Саналар
11.12.2017
Баннер
Абу Муслим. АНДАЛУСИЯ
PDF Босма E-mail

Кириш

Бугун шундай даврда яшаяпмизки, кўпчилик ўз тарихини билмайди, билса ҳам унинг оз қисмидан хабардор холос.
Ўз жонлари ва молларини ушбу пок ва гўзал дин даъвати йўлида фидо қилган одамларнинг жасоратлари, шонли тарихлари вақт чанги қоплаган китобларда қолиб кетмоқда. Бироқ биз, яъни келажакка умид билан боқаётган авлод ўз тарихимизни яхши билишларимиз керак. Тарихида не-не буюк давлатлар, қанчадан-қанча жасур подшоҳлар ва лашкарбошилар ўтгани ҳақида қарийб ҳеч нарса билмаймиз. Андалус ҳам ана шундай давлатлардан бири бўлиб, мусулмонлар ушбу мамлакатда саккиз юз йилдан зиёд давр мобайнида ҳукмдорлик қилган.
Умавий амирларидан Валид ибн Абдулмалик ҳукмдорлиги (705-715) даврида Испания ва Португалия Мусо Нусайя ва унинг мавлоси Ториқ ибн Зиёд томонидан ҳижрий 92 (милодий 711) йилда фатҳ этилди ва бу икки давлат фатҳдан сўнг араб тилида битта ном билан «Андалусия» деб атала бошланди. Андалусия Ислом халифалиги даврида ниҳоятда гуллаб-яшнаган, Қуртуба (Кордова), Ишбилия (Севиля), Ғарнота (Ғарнота) каби ўлкалар илм-фан, маданият, савдо-сотиқ соҳасида фақат Бағдод ва Қустантаниядангина орқада бўлган.
Андалусияда гўзал шаҳарлар, муҳташам масжид ва қасрлар барпо этилган, ҳунармандчилик ривожланган. Андалусиядан донғи дунёга кетган Имом Қуртубий, Ибн Арабий, Ибн Ҳазм, Ибн Рушд, Абу Ҳаййон, Ибн Атиййа каби олимлар етишиб чиққан. Андалусияда исломий китобларнинг улкан хазиналари жамланган, исломий билимлар юксак даражада ривожланган эди. Бу ерда барпо этилган ва Ислом меъморлигининг шоҳ асарлари саналган Аз-Заҳро, Ал-Ҳамро каби муҳташам ва фусункор қасрларни ҳалигача бирор миллат ёки давлат қура олгани йўқ.
Насронийлар ҳижрий 635 (милодий 1236) йили Қуртубани, 646 (милодий 1248) йили Ишбилияни босиб олиб,  барча мусулмонларни қиличдан ўтказди, Ислом маданияти обидаларини яксон қилиб, китобларни ёқди. Фақат Ғарнотада мусулмонлар ҳукмронлиги милодий 1492 йилгача давом этди ва шундан кейин Андалусия батамом таназзулга юз тутди
Хуллас, мазкур китоб ҳақида “Бағдоднинг қулаши” деб номланган китобчамиз сўнгида хабар бериб ўткандим. Мана “Андалус” ҳақидаги китобчамиз ҳам нашрга тайёр бўлди. Ушбу китоб ўқувчилари эътиборига қачонлардир ҳозирги Испания ва Португалия ҳудудида мусулмонлар ҳукмронлиги остида бўлган мазкур мамлакатда содир бўлган барча муҳим воқеаларнинг кенг қамровли шарҳи тақдим этилади. Ўқувчимиз ҳам ўз олдига ўта муҳим: саккиз асрдан зиёд муддатга эга бўлган тарихдан хулоса чиқариб олиш мақсадини қўйиб олишлари мақсадга мувофиқ. Бу ҳақда тарихчи боболаримиз айтганидек, “Сиздан олдин яшаганларнинг тажрибасидан хулоса чиқарингки, токи кейинги авлодга дарс бўлмаслигингиздан аввал...” .
Шунингдек, ўқувчиларга Ислом тарихидан кўплаб янги маълумотларни олиб, ўз билимларини бойитиш имконияти тақдим этилади. 
Ушбу китоб тайёр бўлишига ўз хиссаларини қўшган Аббос  Асад, Санжар Саид ва бошқа азизларимизга алоҳида миннатдорчилигимни билдираман...

Абу Муслим

АНДАЛУСГА ЙЎЛ

Нима учун Андалус тарихини ўрганишимиз керак?
Андалус тарихи 800 йилга яқин (92-897 й.й.) даврни ўз ичига олади. Ушбу давр ичида кўплаб миллатлар тарих саҳнасига кўтарилиб, юз тубан қулаган, Андалус тарихида буюк инсонлар ва қабиҳ қўрқоқлар, улкан ғалабалар ва аламли мағлубиятлар жуда кўп. Андалус – билим ва ҳикмат излаганлар учун чинакам хазинадир.
Ушбу тарихни ўрганишга киришишдан олдин бир неча саволни қўйиш керак:
1)    Мусулмонлар нима сабабдан қилич кўтариб, Андалусни фатҳ қилишга киришди?
Ўша вақтда бу ҳудудда шимолий олмонлар қабилалари - готлар яшаган. Бироқ табиий савол туғилиши мумкин: Ахир динда мажбур қилиш йўқ, бироқ нима сабабдан мусулмонлар мустақил мамлакатларни фатҳ эта бошлади? Шу ерда Исломда урушларнинг икки тури мавжудлигини эсга олайлик:
1.    Мудофаа уруши;
2.    Ҳужум ва забт этиш кўринишидаги уруш.
Ислом ақидасига кўра, Аллоҳ мазкур динни ер юзидаги барча инсонлар учун нозил қилган. Ҳар бир халқ устида ўз ҳукмдори, оддий раъиятнинг эътиқод, урф-одатлари устидан назоратчилари бўлади. Уларнинг аксарияти турли сабабларга кўра янги ва ҳақиқий динни қабул қилишга қарши чиққани сабабли мусулмонлар Аллоҳнинг амри билан ислом даъватини муҳофаза қилиш учун фатҳ юришларини бошлади. Акс ҳолда сигирларга сиғиниладиган Ҳиндистон ёки шамонлик билан шуғулланадиган Африканинг олис саҳроларида яккахудоликка ким даъват қиларди? Зеро бу ерларга ҳарбий қўшин ёрдамисиз етиб бориш иложсиз. Ўз-ўзидан ушбу ҳудудлар ҳукмдорлари олдида мусулмонларга қарши қилич кўтариб чиқишдан бошқа чора қолмаган. Шу билан бирга, мусулмонлар ҳам Ислом ҳақиқатини етказиш учун қурол кўтариб, уларга қарши уруш очишга мажбур эди. Бироқ шуни унутмаслик лозимки, ҳарбий ҳаракатлар фақат Исломга қаршилик қилганларга нисбатан қўлланилган, қаршилик қилмаган оддий одамларга нисбатан куч ишлатилмаган. Ҳазрати Умар ибн Ҳаттоб розиаллоҳу анҳу ҳам: “Деҳқонларга (оддий халққа) нисбатан Аллоҳдан тақво қилинг”, деб бежиз айтмаган.
2)    Андалус қаерда жойлашган?
Бу мамлакат ҳозирги Испания ва Португалия ҳудудларида жойлашган. Қанчалардир Франциянинг жанубий қисми ҳам Андалус таркибида бўлган. Умумий майдони 600 минг квадрат километр. Жанубда Гибралтар бўғози ва Ўртаер денгизи, ғарбда эса Атлантика океани сувлари Андалус соҳилларини ювиб турган. 800 йил давомида Андалуснинг қайсидир ерларини насронийлар ишғол қилган, кейин эса яна қайта мусулмонлар қўлига ўтган, янги фатҳлар ва мағлубиятлар такрорланиб турган. Шу сабабдан бу давлатнинг харитасини тўлиқ тақдим этишнинг имкони йўқ. Бироқ юқоридаги харитада ушбу давлатнинг тахминий ҳудудлари белгиланган. Шунингдек, Леон, Навар, Кастилия, Арагон каби давлатларнинг қаерда жойлашгани ҳам кўрсатилган. Ғаним ҳудудлари ҳам шу каби турли урушлар боис катталашган ва кичиклашган. Бир неча юз йил ўтиб, Андалус йигирма иккита майда давлатларга бўлиниб кетди. Китобхон юқоридаги харитага назар ташласа, Қордоба халифалиги ҳудуди ҳақида тасаввурга эга бўлади.
3)    Нима учун бу давлат “Андалусия” деб аталган?  
2000 йил олдин Андалусия ҳудудида вандаллар яшаган бўлиб, улар яшаган макон аввал-бошдан “Вандалусия” деб аталган. Кейинроқ вандаллар бу ерларни тарк этиб, Гибралтар бўғози орқали ҳозирги Марокаш ҳудудларига кўчиб ўтишган. Бироқ вақт ўтиб улар бир вақтлар истиқомат қилган ерлар “ал-Андалус” деб атала бошланди.
4)    Мусулмонлар нима учун айнан Испанияга юриш қилди?
Андалус ерларини забт этиш ғояси эса унинг фатҳига киришишдан анча олдин пайдо бўлган эди. Биз мусулмонларнинг кўп йиллар давомида Рум пойтахти Константинополни забт этишга уриниб келганини биламиз. Учинчи халифа Усмон ибн Аффон розиаллоҳу анҳунинг: “Албатта Константинополни фақат денгиздан туриб забт этиш мумкин. Ва агар Андалусни ишғол этсангиз, Константинополни забт этганларнинг мукофотига шерик бўласиз”, деган гаплари бор.
5) Андалуснинг фатҳи қачон амалга ошди?
Бу ҳижратнинг 92 йилида, халифаликни Уммавийлардан Валид ибн Абдулмалик бошқараётган даврда (ҳижратнинг 86-96 йилларида) амалга ошган. Ўша пайтда Европа аҳолиси жуда қашшоқ яшаган, уларнинг кам қисмигина бой бўлиб, зодагонлар асосан феодаллар, мулозимлар ва қироллардан иборат эди. Европаликларнинг аксарияти баданидаги кир шифобахш хусусиятга эга дея ишонар, камдан-кам ҳолатларда гигиена қоидаларига амал қилинарди: бир йилда бир марта ҳаммом қилиш улар учун жуда катта муваффақият саналарди. Бу ҳақда Европа тарихчилари асарларида ҳам кўплаб маълумотларни учратиш мумкин.

