийларнинг Бағдоднинг қулаши учун фаол иштирок ҳам этиб, мўғулларга ҳам моддий ҳам маънавий кўмак берарди. Арманларнинг патриархи Хулагунинг мусулмонларга қарши урушни муқаддас уруш деб унга оқ тилаган. Мана шу ерда Гетум I ва Антикоялик Боэмунднинг мўғуллар қўшни билан қўшилиши ҳам юз берган.
Ўшанда мўғуллар ўз ваъдалари устидан чиққан биринчи ваъдани беришган. Насроний ҳукмдорлари ва мўғуллар ўртасида тузилган битимга кўра, Хулагу насронийларнинг барча оқими вакилларига омонлик берган. Шунинг учун ҳам Бағдоднинг насронийлари мўғул қўшинларидан озор чекмадилар. Бундан ташқари, Хулагу несториан патриархига қимматбаҳо совғаларни ҳадя қилиб, Аббосий халифасининг энг катта ва кўркам саройини қароргоҳ қилиш учун берган ҳамда уни ўзига маслаҳатчи ва бошқарувчилар кенгашига аъзо қилган.
Буни кўрган насронийлар мўғулларни Исо алайҳиссалом учун (мусулмонлардан) қасос олишга юборилган воситаси дейишларига сабаб бўлди. Улар бир неча йиллар олдин мўғулларнинг Европада қилган хунрезликларини унутиб қўйган кўринади. Афсус, бундай нарсалар тарихда кўп бўлган...
Нсронийлар олами худди шу тарзда Андалусиядаги мусулмонларнинг энг сўнгги истиҳкоми бўлган Ғарнотанинг (Гранада) қуллашида ҳам хурсанд бўлишган эди. Агар биз Бағдод ва Ғарнотанинг қулаши воқеаларини қиёс қиладиган бўлсак, жуда кўп умумий жиҳатларни топамиз. Хатто тарих бу икки шаҳарда бир хил такрор бўлган, деб юборамиз...

Юрагим кўтарса ҳамда агар Аллоҳ таоло қодир қилса Андалусияни қандай бой берганимиз армони ҳақида ҳам бир нарса дейман...

islamdag.ru сайтидаги бир неча туркум материаллари асосида

Абу Муслим тайёрланди

 
Баннер