АНДАЛУСНИНГ ФАТҲ ЭТИЛИШИ (23 – 92)

Ислом Шимолий Африка ҳудудига Андалусга юриш бошланишидан 70 йил аввал кириб борган. Ҳижратнинг 23 йилида мусулмонлар шимолий Африкани забт эта бошлаган. Ўша пайтда ушбу ҳудудлар аҳолиси асосан барбарлардан иборат бўлиб, улар гоҳ Исломни қабул қилишар, гоҳ ундан чиқиб кетишарди. Бу аҳвол Мусо ибн Нусайр деган одам пайдо бўлгунича давом этди. Мусо ибн Нусайр тобеинлардан  эди. Унинг отаси Нусайр саҳоба Холид ибн Валид бошчилигидаги “Айн ут-Тамр” жангида асирга олинган бўлиб, ўша пайтда бор-йўғи 13 ёшда эди. У черковларнинг бирида таълим олаётган насроний ўспирин эди. Саҳобаларнинг даъвати билан у Исломни қабул қилди.
Нусайр шариат илмларини эгаллаб, олим бўлди. У, шунингдек яхши чавандоз ҳам эди. Кейинчалик Муовия ибн Абу Суфён халифалик даврида лашкарбоши этиб тайинланди. Унинг ўғли Мусо Муовия ибн Абу Суфённинг саройида тарбиялана бошлади. Мусо ҳам улғайиб, Миср ҳудудида лашкарбоши бўлди, ўшанда бу вилоятга Абдулазиз ибн Марвон волийлик қиларди. Бирмунча вақт ўтиб Мусо бутун Шимолий Африка бўйлаб Уммавийлар лашкарининг етакчиси бўлди. Айнан ўша пайтда, ҳижратнинг 85 йилида Ислом ана шу ҳудудларда мустаҳкам ўрнашди.
Умуман олганда, Шимолий Африка ҳудудини саҳоба Уқба ибн Нофиъа розиаллоҳу анҳу забт этиб бўлган, бироқ Ислом бу ердаги аҳолининг қалбидан мустаҳкам ўрин олмаган, унинг ўзи эса Кайравон шаҳри йўлида барбарлар томонидан ўлдирилганди.
Мусо ибн Нусайр Уқбанинг хатоларини таҳлил эта туриб, унинг иккита катта хатога йўл қўйганини тушуниб етди:
1.    Уқба ибн Нофиъа янги ҳудудларни жуда қисқа муддатларда забт этиб, уларни ҳимоясиз қолдирарди.
2.    Лашкарнинг маънавий ахлоқи паст, иймони заиф эди.
Шундан сўнг Мусо ибн Нусайр қўшин ортини мустаҳкамлаш мақсадида ушбу ҳудудларни Холид ибн Валиддан ибрат олган ҳолда аста-секинлик билан забт эта бошлади. Бунга 6-7 йил вақт кетди, ҳолбуки Уқба ибн Нофиъ бутун Шимолий Африка ҳудудини бир неча ойда қўлга киритганди. Мусо, шунингдек Яман, Шом, Ҳижоз ва бошқа мамлакатлардан уламоларни олиб келиб, одамларга динни ўргата бошлади.
Атлантика океани қирғоқларига етиб келган Мусо қитъа жанубига, деярли кимсасиз, одам яшамайдиган Саҳрои Кабирга қараб юриш нотўғри эканини англаб етди ва шимолга қараб юришга қарор қилди. У Шимолий Африканинг Марокашдаги Гибралтар бўғозига олиб йўл очиб берадиган Сабт шаҳридан бошқа барча ҳудудларини ишғол қилди.
Ушбу бўғознинг кенглиги 13 километрдан 37 километргача етади. Гибралтар қирғоғида эса ҳаммаси бўлиб иккита шаҳар – Танжа билан Сабт жойлашган эди. Ўша пайтда мусулмонлар Танжани ишғол этиб бўлгандилар. Ва Мусо ибн Мусайр стратегик жиҳатдан ўта муҳим бўлган бу шаҳарга келиб чиқиши барбарлар қабиласидан бўлган Тариқ ибн Зиёдни лашкарбоши этиб тайинлади.
Барбарларнинг ўзлари оқ юзли, яшил кўзли, кўп ҳолларда сочлари малларанг бўларди. Баъзи тарихчиларнинг айтишича, барбарлар аслида шимолий герман қабилаларининг авлодлари бўлиб, Шимолий Африка ерларига келишганига анча бўлган. Тариқ ибн Зиёднинг ўзи эса, ривоят қилинишича, жуссаси йирик, сочлари сариқ рангда бўлган.
Андалусга юришдан олдин Мусо ибн Нусайрнинг қуйидаги муаммолари бор эди:
1.    Денгиздан сузиб ўтиш учун кемалар сони етарли бўлмаган, негаки шу вақтгача мусулмонларнинг аксарият жанглари асосан қуруқликда ўтган бўлиб, баъзи ҳолларда Ўртаер денгизида ҳам жанг қилинган.
2.    Андалус йўлида Балеар ороллари жойлашган бўлиб, уларда кўплаб кўнгилсизликлар келтириши мумкин бўлган византияликлар истиқомат қилган. Мусо ортида душман кайфиятидаги византияликларни қолдириб, армияси билан Испанияга киришни хоҳламаган, чунки улар ортдан туриб ҳужум қилиши мумкин эди.
3.    Мусулмонлар ҳали подшоҳ Юлиан бошқараётган Сабта шаҳрини фатҳ қилмагандилар. Бу подшоҳнинг Испаниянинг олдинги ҳукмдори Ғайташа билан муносабати жуда яхши эди. Бироқ Ғайташани Родриго исмли киши тахтдан ағдарди. Шоҳ Юлиан Родригонинг ҳукмдорлик қилишига қарши эди, собиқ қиролнинг ўғиллари ҳам Юлианнинг олдига қочиб келишган ва ундан Родригога қарши ёрдам сўрашган эдилар. Бироқ на Ғайташанинг ўғилларида, на Юлианда Родригога қарши чиққани куч етарли эмасди.
4.    Арабистон ярим оролидан ва Ямандан етиб келган кучлар етарли бўлмасдан, бутун Шимолий Африкада тарқоқ ҳолатда эди.
5.    Андалусдаги насронийлар кучли эди: уларда тажрибали ҳарбий қўмондонлар ва мустаҳкам қалъалар кўп эди.
6.    Мусулмонлар Андалус ҳақида деярли ҳеч нарса билишмасди.
Мусонинг бу иш анча вақт олишини билсада биринчи навбатда Ўртаер денгизига чиқадиган соҳилларда бандаргоҳлар ҳамда, кемалар қуриш билан машғул бўлди. Бандаргоҳларнинг энг йириги Кайравон шаҳрида эди.
Иккинчиси, у барбарларнинг иймони кучайиши ҳамда диндаги биродарликнинг ахлоқий сифатлари яхшиланиши учун махсус ўқувларни ташкил этди.
Учинчиси, у Андалусга юришга раҳбар этиб Тариқ ибн Зиёдни тайинлади. У араб ва барбар тилларини аъло даражада билган, тақводор инсон эди.
Қайд этиш жоизки, у қўшинга қўмондон этиб арабни эмас, балки барбарни тайинлади, сабаби армиянинг асосий қисмини барбарлар ташкил этиб, уларнинг ҳаммаси ҳам араб тилини билмасди.
Тўртинчиси, Мусо ибн Нусайр қўшин билан юриш қилиб, Балеар оролларини фатҳ этди ва шу билан қўшин ортини хавф-хатардан хотиржам қилди.
Бироқ шунга қарамай Мусода баъзи муаммолар қолди. Олдин айтилганидек, Мусо кемаларни қурган, олимларни олиб келган, Балеар оролларини фатҳ қилгани билан битта муаммо қолганди – шоҳ Юлиан ва Сабта шаҳри. Бироқ Мусо муваффақиятга эришиш учун барча тадбирларни кўриб қўйган эди. Қолаверса, Юлиан ҳам мусулмонлар тез орада унинг шаҳрини забт этишга киришишини тушунар, боз устига, Родригодан қасос олиш орзусида ёнаётган Ғайташанинг ўғиллари унинг олдида эди. Бу ўғилларнинг Испанияда улкан ер-мулклари бўлса ҳам деярли ҳеч қандай ҳарбий кучлари йўқ эди. Бундан ташқари, Юлианнинг ўзи Родригони жуда ёмон кўрарди. Кунларнинг бирида Тариқ ибн Зиёд Танжа шаҳридаги ўз қалъасида ўтирганида, унга Юлианнинг чопарлари қуйидаги таклифларни олиб келди:
-    Мен (Юлиан) сизларга Сабта шаҳрини топшираман;
-    Мен сизларга кемалар бериб ёрдам қиламан;
-    Мен Андалус жуғрофияси ва аҳолиси тўғрисида маълумот бераман;
-    Ва буларнинг ҳаммасини олдинги қирол Ғайташанинг ер-мулкларига эгалик қилиш ҳуқуқи эвазига тақдим этаман.
Тариқ ибн Зиёд бу ҳақда Мусога маълум қилди, у эса мусулмонларнинг ўша пайтдаги халифаси Валид ибн Абдулмаликка мактуб йўллади. Ҳалифа Юлианнинг таклифини битта шарт билан қабул қилишга рухсат берди: Юлианнинг сўзлари нечоғлик чин эканлигини текшириш учун разведка отрядини юбориш керак. Мусо 500 кишилик отряд тўплаб, унга Тариф ибн Маликни  қўмондон этиб тайинлади.
91 ҳижрий йилнинг Рамазон ойида Тариф Гибралтардан ўтиб, Андалуснинг жанубий қисмини ўргана бошлади ва Юлион тақдим этган ахборот ҳақиқат эканини кўрди. Шундан кейин Мусо бир йил давомида қўшин тайёрлади ва алалоқибат етти минг кишилик лашкар тўпланди.
Ҳижратнинг 92 йили Шаъбон ойида қўшин кемаларда бўғозни кесиб ўтиб, Тариқ  тоғи ёнбағрида тўхтади. У ердан Жазират-ул-Ҳадра ороли ҳудудига ўтган мусулмонлар унчалик катта бўлмаган испан армиясига йўлиқди. Тариқ ибн Зиёд уларга уч марта исломга ўтишни таклиф қилди ва қуйидаги сўзларни айтди: “Агар исломни қабул қилмасангиз, унда жизъя тўлайсиз, акс ҳолда уруш бошлаймиз”. Улар бош тортдилар ва жанг бошланди. Мусулмонлар ғалаба қозонди, бироқ испанлар қўмондони Родригога мактуб ёзишга улгуришди. Мактубда шундай ёзилади: “Оҳ, Родриго, бизга ёрдамга шошилгин. Чиндан ҳам бу ерга шундай лашкар етиб келдики, улар ер аҳлими ёки осмондан тушдиларми, билмай қолдик”.
Ўша пайтда Андалуснинг пойтахти Испания марказидаги Тулейтула шаҳри эди. Қирол Родрига жуда катта қўшин тўплади, ундаги чавандозларнинг ўзи юз мингга етиб қолай деди. Тариқ ибн Зиёд қўшинининг аксарияти пиёда бўлиб, У Шимолий Африкага мактуб юбориб, ёрдам кучи сўради. Мусо ибн Нусайр унга қачонлардир разведка отрядига раҳбарлик қилган Тариф ибн Малик бошлиқ яна беш минг аскар жўнатди. Шундан сўнг Тариқ жанг учун жой қидира бошлади ва “Барбат” дея аталган водийни топди (бошқа ривоятлар “Люкка” ёки “Лакка”). Мусулмонларнинг позицияси жуда қулай: ортида ҳам тоғлар, кунчиқар тарафда ҳам тоғлар, кунботар тарафда эса кўл бор эди. Бундай жойлашув унга Родриго армиясининг айланиб, орқадан зарба бермаслигига имкон яратарди. Шунга қарамай, у орқани ҳимоя қилишни унчалик катта бўлмаган қўшин билан Тариф ибн Маликка топширди.
Ва ниҳоят Родриго бошлиқ 100 минг отлиқ қўшин етиб келди, уларни устига қўлга олинган асир мусулмонларни боғлаш учун атайлаб арқон ортиб олинган хачирлар кузатиб келарди. Зарбоф либосларга бурканган Родригонинг ўзи хачирлар тортиб келаётган олтин тахтиравонда келарди.
Ниҳоят 92 ҳижрий йилнинг 28-Рамазон куни жанг бошланди. Қўшинлар сонида улкан фарқ бор эди. Бу жанг 8 кун давом этди. Ҳатто Ийд-ал-Фитр куни ҳам мусулмонлар жанг қилишдан тўхтамади. Ниҳоят саккиз кун давом этган тўхтовсиз жанглардан сўнг мусулмонлар испанлар устидан ғалаба қозонди. Ривоятлардан бирида Родриго ўлдирилган, бошқаларида эса қочиб кетган деб ҳикоя қилинади. Шундан сўнг қирол Родриго тарихи ўчирилди ва ушбу жангдан сўнг у ҳақда ҳеч қандай ривоятлар бўлмади. Мусулмонлар катта ўлжаларга эга бўлди, ўлжанинг энг яхшиси отлар бўлди. Ўн икки минг мусулмон қўшнидан уч минг нафари жангда ҳалок бўлишди.
Ривоятларда айтилишича, Тариқ ибн Зиёд Андалус ҳудудига етиб келганида мусулмонларни шижоатлантириш учун ҳамда ортга йўлни кесиш учун ўз кемаларини ёндириб ташлаган экан. Бироқ бу ривоятларнинг негизи заифдир: мусулмон тарихчиларининг китобларнинг бирортасида ҳам бу воқеа ҳақида ҳикоя қилинмайди. Бу воқеа асосан европаликларнинг тарих китобларида битилган. Ҳар ҳолда европаликлар сон жиҳатдан испанлардан анча кам бўлган мусулмонларнинг руҳий устунлиги ва шижоатини қандайдир йўл билан изоҳлашлари керак бўлган. Аммо, бундай ҳолатлар мусулмонлар учун одатий эди, чунки ўтган аксар жангларда мусулмонлар душман лашкарига нисбатан сон жиҳатдан оз бўлишган. Боз устига, улуғ саркарда бўлган Тариқ ибн Зиёд армиянинг ортга чекиниши учун йўлни тўсиб қўйиши мумкин эмасди, кемалар ҳам унинг мулки эмас, байтул-мол маблағлари ҳисобига қурилган, баъзилари эса қирол Юлиандан вақтинча фойдаланиш учун ижарага олинган эди.
Урушдан сўнг Тариқ ибн Зиёд Андалусни эгаллаш имкониятини қўлдан бермаслик керак, деган қарорга келди ҳамда шимолга, мамлакатнинг энг катта шаҳарларидан бири Ишбилияга қараб юриш бошлади. Шаҳар ҳимояси жуда мустаҳкам бўлишига қарамай, унинг аҳолиси ўз ихтиёри билан мусулмонларга дарвозани очиб берди ҳамда жизъя тўлашга рози бўлди.

ВОЛИЙЛАР ДАВРИ (92 – 114)

Тариқ ибн Зиёд Устунжа шаҳрини қамалга олиб, насронийлар билан жанг бошлади. Насронийлар жуда қаттиқ қаршилик кўрсатдилар, бироқ охир-оқибат мусулмонларга жизъя тўлашга рози бўлдилар. Шундан сўнг Тариқ етти юзга яқин жангчилардан иборат унчалик катта бўлмаган қўшинларни Андалуснинг жанубий ҳудудларига юбора бошлади. Унинг ўзи эса асосий қўшин билан бирга Тулейтула шаҳрига қараб юриш бошлади. 700 кишилик қўшинлардан бири Қуртуба (Кордова) шаҳрини қўлга киритди, бошқа қўшинлар эса Малка (Малага), Ғарнота, Мурсия ва бошқа таниқли шаҳарларни забт эта бошладилар.
Шу вақтнинг ўзида Тариқ ибн Зиёд шимол ичкарисига кира туриб, Жайан қалъасини, гарчи у жуда ҳам мустаҳкам бўлишига қарамай, ишғол эта олди. Шундан сўнг у Испаниядаги ҳимояси энг мустаҳкам саналган Тулейтулага қараб йўл олди ва қалъа олдига етиб келганида, Родриго қўшини мағлубиятга учрагани ҳақида эшитган насронийлар ҳеч қандай жангларсиз шаҳар дарвозасини очиб бердилар ва жизъя тўлашга рози бўлдилар. Ушбу хушхабарни эшитган Мусо ибн Нусайр унга мактуб йўллаб, Шимолий Африкадан ёрдамчи қўшин етиб келгунига қадар шаҳардан чиқмасликка буйруқ берди.
Мусо 18 минг навкардан иборат қўшин тайёрлади. Шимолий Африка бўйлаб мусулмонлар Гиборалтар ортида янги ҳудудларни фатҳ этгани тўғрисидаги миш-мишлар тарқалиши ортидан жуда кўп одамлар тўпланди ва кўпчилик янги юришлар сари тайёргарлик кўра бошладилар. Аскарлар Яман, Ироқ ва Шомдан келдилар. Улар Гибралтар бўғозидан сузиб ўтганларида, Мусонинг ташвишлангани бекор эмаслиги маълум бўлди: Ишбилия шаҳри аҳолиси Тариқ ибн Зиёдга хиёнат қилди: унга ортидан туриб зарба беришга тайёр турганди. Бироқ насронийлар қўшини Тариқ ибн Зиёдга энди ҳужум қилмоқчи бўлганида, Мусо ибн Нусайрнинг йигирма минг кишилик қўшини етиб келди. Ишбилия қамали бир неча ой давом этди. Шундан сўнг улар дарвозаларини қайтадан очиб, мусулмонларга таслим бўлдилар. Шундан сўнг Мусо аста-секинлик билан, босқичма-босқич Андалусни забт эта бошлади. Хусусан, ғарбда у қалъаларнинг бирини қамалга олиб, янада ғарброқда жойлашган бошқа қалъани забт этиш учун ўғли Абдулазиз ибн Мусони жўнатди ва у қисқа муддат ичида бутун ғарбий Андалусни фатҳ этди (Лиссабон ва бошқа шаҳарлар). Мусо бу заминга қадам қўйганидан сўнг бир йил ўтгандангина Тариқ ибн Зиёд билан юзма-юз кўришдилар.
Шундан кейин иккови бирлашиб, қолган ҳудудларни фатҳ этишга киришдилар ҳамда Барселона ва Сарагоса шаҳрини қўлга киритиш ортидан деярли бутун Андалусни фатҳ этдилар. Ажабланарли ери шундаки, Испания ва Францияни ўртасини Пиреней тоғлари ажратиб турганига қарамай, Мусо ибн Нусайр қўшинни айнан шу тоғлар орқали юборди ва отряд Нарбонна (Арбуна) шаҳрини забт этди. Кейин бу шаҳар катта провинцияга айланди.
Шундай қилиб, тахминан 3,5 йил ичида улар деярли бутун Андалусни ишғол этдилар, фақат Испаниянинг шимоли-ғарбида жойлашган Галисия дея аталмиш ер парчаси қолиб кетди.
Бу воқеалар ҳижратдан сўнг 95 йиллар атрофида содир бўлган. Бирмунча вақт ўтиб халифа Валид ибн Абдулмаликдан мактуб келди. Мўминлар амири Мусо ва Тариқ тезда Дамашққа келишларини талаб қилганди. Мусо ибн Нусайр бундан қаттиқ ранжиди. Ўша пайтда у 75 ёшга кирганди. Тарихчиларнинг айтишича, Мусо бутун Ервопани фатҳ қилмоқчи ва Константинополгача етиб бормоқчи бўлганди. Улар Дамашққа етиб келганларида, мусулмонлар амири Валид ибн Абдулмалик ўлим талвасасида ётар, уч кун ўтиб вафот этганди. Тахтга ўтирган халифа Сулаймон ҳам уларнинг иккови ҳам Дамашқда қолиши керак, деган фикрда собит эди. Бир йил ўтиб халифа Сулаймон ҳажга отланди ва ўша 97 ҳижрий йилида Мусо ибн Нусайр ҳам унга ҳамроҳ бўлди. Мадинага етиб келганида Мусо ибн Нусайр дорул-бақога рихлат этди.
Тариқ ҳақида сўз юритиладиган бўлса, у Дамашққа қайтганидан сўнг у ҳақда тарих китобларида ҳеч қандай маълумот битилмади. Баъзиларнинг айтишича, у ҳижратнинг 102 йилида вафот этди.
Мусо забт этишга улгурмаган Испания шимоли-ғарбидаги ўша кичкина замин асрлар оша ислом Андалусининг қулашига сабаб бўлди.
Кўринишидан арзимайдиган нарса, аммо тарих бизга ажиб мисолларни тақдим этиб, улардан ибрат олишимизни таклиф этади. Шундай қилиб, Андалус фатҳи тарихи ҳижрий 96-йилида ниҳоясига етди. Кўпчилик тарихчиларнинг айтишича, бу ҳарбий фаолият соҳасидаги мўъжиза эди. Кўплаб тоғлар ва дарёлар каби табиий тўсиқларга тўлиб тошган улкан ҳудудни 3,5 йилда қўлга киритиш деярли имконсиз эди. Бироқ буюк саркардалардан бўлган Тариқ ибн Зиёд ва Мусо ибн Нусайр раҳбарлигидаги мусулмонлар қўшини улкан зафар қазонди.
Ана шундан сўнг Дамашқдаги халифага бўйсунувчи волийлар даври бошланиб, 42 йил давом этди (96-138 ҳ.й.й). Халифа Сулаймон амри ила биринчи бўлиб Абдулазиз ибн Мусо ибн Нусайр волийликка тайинланди. У отасига менгзаган, Мусонинг ўзи у ҳақда “У доимо тунлари қоим ва кундузи соимдир” деб гапириб юрарди.
Бироқ 42 йил давомида 22 та волий алмашди ва бу Андалусга салбий таъсир қилди. Нега энди 22 та волий алмашди?
1.    Кўп волийлар ҳарбий юришларда ҳалок бўлдилар;
2.    Баъзилар ҳокимиятни қўлга киритиш учун бошқаларни ағдариб, сиёсий фитналарни қўзғаган.
Ҳижратнинг 123 йилигача салтанат кучли бўлган, 123 йилдан 138 йилгача Андалус бошқаруви заифлашган. Андалус аҳолиси дастлабки пайтда дин аҳкомлари билан танишиб, исломни қабул қила бошладилар. Испанлар ҳақиқий дин – инсон ҳаётининг барча жабҳаларини яхшиликка чорлайдиган тинчлик ва яхшилик динини топдилар. Улар тўда-тўда бўлиб Аллоҳ динига кира бошладилар.
Синфлар бўйича табақаланиш бекор қилинди, динда ҳеч қандай мажбурлаш йўқ эди, черковлар қолдирилди, баъзида эса черковлар сотиб олиниб, масжидларга айлантирилди. Мусулмонлар жуда кўп кўприклар қурдилар, қурол-аслаҳа ишлаб чиқарадиган устахоналар очдилар, денгиз флотини қурдилар. Ҳатто насронийлар ва яҳудийлар ҳам араб тилини ўрганиб, бундан фахрланардилар. Мусулмонлар пойтахтни Тулейтуладан Қуртубага кўчирдилар. Шунингдек, Францияга мунтазам юришлар бўлиб турди. Самҳ ибн Малик Ҳулиёний буюк волийлардан бири эди. Уни мусулмонларнинг амири Умар ибн Абдулазиз волий этиб тайинлаганди. Умар ибн Абдулазиз ўзи қандай бўлса, вилоятларга ҳам ўзига ўхшаган тақводор мўминларни волий этиб тайинларди. Самҳ ибн Малик Франция жануби-ғарбининг бутун ҳудудини эгаллади ва Тулуза шаҳригача етиб борди. У ўзининг зафарона юришларини 102 йилнинг Арафот кунида шаҳид бўлгунига қадар давом эттирди.
Ундан кейин бир неча волийлар бошқарувни қўлга олдилар, 103 йилда эса волийлик Анбаса ибн Суҳайм қўлига ўтди ва у деяли Парижгача етиб борди. У Париждан 30 чақирим масофада жойлашган Санс шаҳрига етиб борганида жанг майдонида шаҳид бўлди. У Франция ҳудудининг деярли 70 фоизини эгаллаганди. У ҳалок бўлганидан сўнг кўп нарсалар ўзгарди. Шундай қилиб, волийлар алмашар экан, ҳукмдорлик Ҳайсам Қулобий қўлига ўтди. У араб миллатидан бўлиб, қонида миллатчилик кучли эди. Иш Андалуснинг ўзида барбарлар ва араблар ўртасида тўқнашувларнинг келиб чиқишигача етиб борди. Ундан кейин волийлик Абдурраҳмон ибн Ғафиқийга ўтди, у бир-бирига адоватда бўлган барча мусулмонларни яраштирди. У мусулмон мужоҳидларининг оёғи етмаган жойларгача борди: у Франциянинг деярли бутун ғарбий қисмини забт этди ҳамда Бордо, Тур, Тамуша каби шаҳарларни қўлга киритиб, Путье шаҳрига етиб келди. У 50 минг кишилик қўшинга эга бўлди ва улар бу ерларнинг ҳаммасини забт этдилар ва жуда кўп ўлжаларга эга бўлдилар. Шундан сўнг араблар ва барбарлар ўртасида ўлжалар сабабли низолар чиқа бошлади, лекин муаммоларнинг каттаси одамлар: “Бизнинг лашкаримиз улкан, бизни ҳеч ким енга олмайди” деган сўзларни гапира бошладилар.
Ва ниҳоят улар Пуатьега яқинлашганларида, уларга қарши Карл Мартелл  деган лашкарбоши қарши чиқди. Карл 499 минг кишилик аскар тўплади ва “Балат” дея аталувчи жойда жанг бошланди. Тарихда бу жанг “Балату шуҳада” (шаҳидлар саройи) деб ном олган. Жанг ташландиқ сарой ёнида ўтгани учун шундай номга эга бўлди. 114 ҳижрий йилнинг Рамазон ойида ўтган бу жанг 10 кун давом этди. Аввалига мусулмонлар зафар қозона бошладилар, бироқ французлар мусулмонлар ўлжа йиғишга тушганларини кўриб ўлжаларни талашни бошладилар. Мусулмонлар эса жанг қолиб ўлжаларини ҳимоя қила бошладилар ва натижада улар улкан мағлубиятга учрадилар. Европаликларнинг айтишича, “агар Путьедаги жангда мусулмонлар ғалаба қозонганларида, улар бутун Европани қўлга киритган бўлардилар ва ўшанда Оксфордда Қуръон ўқитиларди”. Пуатьедаги жангда Абдурраҳмон Ғафиқий шаҳид бўлди. Пуатьедаги жангдан сўнг Андалусдаги ривожланиш даври ниҳоясига етди.

АБДУРРАҲМОН ДОХИЛИЙ – ҚУРАЙШЛАР ШУНҚОРИ
(114-146)

Пуатьедаги жангдан сўнг Уқба ибн Ҳажжож Сулалий 116 йилдан 123 йилгача волийлик қилди. Етти йил давомида у Францияга 7 марта юриш қилди. У қудрат даврининг сўнгги волийси эди ва жангларнинг бирида шаҳид бўлди. Унинг ўзи асирларни Исломга даъват қилар ва икки мингга яқин француз Уқба сабабли Исломни қабул қилганди. 123 дан 138 йилгача заифлик ва низолар даври бўлди. Бу даврда мустабидлардан иборат волийлар ҳукмдор бўлдилар. Уларнинг орасида Абдулмалик ибн Катан бор эди. У ўлжаларни фақат мудар қабиласидан бўлган араблар ўртасида тақсимларди. Сўнгги волий Юсуф ибн Абдурраҳмон Фахрий ҳижратнинг 130 йилидан 138 йилгача ҳукмдорлик қилган. У халифатдан ажралиб чиқиб, ўша пайтдаги мўминлар амирига итоат қилишдан бош тортган. Франциядаги ҳудудларнинг деярли ҳаммаси бой берилган ва ҳатто насронийларнинг янги давлати Леон пайдо бўлди. Андалусда ҳаворижлар пайдо бўлди, улар барбарларнинг аксариятини ўз томонларига оғдириб олдилар. Ҳижратнинг 132 йилида Уммавийлар халифаси ағдариб ташланди ва тахтни қонли тўқнашувлар воситасида эгаллаган Аббосийлар сулоласининг ҳукмдорлиги бошланди. Кўплаб тарихчиларнинг айтишича, Андалусда ҳам мусулмонлар ҳукмронлиги ўз ниҳоясига етиш хавфи туғилди.
Аббосийлар ўз иқтидорларини мустаҳкамлаш йўлида бану Умайа сулоласининг барча аъзоларини қириб ташладилар, илло қочиб кетганлар омон қолди. Улар орасида халифа Ҳишомнинг (105-125 ҳижрий йиллар) набираси Абдурраҳмон ибн Муовия ҳам бор эди.
Аббосийлар тахтни эгаллаганида Абдурраҳмон ибн Муовия 19 ёшда эди. Ироқда бўлган чоғида кунларнинг бирида у оиласи билан уйда ўтирган бўлиб, кўзлари қаттиқ оғриётганди ва унинг олдига тўрт ёшли ўғли йиғлаб кирди, уни ҳарчанд тинчитмоқчи бўлсада, уддасидан чиқмади. Шунда у ҳовлига чиқиб, Аббосийларнинг қора туғларини кўриб қолди. У шу заҳотиёқ нарсаларини йиғиштириб, 13 ёшли укаси Валид билан Фуротга қараб қочди. Аббосийлар аёллар ва гўдакларга тегмаслигини билиб, оиласини қолдириб кетди. Фуротга яқинлашиб келиб, улар дарёдан сузиб ўта бошладилар. Уларнинг ортидан қувиб келаётганлар: “Ортга қайтинглар, сизларга омонлик берамиз!” дея бақира кетдилар. Укаси Валид уларга ишониб Абдурраҳмоннинг сўзига кирмай ортга сузиб кетди. Сабаби у толиққан эди. Акасининг кўз ўнгида уни ўлдирдилар. Абдурраҳмон Фурот дарёсидан сузиб ўтиб, Шимолий Африкага қочишга қарор қилди, чунки унинг онаси барбарлар қабиласидан эди.
У Ҳижоз, Мисрдан ўтиб, Кайраван шаҳрига йўл олди, у ерда ҳам Уммавийларни, ҳам Аббосийларни ўзига бирдек ашаддий душман деб билувчи Абдурраҳмон ибн Ҳабиб бошлиқ ҳаворижлар исён қилаётганди. Шунинг учун у Ливиядаги Барка шаҳрига қочишга мажбур бўлиб, у ерда 4 йил қолиб кетди. Шундан кейин у Андалусга кетишга қарор қилди, бироқ бундан олдин ходими Бадрни “бану Умайага” мойил бўлганлар билан алоқа ўрнатишга жўнатди. Ўшанда унинг ёши 23 га етганди. Боз устига, у барбарлар билан ҳам хат ёзиша бошлади. Бу пайтда у тузуккина сиёсатчи ва дипломат бўлиб қолганди. Абдурраҳмоннинг ходими Бадр хожасига Ғолибат-Тамимий исмли чопарни юборди. Табиатан некбин бўлган Абдурраҳмон чопарнинг исмини билиб, “Алҳамдулиллаҳ, биз Аллоҳнинг изни билан зафар қозонамиз ва ишларимизни ниҳоясига етказамиз”,  деди. Шундан сўнг у чопар билан бирга Гибралтар бўғозини кесиб ўтди. Бу ерда уни Бадр кутиб олди. Улар биргаликда Андалус пойтахти Қуртуба шаҳрига йўл олдилар. Бу вақтда Юсуф Фахрий шимолда навбатдаги исённи бостираётганди.
Абдурраҳмон ўз атрофига Уммавийлар ва барбарларни тўплади, бироқ улар озчилик эди. Шу боис у Абу Субаҳ Яҳсубий бошлиқ яманликлар билан иттифоқ тузишга эришди. Шундан сўнг Абдурраҳмон Юсуфга мактуб ёзиб, ўзини омон қолган Уммавийларнинг авлоди, халифанинг набираси экани, ҳокимиятни ўз қўлига олмоқчи бўлаётганини маълум қилди. Бироқ Юсуф бўйсунишдан бош тортди ва унга қарши жуда катта қўшин солиб келди. Шундан кейин 138 йилнинг Зул-Ҳижжа ойида “ал-Мусора” дея ном олган жанг бўлиб ўтди. Мусулмонлар мусулмонларга қарши уруши жуда катта мусибат эди, аммо муаммони ҳал қилишнинг бошқа чораси қолмаганди гўё.
Абдурраҳмоннинг оти жуда учқур эди. Яманликлар у ҳақда баҳс қила туриб, Абдурраҳмон жанг пайтида қочиб кетиши мумкин, деб гапира бошладилар. Бу миш-мишлар унинг қулоғига етиб борди. У яманликларнинг олдига келиб, отни берди ва ўрнига хачир миниб: “Отдан туриб камондан ўқ узиш қулай эмас экан, у жуда ҳам учқур экан”, деди.
Яманликлар унинг бу ишидан ажабланиб, бу одам жанг ўртасида дорул-ҳарбни ташлаб қочадиганлардан эмаслигига амин бўлдилар. “Ал-мусора” жангида Абдурраҳмон ғолиб келди ва яманликлар Юсуфнинг қочаётган қўшинлари ортидан қувлай бошладилар. Лекин Абдурраҳмон “Уларни тинч қўйинг, душманингиз билан дўстлашмоқчи бўлсангиз (ахир улар мусулмонку), уларни бутунлай қириб ташламанг. Уларни каттароқ душманларингиз (яъни фаранглар) учун қолдиринг”, дея амр этди. У шундай ажойиб ва етук сиёсатчи йигит эди! Жангдан сўнг Абу Субаҳ Абдурраҳмонни маҳв этмоқчи бўлди. Бироқ аксарият яманликлар унга қарши чиқишдан бош тортиб, “Чиндан ҳам бу одам ажойиб экан”, дедилар. Бу гаплар Абдурраҳмоннинг қулоғига етиб борди. Бироқ у мусулмонлар ўртасидаги бирдамликни йўқотмаслик учун Абу Субаҳга қарши ҳеч қандай чора кўрмади. Фақат орадан 11 йил ўтиб, ҳокимиятда мустаҳкам ўрнашиб олганидан кейин у Абу Субаҳни узоқ йиллар мобайнида эгаллаб турган мансабидан олиб ташлади. Ушбу жангдан сўнг у Қуртуба шаҳрини, Андалус жанубини эгаллаб олди ва уни Абдурраҳмон Дохилий деб атай бошладилар.
138 йилдан Уммавийлар бошқаруви бошланди ва у 34 йил давомида, ҳижратнинг 172 йилигача ҳукмдорлик қилди. У ҳам ишни исёнларни бостиришни бошлади, бироқ 146 йилда Аббосийлар сулоласининг иккинчиси халифа Абу Жаъфар Мансур Абдурраҳмонни ағдариш учун юборган Ал-Ала Ҳадрамий бошчилигида катта исён бўлди. Ал-Ала Ҳадрамий мағлуб бўлди ва шундан сўнг Андалусни забт этишга уринишлар тўхтади. Абу Жаъфар ҳатто Абдурраҳмонга “қурайшийлар шунқори” деб ном берди ва “Алҳамдулиллаҳи, бизларнинг орамизда денгизни тўсиқ қилиб қўйди”, деди.

УММАВИЙЛАР АМИРЛИГИ (146 – 300)

Юқорида айтиб ўтилганидек, Абдурраҳмон Дохилий Андалусда истиқомат қиладиган мусулмонларнинг халоскори бўлиб қолди. У Аббосийлар сулоласига таслим бўлмади, илло таслим бўлса, албатта ҳалокатга юз тутишини аниқ биларди, чунки Аббосийлар ўз олдига Уммавийларни йўқ қилишни мақсад қилиб олгандилар. Абдурраҳмон Дохилий уч қисмдан иборат бўлган лашкар тўплай бошлади:
1.    Исломни қабул қилган маҳаллий аҳоли;
2.    Араблар, барбарлар, яманликлар;
3.    Абдурраҳмон томонидан сотиб олинган ҳамда ислом руҳида тарбияланган қуллар ва насронийлар.
Унинг бошқарув даври ниҳоясига яқинлашганда лашкарларининг сони юз мингга етиб қолди. У қилич ясайдиган устахоналар барпо этди. Шунингдек, Қуртубада масжид қурди (айни пайтда бу масжид черковга айлантирилган). Бу масжид қурилишига саксон минг олтин динор сарфлади. Ундан кейин “бану Умайа” сулоласидан саккиз авлод волийлари масжидни кенгайтиришда давом этдилар ва дунёдаги энг катта масжидлардан бирига айлантирдилар. У, шунингдек, пул зарбхонасини қуриб, “бану Аббос” сулоласи бошқараётган халифаликдан фарқ қиладиган маҳаллий тангаларни зарб эта бошлади. У бобоси Ҳишомдан ибрат олган ҳолда дунёдаги энг катта “Расафа” боғини барпо этди. У бутун дунёдан дарахт кўчатларни келтириб экди. Кўприклар, қалъалар қуриб, Андалуснинг барча вилоятларини йўллар билан боғлади.
Ўша пайтда шимоли-ғарбдаги Леон ва шимоли-ғарбдаги Франция асосий душманлар эди. У учта чегара марказлари ўрнатди:
1. Сарагоса
2. Салим
3. Леон тарафида яна битта қалъа.
У йилнинг ҳар ёз мавсумида албатта Франция томонига юришлар уюштирарди. Мамлакат бюджетини у учта қисмга бўларди:
1.    Армияга
2.    Давлатнинг кундалик ишларига
3.    Муҳтамал иқтисодий бўҳрон ҳолатига захира жамғармаси.
Тартуша, Барселона, Мария ва бошқа шаҳарларда кучли флот барпо этди. Тарихчи Ибн Ҳайан ал-Андулисий уни буюк саркарда ва лашкарбоши сифатида таърифлаган. “У оқил, беозор, билимдон, журъатли, зийрак ва салобатли эди. У кўтарилишга жуда енгил, ҳеч қачон бекор ўтирмас, доим бирор иш билан машғул эди. У жуда меҳрибон ва сахий, гапга чечан, жаноза намозларига борар ва баъзида уларни ўзи бошқарарди, жума ва ҳайит намозларини ўтиб берар, мавъизалар қилар, касал одамларни зиёрат қилар, доим нималаргадир интиларди. Билим доираси ниҳоятда кенглигига қарамай, у бошқа лашкарбошилар ва олимлардан маслаҳат олишдан ор қилмасди. Бу чинакам мўминнинг сифати бўлиб, улар ҳеч қачон бекор ўтирмайдилар ва доим дунёвий ва ҳам ухровий соҳаларда фойдали иш билан машғул бўладилар. Бугунги кунда бекорчи, фойдасиз ишларга шўнғиб кетган ёшларимиз бундан ибрат олишлари лозим.
Абдурраҳмон халқ орасида тансоқчиларсиз юрарди, ҳолбуки бу ўша даврдаги ҳукмдорлар учун одатий ҳол эди. У одамларнинг хулафои рошидинларнинг иккинчиси бўлган Умар ибн Ҳаттобга, унинг боши остига ёстиқ ўрнига тош қўйиб, остига чопонини ёпиб ётганини кўриб гапирган гапларини ёдга олди: “Сен бизларга бош бўлдинг ва бизларни самимий ва адолатли тарзда бошқардинг, шунинг учун сен хотиржам ухлашинг мумкин, ё Умар!”
Бир куни бизлар учун қизиқарли ва ибратли воқеа содир бўлди. Унинг олдига бир одам келиб, бошқаларнинг ҳузурида ниманидир сўраб илтимос қилди. Абдурраҳмон унинг илтимосини бажариб шундай деб айтди: “Агар сенда яна қандайдир эҳтиёж ёки муаммо пайдо бўлиб қолса, бу ҳақда бир вароқ қоғозга ёзгинда бизга бер, илло одамлар сенинг муаммоларинг ҳақида билмасинлар. Бироқ бу қоғоз парчасини бизга беришдан аввал сен уни самимий илтижо ва ният билан Сенинг ва бизнинг Роббимизга беришинг керак бўлади”.
Шу йўл билан у одамларни биринчи навбатда ёрдам сўраб Аллоҳ Таолога мурожаат қилиш кераклигига ўргатарди.
Қариб, умри поёнига етиб бораётган пайтда у ўзидан сўнг кимни ворис қилиб қолдириш ҳақида ўйлай бошлади. Унинг икки ўғли бўлиб, бирининг исми Ҳишом, иккинчисиники Сулаймон эди. Абдурраҳмон уларни узоқ вақт синовдан ўтказиб, ўйлай-ўйлай ўзидан сўнг ворисликка Ҳишомни танлади. Кўпчилик Ҳишомни ўз даврининг улуғ халифаси Умар ибн Абдулазизга ўхшатарди.
Ҳишом ибн Абдурраҳмон 8 йил ҳукмдорлик қилди (172-180 ҳ.й.). У олим эди, араб тилини ёйишда жидду жаҳд кўрсатди. Ҳатто яҳудийлар ва насронийларнинг ўқув марказларида ҳам араб тили ўқитиларди. У шунингдек, моликийлар мазҳабини тарғиб қилди. Ундан кейин ўғли Ҳакам ибн Ҳишом ибн Абдурраҳмон 180-206 ҳижрий йилларда ҳукмдорлик қилди. У шеърият ва шикор мухлиси эди. Шундай бўлишига қарамасдан, Ҳакам ибн Ҳишом жуда шавқатсиз инсон бўлиб, халқни солиқлар билан эзиб қўйди. У исёнларни жуда аёвсизлик билан бостирар, исёнкорларнинг уйларига ўт қўяр, ўзларини эса давлатдан бадарға қиларди. Бироқ у шимолга юришларини ҳам давом эттирарди. Халқига нисбатан шавқатсиз муносабатда бўлгани учун Аллоҳ баъзи шаҳарларни, мисол учун, Барселонани насронийлар қўлига ўтказиб қўйди.
Кейинроқ бу шаҳарлар ўрнида янги насроний давлати – Арагон пайдо бўла бошлади. Бироқ Аллоҳнинг раҳмати туфайли у ўлимидан икки йил олдин Оламлар Парвардигори олдида тавба қилди, халқидан кечирим сўради ва ўзига ворис этиб ўғли Абдурраҳмон ибн Ҳакам ибн Ҳишомни тайинлади. Тарихда у Абдурраҳмон II номи билан танилди.
Шундай қилиб, ибн Ҳишомдан сўнг янги ҳукмдор – унинг ўғли Абдурраҳмон Иккинчи келди ва ҳижратнинг 206 йилидан 238 йилигача ҳукмдорлик қилди. У яхши, юмшоқ кўнгилли инсон бўлиб, илм ва олимларни хуш кўрар, шунинг учун унинг даврида Андалуснинг барча бурчакларида маърифат гуркиради. Унинг даврида Аббос ибн Фарнас исмли математик яшаган бўлиб, сунъий қанотлар ёрдамида бошқарилувчи парвоз аппаратини ясашга уринган ва Қуртуба масжиди минорасидан сакраб, эсон-омон ерга қўнган эди. У шунингдек, сув соатини, қум соати учун (кремнийдан) шиша ва ҳатто дельтапланнинг биринчи прототипини ихтиро қилган. У, шунингдек, сиёҳ ручкаси учун перони ихтиро қилган.
Абдурраҳмон II бутун дунё бўйлаб ва ҳатто Бағдоддаги олимларни ҳам Андалусга таклиф қилди. Қуртубадаги энг катта кутубхонани қурди. Бу кутубхона катталиги жиҳатидан фақат Бағдоддаги кутубхонадан ортда қолган. Шунингдек, савдо-сотиқ жуда ривожланиб кетди, боғлар, саройлар барпо этилди. Тарихчиларнинг айтишича, бу даврда Андалус кўчаларида қашшоқларни топиб бўлмасди. Ўша даврда, ҳижратнинг 230 йилида викингларнинг Ишбилияга юриши содир бўлди. Улар шаҳарни бутунлай вайрон қилдилар, аҳолини тунаб, аёлларни зўрладилар ва шундан кейин Мария, Мурсия ва бошқа шаҳарларга ҳужум қилдилар. Абдурраҳмон II лашкар тўплаб, викингларга қарши уруш очди. Жанг юз кун давом этди ва ниҳоят мусулмонлар ғалаба қозондилар. Душманнинг 35 га яқин кемаси чўктирилди. Мусулмонлар зафар қучиб, викинглар ортга қайтдилар.
Ушбу воқеадан сўнг у биринчи навбатда Ишбилия шаҳрини улкан девор билан ўраб чиқди, чунки бу шаҳар Атлантика окенига оқувчи дарё қирғоқларида жойлашганди ва кўпчилик унга осонгина етишардилар. У иккита жуда қудратли флот барпо этди: бирини Атлантика океанида ва иккинчисини Ўртаер денгизида. Шунингдек, 234 ҳижрий йилда Балеар оролларини қайтадан фатҳ этди.
Шундан сўнг, 238 йилдан 300 йилгача (62 йил) ожизлик даври бошланди. Бу давр мобайнида бор-йўғи уч киши ҳукмдорлик қилган:
1.    Абдурраҳмон II нинг ўғли - Муҳаммад
2.    Муҳаммаднинг биринчи ўғли - Мунзир
3.    Муҳаммаднинг иккинчи ўғли – Абдуллоҳ

Ожизликнинг сабаби нимада эди?

1.    Мусулмонларга келган бойлик тўлиб-тошиб кетди. Бу ҳолат мусулмонларни фитнага учратди.
2.    Зирёб  – Бағдоддаги Иброҳим Мавсалийнинг шогирди. У қўшиқчи ва мусиқачи бўлиб, Аббосийлар халифасига жуда ёқиб қолганди. Бироқ унинг устози шогирдига ҳасад қилиб, туҳмат уюштирди. Оқибатда саройдан ҳайдалган Зирёб Андалусга йўл олди. У ерда ҳам ҳаммани овози билан ўзига ром эта бошлади. У одамларни қўшиқ айтишга, мусиқага, модага, тансиқ таомларга ва бошқа иллатларга ўргата бошлади. Оқибатда қўшиқчилар кўпайиб кетди, одамлар рақсга туша бошладилар. Улар Зирёбни Қуръондан ва ҳадислардан кўра кўпроқ тинглай бошладилар. Ҳатто бугунги кунда ҳам одамлар Зирёбни танийдилар ва у маданият ва маърифатни тарқатган деб гапирадилар, ҳолбуки аслида у Андалус таназзулининг энг катта сабабчиларидан бири бўлган эди.
3.     Умар ибн Ҳафсун – келиб чиқиши Андалусдан бўлган қароқчи. У жанубда исён бошлади ва жанубий Андалуснинг деярли барча қисмини забт этди. Бирмунча вақт ўтиб, у насронийликни қабул қилди ва 286 йилда ўзини Самуил деб атай бошлади. Шундан кейин унга шимоли-ғарбдаги насронийлар ёрдам кўрсата бошлади.
4.    Баъзилар ҳокимиятни эгаллаш учун бир-бирларини ўлдира бошладилар, деярли барча шаҳарлар марказий Қуртуба бошқарувидан ажралиб чиқди.
5.    Шимолий Африкада Фотимийлар давлати пайдо бўлиб, мамлакатдаги деярли барча суннийлар қириб ташланди. Фотимийлар шиаларнинг энг ашаддий оқимларидан бири бўлган.
6.    Яна бир насронийлик давлати – Навара пайдо бўлиб, шимолдан таҳдид сола бошлади.
7.    Ҳижоз, Хуросон, Шом, Табаристон ва бошқа мамлакатлар тарқоқлашиб кетди. Уларнинг баъзиларида карромийлар, бошқаларда эса деярли адашганлар ҳокимият бошқарувига келдилар. Аббосийлар фақат Бағдодга ва унга яқин баъзи ҳудудларга эгалик қилардилар.
Гўёки ҳеч қаердан нажот йўқдек, бироқ бу давлатдаги кўп нарсаларни ўзгартира олган одам ўртага чиқди ва Андалус яна бир бор бутун Европадаги энг қудратли давлатга айланди.

УММАВИЙЛАР БОШҚАРУВИ ДАВРИ (300 – 366)

Ҳижратнинг уч юзинчи йилида Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Абдурраҳмон II вафот этди. Халқ ўртасида ички низолар содир бўлаётганди. Абдуллоҳнинг халифа бўлишга ярайдиган ўғли бор эди, лекин у 278 ҳижрий йилда ўлдирилганди. Бироқ унинг Абдурраҳмон исмли набираси бўлиб, отаси ўлдирилган пайтда бор-йўғи уч ҳафталик эди. Мана, 22 йил ўтиб тахминан 300 ҳижрий йилда Абдурраҳмон ибн Муҳаммад ибн Абдулло ибн Абдурраҳмон II ҳамма нарсани ўзгартириб юборди: заифлик ўрнига қудрат, тарқоқлик ўрнига бирлик, хорлик ўрнига буюклик қайтиб, Андалусни дунёдаги энг қудратли давлатлардан бирига айлантирди.
Уни бобоси тақводорликда тарбиялаган, ҳар бир ишда Аллоҳга таваккал қилиб, доно ва жасур инсон бўлиб етишди. У бор-йўғи 21 ёшда эди ва ҳикмат эгаси бўлган бу йигит тарихни ўзгартириш нима ишларни қилди?
1.    У вазирларни ва лашкарбошиларни алмаштира бошлади, ахлоқсизларни йўқотиб, давлат лавозимларига тақводор одамларни тайинлади.
2.    У олимларнинг мартабасини кўтариб, ўзи Аллоҳнинг шариатига бутун вужуди билан бўйсунди. Кунларнинг бирида ўша даврнинг буюк уламоси Мунзир ибн Сайид жума хутбасида Абдурраҳмон саройининг қурилишига жуда кўп пуллар сарфланиб, исрофга йўл қўйилганини айтди ва мавъизасини шундай давом эттирдики, Абдурраҳмон уйга қайтиб “Аллоҳга қасамки, Мунзир фақат мени назарда тутиб гапирди”, деб айтди. Аёнларидан бири унга “Агар у сенга маъқул келмаган бўлса, уни олиб ташлайлик”, деди. Абдурраҳмон унга эътироз билдириб, “Наҳотки мен Мунзир ибн Сайид каби одамни четлатсам? Бунақаси ҳеч қачон бўлмайди! Аллоҳга қасамки, Қиёмат кунида Аллоҳ ҳузурида мени Мунзир каби ҳимоя қиладиган одам топилмайди” деди. Чиндан ҳам уламолар ҳукмдорларнинг тарбияси учун масъулдирлар.
3.    У исёнларни бостиришга ва бу ишни муртад Самуилдан (насронийликни қабул қилган Умар ибн Ҳафсун) бошлашга қарор қилди. Икки ой давомида у Қуртуба лашкарларини тўплади ва Самуилдан Устужа шаҳрини, 2-3 ой ўтиб 70 қалъаси бор Жайан шаҳрини қайтариб олди. Жайанни қайтариб олиш учун уч ой: Шаъбон, Рамазон ва Шаввал кетди.
Муртад Самуилни шимолда насронийлар, жанубда эса фотимий шиалар қўллашарди. Аммо Абдурраҳмон улкан мусулмонлар армиясига эга бўлган Ишбилия шаҳрини ишғол этишга қарор қилди ва шундан сўнг Жанубга юриш қилиб, Гибралтар бўғозини эгаллади ва фотимийлардан келадиган ҳар қандай муҳтамал ёрдам йўлини кесиб қўйди. Шунда Самуил сулҳ таклиф қилиб, эвазига 162 та қалъани топширишга ваъда қилди. Абдурраҳмон муваққат сулҳга рози бўлди. Шундай қилиб, Андалуснинг 1/6 қисми Абдурраҳмон қўлига ўтди.
Шундан сўнг Абдурраҳмон насронийлар шимолдан туриб қўзғолон кўтарган мусулмонларга қарши ҳужум қилганини билиб қолди ва лашкар тўплаб, диндошларига ёрдамга шошилди ва бу юришга икки йил кетди. У Қуртубага жуда катта ўлжалар билан қайтди ва халққа ҳақиқий ҳукмдор қандай бўлиши кераклиги намунасини кўрсатди. У халққа асосий душман насронийлар эканини кўрсатди ва мусулмонларни ўзаро низолардан қайтарди.
304 йилда Қуртуба шаҳрига қайтганида уни хушхабар кутаётганди – Сарагоса шаҳри ўз ихтиёри билан Абдурраҳмонга таслим бўлди.
Самуил 306 йилда 66 ёшида исломга қайтмай, муртад ҳолида вафот этди. Абдурраҳмон имкониятдан фойдаланиб, Андалуснинг бутун жануби-шарқий қисмини эгаллайди.
308 йилда Тулейтула шаҳрига юриш бошланди ва мусулмонлар бу шаҳарнинг ҳимояси жуда мустаҳкам бўлишига қарамай ғалаба қозондилар. Шу йилнинг ўзида шимолда насронийларга қарши юриш бўлиб ўтди: уч ойлик курашдан сўнг мусулмонлар яна зафар қучдилар ва Салим шаҳрини ўз назорати остига олдилар.
312 йилда – Навар давлатига қарши юриш уюштирилиб, пойтахти Мамбалона забт этилди.
Абдурраҳмон 38 ёшга етганда бутун Андалусни бирлаштирди ва насронийларнинг баъзи шаҳарларини забт этди. 16 йил давомида у бутун давлатни қайтариб олди. Тарихда у Абдурраҳмон Носир номи билан қолди.
316 йилда Абдурраҳмон Носир ўзини мўминларнинг амири, Андалусда халифалик эълон қилди. Шундай қилиб, ҳижратнинг 400 йилигача Уммавийлар халифалиги даври бўлди. У бу ишни фотимийлар Шимолий Африкада ўз халифалигини эълон қилганларидан сўнг “Бунга мен ҳақлироқман”, дея амалга оширди. 319 ҳижрий йилда у Шимолий Африкага юриш қилиб, фотимийларнинг 2 та шаҳри – Танжа ва Сабтани қўлга киритди.
323 йилда Сарагоса шаҳрининг ҳокими Муҳаммад ибн Ҳишом насронийлар билан бирлашиб, Абдурраҳмонга хиёнат қилди.
Абдурраҳмон ўша заҳотиёқ қалъалардан бирини забт этиб, Муҳаммаднинг кўз ўнгида хиёнаткорларни қатл этади. Муҳаммад ибн Ҳишом Аллоҳга тавба қилиб, Абдурраҳмонга таслим бўлади. Носир унинг узрини қабул қилиб, ҳокимлик лавозимида қолдиради. Бу чинакамига ажабланарли воқеа бўлиб, бундан кейин ҳеч қандай хиёнаткорликлар бўлмайди.
325 йилда Арагон давлатига қарши юриш Барселонани тўлиқ қайта қўлга олиш билан якун топади.
327 йилда эса у юз минг кишилик қўшин бошида туриб, Леон давлатига қарши юриш қилади ва катта “Ҳандақ” жанги бўлиб ўтади. Бу жангда Абдурраҳмон хатога йўл қўяди.
Мисоли Ҳунайн жанги қайта бўлиб ўтгандек, эллик мингга яқин мусулмон аскарлари ўлдирилади ва асирга олинади. Улар мағлубият аламини тортиб жанг майдонини тарк этадилар. Носир ўз хатосини англаб, ўзи устида ва халқ билан ишлашни бошлайди. Уламолар одамларни исломга даъват қилишни бошлайдилар, тўғри эътиқодларни тушунтирадилар ва мусулмонларнинг руҳини кўтарадилар, чунки мағлубият мусулмонлар қалбларидаги хатоликлар боис содир бўлганди.
329 йилдан 335 йилгача у Шимолга юришлар қилади ва насронийларнинг учта давлати жизъя тўлашга рози бўлади. У бутун дунё вакилларини қабул қилиш учун Заҳро шаҳрини қуради, унда учта қасабаси бўлади:
1.    Қўриқчилар, муншийлар ва ходимлар учун
2.    Вазирлар учун
3.    Ҳалифалик саройи, уни бутун дунёдан, шу жумладан, Константинополь, Бағдоддан ва бошқа шаҳарлардан келтирилган қурилиш материалларидан қурадилар. Бу саройнинг мусулмонлар мамлакатлари ичра мисли йўқ эди.
Қуртуба шаҳрида ярим миллион аҳоли яшарди, ўшанда бу шаҳар катталиги бўйича Бағдоддан кейин иккинчи ўринда турарди. Шаҳарда 13 мингда участкали уйлар, 28 та катта истироҳат боғи, уч мингта масжид, ҳайвонот боғлари ва кўплаб бошқа иншоотлар бор эди. У Қуртуба шаҳридаги масжидни ҳаддан зиёд кенгайтириб юборди.
У барча шаҳарларда қурол-аслаҳа устахоналарини барпо этди, деҳқончиликни ривожлантирди, унинг 200 га яқин кемаси бор эди. Мамлакатда олтин, кумуш қазиб чиқариларди, бозорлар очиларди, шунингдек, кундузги, тунги ва денгиз миршаблари хизмати ташкил этилганди. Миршаблик тузилгани боис кўплаб исён ва қўзғолонлар тўхтади. У апелляция судларини ташкил этди. Абдурраҳмон Носир шунингдек, Қуртубадаги кутубхонани кенгайтирди, унда 400 мингга яқин китоб сақланарди. У халифа бўлган даврда янги касб-ҳунарлар пайдо бўлди.
Европадан тинмай делегациялар келарди: Германия, Италия ва бошқа мамлакатлар дўстлик истардилар, катта-катта совғалар туҳфа этардилар. Англия қиролидан ҳатто фарзандларининг Қуртуба университетида ўқишига ижозат берилишини сўровчи мактуб ҳам келди.
Абдурраҳмон Носир 300-350 йилларда ҳукмдорлик қилди, У ўрта асрларнинг Европадаги энг буюк қироли бўлган. У 350 ҳижрий санада 72 ёшида вафот этган. Қанчалик буюк ва давлатманд бўлишига қарамай, у жуда тақводор инсон эди, тез-тез истиғфор айтиб турарди. Бир куни шундай воқеа содир бўлди: Андалусда узоқ вақт қурғоқчилик давом этгани боис мусулмонлар ёмғир сўраб далага чиқдилар (солатул-истисқо). Уларни бошлаб чиққан имом Мунзир ибн Сайид одамлар орасида Абдурраҳмонни кўрмай, саройга бир болани чопар қилиб жўнатди. Бола саройга югуриб келиб Абдурраҳмонни ерда, жун матодан тикилган либосда, йиғлайвериб кўз ёшлари соқолини хўл қилиб ташлаган ҳолда топди. У Аллоҳга муножот қилиб: “Эй Парвардигорим, мана менинг тожим – Сенинг Қўлингда! Наҳотки мен каби осий банданг туфайли менинг гуноҳларим учун халқимни жазоласанг? Ахир Сен Алийм ва Ҳаким Зотсан. Ё Парвардигоро, менинг гуноҳларим учун халқимни жазолама”, дея дуо қилганини эшитган бола ортга қайтади ва Мунзир ибн Сайидга кўрган-эшитганларини айтиб беради. Мунзир унга: “Ҳой бола, суюн ва одамларнинг олдига бор ва ўзинг билан ёмғирни олиб кет, чунки Аллоҳ ёмғирнинг ерга ёғилишига ижозат берди. Бу заминдаги буюк инсон таслим бўлган экан, Буюк Холиқ одамларга Ўз раҳматини аямайди”. Абдурраҳмон Носирнинг вафотидан сўнг унинг кундалигини очиб кўришганида, умри бўйи 14 кун истироҳат олишга имконияти бўлгани маълум бўлди.
Ундан кейин унинг ўғли Ҳакам ибн Абдурраҳмон 47 ёшида тахтга ўтирди ва 16 йил ҳукмдорлик қилди. Унинг ўзи олим эди ва уни “китоб ишқибози” деб атардилар. Унинг даврида барча фан соҳаларда улкан юксалишлар бўлди. У яна битта “Ал-Мактабатул-Амавия” (Уммавийлар кутубхонаси) кутубхонасини барпо этди. У турли соҳалардаги илмий китобларга минг динордан пул тўлар ва бу китобларни асосан ўзларининг хуснихати билан танилган андалуслик хаттот аёллар таржима қилиб кўчиришарди. Улар билим тарқатиш билан шуғулланардилар.
Андалус аёлларининг хуснихати бутун дунёга маълум бўлган ва кўпчилик ҳатто атайлаб уларнинг хуснихати билан битилган китобларни сотиб олиш учун келардилар. Қоғоз ва сиёҳ ишлаб чиқариш соҳаси ҳам жуда ривожланди. Ҳатто Рим Папаси қоғозни Андалусдан сотиб оларди.
Камбағаллар бепул ўқитиларди. Унинг даврида илк бор олимларга улар савдо ва тижоратга чалғимай фақат билимини ошириш билан машғул бўлишлари учун маош тўлана бошлади. Насронийларнинг Андалусга ҳужум қилишга уринишлари ҳам бўлиб турди, бироқ у зудлик билан қўзғолон ва ҳужумларни бартараф қиларди. Ўзининг ҳукмдорлиги пайтида Шимолий Африкага юриш қилиб, Мағрибнинг барча ўлкаларини забт этди.

АМИРЛАР БОШҚАРУВИ ДАВРИ ВА ДАВЛАТДАГИ ҒАЛАЁНЛАР (366-412)

Ҳакам ибн Абдурраҳмон ўлими олдидан катта хатога йўл қўйди: у тахтга ворис этиб 12 ёшли ўғли Ҳишомни қолдирди. Бу воқеа 366 ҳижрий йилда содир бўлди. Валиаҳд жуда ёш бўлгани боис унга уч кишини васий қилиб тайинлади:
1.    Онаси Субҳ
2.    Ички ишлар вазири – Муҳаммад ибн Аби Амир
3.    Бош вазир Ҳожиб Жаъфар ибн Усмон Мусҳафий.
Шундан сўнг ички ишлар вазири бош вазирни зиндонда ташлайди ва қатл этади ва бу ишни у жуда айёрлик ва қабиҳлик ила амалга оширади.
Амалда унинг ўзи – вазир Муҳаммад ибн Аби Амир ҳукмдорлик қиларди. Бу шахс – Муҳаммад ибн Аби Амир Андалус тарихидаги улкан сўроқ белгиси бўлиб қолган: у қандай қилиб мусулмонларни зимдан ўлдириш каби қабиҳ ишлар билан бирга насронийларга қарши муваффақиятли юришларни амалга ошириш каби сифатларни ўзида жамлаган бўлиши мумкин?
Ҳукмдорлик тизгинини эгаллаш йўлида у жуда кўп одамларни қатл этган, бироқ айнан у Андалусни бошқариб келганди. Ўз мавқейини кучайтириш учун у Андалус армиясининг генерали Ғолиб ибн Абдурраҳмоннинг қизига уйланди ва бирмунча вақт ўтиб у армияни ўзига бўйсундириб олиш учун қайнотасини ҳам ўлдиради.
371 ҳижрий йилда Муҳаммад ибн Аби Амир ўзини Ҳожиб Мансур деб атай бошлади. Одатда бундай исмларни ўзларига халифалар қўйишарди. Унинг амрига кўра хутбаларда унинг номи қўшиб ўқиладиган бўлди. У Қуртубадан шарқда жойлашган янги Захира шаҳрини қурди ва пойтахтни ўша ерга кўчирди. Боз устига, унинг буйруғи билан тангаларни унинг номи билан зарб эта бошладилар.
391 йилда ҳали халифа бўлмай туриб у Ҳишом устидан шафеъликни ўз ўғли Абдулмаликка топширади.
396 йилда у ўзини Маликул-Карим деб атай бошлади. Бундан буёғига у барча муҳим лавозимларга фақат ўзининг қабиладошларини тайинлайдиган бўлди ва армияга ҳам асосан барбарларни тўплади.
392 йилда у вафот этади. Барча салбий жиҳатлар ва қон тўкилишларга қарамай, у энг юқори даражадаги жангчи бўлган эди. У Шимолга 54 марта юриш қилиб, барчасида ғалаба қозонди. У Шимолдаги кўплаб ерларни фатҳ қилди ва Леон давлатини ўзига бўйсундирди. Бир сафар у бор-йўғи уч нафар муслима аёлни асирликдан озод қилиш учун бутун лашкарини насронийларга қарши кўтарди, чунки ўшанда улар ўртасида мусулмонларни асирга олиш мумкин эмаслиги тўғрисида шартнома бор эди. У Қуртуба шаҳридаги масжидни кенгайтирди ва унинг даврида қўзғолон ва исёнлар бўлмади. У ўзига юришлардан қайтганида чопонидаги чангни бир шиша идишга қоқишни одат қилиб олди ва ўлганида бу идишни ўзи билан бирга қабрга қўйишни амр этди.
Унинг ўғли Абдулмалик Ҳишомга васий эди ва ўша пайтда халифа 38 ёшга кирди, бироқ Абдулмалик 399 йилда ҳарбий юришлардан бирида вафот этади ва унинг ўрнини укаси Абдурраҳмон эгаллайди. У ичувчи ва зинокор бўлгани учун халқнинг назаридан қолган эди. Халифа Ҳишомни алдаб, шартномага қўл қўйдириб олади, ҳужжатда унинг ўлимидан кейин Абдурраҳмон халифа бўлиши кўзда тутилади. Бу шартнома ҳақида эшитган халқ қаттиқ ғазабланади, аммо унинг кучи йўқ эди. Бир сафар ўша Абдурраҳмон юришлардан бирига саркарда бўлиб кетганида Уммавийлар вазиятдан фойдаланиб, халифа саройига кирадилар ва Ҳишомни ағдариб, ўрнига Уммавийлардан бўлган ўз одамини қўядилар. Бу одамнинг исми Муҳаммад ибн Ҳишом ибн Абдулжаббор ибн Абдурраҳмон Носир султон Носирнинг эвараси эди. Ана шундан кейин давлат таназзулга юз тутишни бошлайди. Аслида эса давлат таназзули анча вақт олдин, Абдурраҳмон Носир давридаёқ бошланганди. Бунинг сабаблари қуйидагилар эди:
1- сабаб: улкан бойлик ва ҳаётга кўнгил қўйиш.
“Аз-Заҳро” саройи бошдан-оёқ тилла ва кумуш билан жиҳозланганди. Мусулмонлар олтинларни ва ўлжаларни сиғдира олмай, қаерга қўйишни билмай қолдилар. Кунлардан бирида Абдурраҳмон Носир аёнлари ва шаҳарлар ҳокимлари қуршовида ўзининг олтин саройида ўтирар экан, “бунақанги саройни бирор киши қурганини биласизларми?” деб сўрайди. Бунга жавобан улар “йўқ, биз бунинг мислини кўрмаганмиз ҳам эшитмаганмиз ҳам”, деб жавоб берадилар ҳамда бу шаҳарни ва саройни қурган халифани кўкларга кўтариб мақташни бошлайдилар.
2-сабаб: Бор-йўғи 12 ёшга кирган Ҳишом валиаҳдликка тайинланди
3-сабаб: Ҳарбий юришлардан мақсад ўлжа тўплаш бўлиб қолди.
Уммавийлар тахтга ўтқазиб қўйган Муҳаммад ибн Ҳишом яхши раҳбар эмасди. У яманликалар ва барбарларни ўлдиришга бошлади. Барбарлар Муҳаммадга қарши Шимолдан ўзларининг одамини – Абдурраҳмон Носирнинг авлодидан бўлган Сулаймон ибн Ҳакамни олиб келиб, ўзларига бошлиқ этиб тайинлади. Шундан сўнг қарама-қаршилик авж олди. Кучлар тенг эмас эди. Барбарлар Кастилия қиролидан ёрдам сўрадилар ва ғалаба қозондилар. Сулаймон мамлакатда ҳокимият тизгинини қўлга олди. 22 йил ичида (399 ҳижрий йилдан бошлаб) 13 та халифа алмашди.
Муҳаммад ибн Ҳишом Тартуша шаҳрига қочиб, бир яманлик билан бирлашди ва улар биргаликда Барселона қиролидан ёрдам сўрагани жўнадилар. Оқибатда улар Сулаймонни мағлуб этдилар. Бироқ бу яманлик Муҳаммад ибн Ҳишомни ўлдиради ва ҳокимиятни ўз қўлига олади. Бу яманлик Ҳишом ибн Ҳакамни қайта тахтга ўтқазиб, унга васийлик қила бошлайди. Шу пайтда Сулаймон яна бир бор Кастилия қиролига ёрдам сўраб мурожаат қилади. Қирол эса халифа Ҳишомга мурожаат қилиб: “Сулаймонга ёрдам бермасам, менга нима берасан?” деб сўрайди.
Ҳалифа бунинг эвазига Шимолдаги барча қалъаларни бериб юборади. Бир-бирини ағдараётган султонлар боис хато ортидан хатолар содир этилади.
Сулаймон 403 йилда лашкар тўплаб Қуртуба аҳлига ҳужум қилади, яманликлар Балансияга (Валенсия) қочадилар. Сулаймон халифа Ҳишомни ағдаради ва 4 йилдан сўнг барбарлар Сулаймонни ағдариб, ўрнига барбарлардан бўлган Али ибн Ҳамудни қўядилар.
Ҳокимиятни ағдариш ва ўзаро низолар ҳижратнинг 412 йилигача давом этади.
412 йилда уламолар, қабила оқсоқоллари тўпланиб, Уммавийлар бошқарувини бекор қилишга келишиб оладилар ва кенгашга раис этиб Абул-Ҳазм ибн Жуавҳани сайлайдилар. Бироқ бу кенгаш фақат Қуртуба шаҳрини назорат қила оларди. Уч-тўрт йил ўтиб Андалус парчаланиб, етти қисмга бўлиниб кетади. Кейинроқ эса улар ўрнида яна 22 та майда мустақил давлат пайдо бўлади.

ПОДШОҲЛАР ГУРУҲИ ДАВРИ (422 – 478)

Гўёки ҳеч қандай умид йўқ, қаердан ёрдам келиши номаълум, ушбу бошбошдоқлик даврида вазият яхши томонга қандай ўзгариши мумкин? Андалус тарихига назар ташлайдиган бўлсак, бу каби саволларнинг тез-тез юзага келиши табиий. Мусо ибн Нусайр фатҳлари даврида юксалиш бўлган, шундан кейин волийлар бошқаруви даврида таназзул бўлди; сўнгра Абдурраҳмон Дохил даврида яна юксалиш ва шундан кейин яна қулаш; кейин Абдурраҳмон Носир даврида яна юксалиш ва ундан кейин яна тушкунлик. Бунақа ҳолат нафақат Андалусда, балки бутун Ислом тарихида кузатилади...
Мусулмонларнинг энг катта мусибати шундан иборат эдики, улар бир-бирларига қарши уруш олиб бориш учун насронийлардан ёрдам сўраб мурожаат қилардилар.
Мазкур кичик қалъаларнинг барча ҳукмдорлари Кастилия қироли Алфонсо VI га хирож тўларди, илло Батлайос  давлатининг ҳукмдори Мутаваккил ибн Афтас тўламасди холос. Кунлардан бир куни Алфонсо унга чопар юбориб, “Бошқалар каби хирож тўла”, деб ёзилган номани топширди ва Мутаваккил унга шундай жавоб қайтарди:
“Қўлимизга румликларнинг буюк қироли номидан даҳшатли таҳдидлар битилган нома келиб тушди. Аммо кошки эди у Аллоҳнинг буюк лашкари борлигини ва У бу қўшин ёрдамида ислом динини қўллаётганини ва зафар қозонувчи қилиб қўйганини билганида эди. Улар кофирлар олдида буюк ва мағрурдир. Улар Аллоҳ йўлида жанг қилиб, ҳеч қайси одамлардан қўрқмаслар. Улар тавба ва итоаткорлик билан Аллоҳга яқиндирлар. Бордию Рум юлдузи ҳозир порлаб қолган бўлса, бунга Аллоҳ изн берган ва бу Аллоҳ ҳақиқий мўъминлар кимлигини билиш, ярамасларни мўминлардан ажратиш ва кимнинг мунофиқлигини билиш учун қилган. Сен (о, Алфонсо) кўраётган аҳвол фақат бизнинг гуноҳларимиз самарасидир. Агар бизнинг сўзимиз бир бўлганида эди, сен билан нима қилишимизни оталаринг каби кўрган бўлардинг. Чиндан ҳам бобонг ўзини мусулмонларнинг юришидан иҳота қилиш учун ўз қизини туҳфа сифатида юборганди. Агар биз жуда озчилик ва махлуқлар ёрдамидан мосуво бўлганимиз тақдирда ҳам, ўртамизда денгизлар ва тўсиқлар йўқ. Ўртамизда фақат қиличлар ва жанглар бор. Биз нусратни фақат Аллоҳдан оламиз, у бизга ёрдам беришга ошиқаётган фаришталарни юборади. Ва сизлар биздан икки нарсани кутишингиз мумкин: сизнинг устингиздан зафар қозонишимиз ёки Аллоҳ йўлида жонларимизни фидо қилиб Жаннатга киришимиз. Аллоҳнинг ҳузурида сен таклиф қилаётгандан ҳам зиёда яхшиликлар бор, Аллоҳ бизни ғамдан йироқ қилиб, устингизда фатҳни яқин қилади!”
Ушбу мактубдан сўнг Алфонсо бирор марта бўлса ҳам унинг ерларига кирмади.
Шу пайтнинг ўзида Сарагоса ҳукмдори вафот этиб, ундан икки ўғил қолади. У ўғиллари хафа бўлиб қолмасликлари учун давлатни икки қисмга бўлиб, икковига беради. Шундан кейин ўртадаги чегарани белгилаб олиш борасида тортишувлар бошланади, ака-ука бир-бирига қарши чиқиб Арагон давлатидаги насронийлардан ёрдам сўрайди. Улар рози бўлиб Сарагоса йўлида Бербештер шаҳрига фожиали ҳужум уюштирадилар. Қирқ кун давомида улар мусулмонларни қамалга олиб, биринчи куннинг ўзида қирқ минг мусулмон бўғизланади. Етти минг муслима асирга тушади ва кейинчалик Византия қиролига ҳадя сифатида юборилади.
456 йилда Балансия (Валенсия) шаҳрида 60 минг мусулмон қатл этилади. Бу Андалус тарихидаги энг фожиали саҳифалардан бири бўлиб қолди.
Ўша пайтда ҳам аҳволни тузатишга уринган буюк алломалар бўлган, бироқ натижа бўлмаган. Уларнинг орасида Ибн Ҳазм, Ибн Абдул-Барр, Ибн Ҳаъан ва бошқалар бор эди. Улар ҳукмдорларни насронийларга қарши бирлашишга чақирдилар, бироқ тахт истагида ҳеч ким қулоқ солмади.
478 йилда Тулейтула шаҳри мағлуб бўлди, шундан кейин бутун Ислом дунёси ларзага келди. Таназзул қуйидагича содир бўлди: шимолдаги насронийлар ҳукмдорларидан бири ўз халқининг ғазабига учраб, Тулейтула шаҳрига қочиб келиб, мусулмонлар ҳукмдоридан бошпана сўради. У шаҳарда тўққиз ой яшади. Бу номи баланд мусулмон ҳокими насронийга бутун шаҳарни кўрсатди, Аллоҳнинг душманларига кўрсатилиши мумкин бўлмаган нарсаларни кўрсатиб, уни ўзига дўст тутди. Шундай қилиб у тўққиз ой давомида барча сирларни билиб, ўз юртига қайтди ва яна қайта ҳоким бўлиб олади. Унинг биринчи қилган иши лашкар тўплаб, Тулейтула шаҳрига ҳужум қилиш бўлади ва мақсадига эришади.
Шундан кейин жанубдаги Ишбилия шаҳри қамалга олинди. Бироқ насронийлар нима учун шимолдаги қалъалар қўлга олинмай туриб жанубга юриш қилдилар?
Кунлардан бир кун қирол Алфонсо Мўътамид Алаллоҳ олдига хирож ундиргани элчиларни жўнатади. Элчиларга раҳбар этиб яҳудий тайинланган бўлиб, у мусулмонлардан хирож ундиришдан ташқари қиролнинг яна битта амрини етказишга вакил қилинганини билдиради. Кастилия қиролининг хотини ҳомиладор бўлиб, у боласини Қуртуба масжидида туғишни ихтиёр қилади. Табиий, яҳудий бунга рад жавобини олади ва бундан аччиқланиб мусулмонлар амирига қарата бақириб, унинг шаънини таҳқирлашга ўтади. Яҳудийнинг боши кундага қўйиб кесилади ва элчилар асирга олинади. Муътамид қиролга мактуб ёзиб, бундан кейин хирож тўламаслигини ва ҳеч ким мусулмонлар масжидида бола туғмаслигини билдиради. Кастилия қироли ғазаб отига миниб, бу шаҳар устига лашкар тортади. Қалъа атрофидаги кўплаб қишлоқларга ўт қўйилади ва қирол Алфонсо Ишбилия ҳокимига мактуб ёзиб, қуйидагиларни билдиради: “Сенинг шаҳрингни қамал қила туриб пашшаларни ҳайдаб чарчадим. Қўлингдан келса, сани қалъанг қулашини томоша қилиб туришимга халақит бераётган пашшаларни ҳайдашга бирор нарса юбор”.

МУРОБИЙЛАР ДАВЛАТИ

Қирол Алфонсонинг Сенинг шаҳрингни қамал қила туриб пашшаларни ҳайдаб чарчадим мактубига жавобан: “Аллоҳга қасамки, агар қайтиб кетмасанг, сўраган нарсангни муробитлар давлатидан келтириб юбораман” деган. Шундан кейин қирол Алфонсо ортига ўгирилиб лашкари билан қайтиб кетди.
Қирол Алфонсо VIни бунчалик қўрқитган нима бўлди?
Кастилия қиролини Шимолий ва Шимоли-Ғарбий Африка ҳудудида жойлашган чодирчилар давлати даҳшатга солди. 478 йилда бутун Андалуснинг мусулмонлари анжуманга тўпландилар, унда 22 та давлатнинг вакиллари бор эди. Уламолар Кастилия қиролига қарши уруш очишни таклиф қилдилар, бироқ ҳукмдорлар бош тортдилар. Шундан кейин уламолар Шимолий Африка мусулмонларидан ёрдам сўрашни таклиф этдилар, бироқ ҳукмдорлар яна бош тортдилар. Шунда Ишбилия шаҳрининг ҳокими ўрнидан туриб: “Аллоҳга қасамки, мусулмонлар мени минбарлардан туриб менга лаънат ёғдиришларини истамайман. Мен Европада чўчқа боққанимдан Мағриб саҳроларида туя боққаним яхши”, деб айтди. Шундан кейин яна икки шаҳар – Батлайос ва Ғарнота ҳокимлари ўрнидан турдилар, аммо қолганлар ўз райидан қайтмадилар. Мазкур уч ҳоким Шимолий Африкага элчилар гуруҳини жўнатдилар ва бу ҳижратнинг 478 йилида содир бўлди...
Бу давлат қандай пайдо бўлди?
Буни билиш учун ўтмишга, 38 йил ортга, ҳижратнинг 440 йилига қайтамиз. Мавритания саҳросининг юраги. Ўша пайтда бу заминда барбарлар истиқомат қилардилар. Айнан ўша ҳудудда улар (барбарлар) “сунҳажа” деб аталардилар ва иккита катта – “жудала” ва “лантуна” қабиласига бўлинардилар. Ва ўз қабиласининг етакчиси Яҳъё ибн Иброҳим Жудала бор эди. У яхши ва олийжаноб мусулмон эди. Бироқ у яшайдиган жойда ичкиликбозлик, фаҳш, одам ўлдириш ва зулм кенг тарқалган эди. У қўл қовуштириб ўтирмай аҳволни тузатишга қарор қилди. Ва бир куни у ҳажга отланди ҳамда Шимолий Африкадаги моликийлар мазҳабининг маркази бўлмиш Тунисдаги Кайраван шаҳридан ўтар экан, моликийлар мазҳабининг энг катта алломаларидан бири бўлган Абу Умрон Фосий билан учрашиб қолди.
У Фосийга қабиласида юзага келган аҳвол ҳақида сўзлаб берди ҳамда ўзи билан бирорта шогирдини юбориб, аҳволни тузатишга ёрдам беришни сўради. Аллома рози бўлиб, унга Абдуллоҳ ибн Ёсинни қўшиб берди. Абдуллоҳ ибн Ёсин қабилалар ҳудудига етганида амри маъруф ва наҳъий мункарни бошлаб юборди. Бироқ қабила аҳолиси ахлоқсиз, иймони заиф бўлиб, даъватчини ҳақорат қила бошлади, ҳатто калтакладилар ва агар шаҳарни тарк этмаса ўлдиришларини айтиб пўписа қилдилар. Охир-оқибат уни шаҳардан ҳайдадилар ва Абдуллоҳ йиғлаб Аллоҳга муножот қила бошлади. У қаерга боришни ва нима қилишни билмас эди.

Бироқ шундан сўнг у жануб томонидаги Сенима учун давлати томонга қараб йўл олишга қарор қилди ва жунгли ўрмонлар орқали ўтиб, дарё бўйига тўхтади ва ўша ерда чодир ўрнатиб яшай бошлади. Қишлоқдагиларга мактуб юборди: “ким Шариат илмидан таҳсил олмоқчи бўлса, мен фалон ердаман...”
Баъзи одамлар унинг олдига келмоқчи бўлдилар, бироқ қабиладошларининг ғазабидан қўрқдилар. Лекин ҳар ҳолда тўрт киши яшаб турган қишлоғини тарк этиб, унинг олдига бордилар. Шайх Аллоҳга таваккал қилиш, баъзи турмушга оид нарсалар, тирикчилик ўтиши учун ов қилишни ўргата бошлади. Бирмунча вақт ўтиб улар қишлоқдаги ўзларига яқин одамларни ҳам бошлаб келдилар ва аввалига уларнинг сони ўнтага, кейин йигирматага етди.
Шундан кейин улар битта чодир ўрнатдилар, ундан кейин иккинчи, учинчи чодирларни ўрната бошладилар ва кичкина чодир шаҳарчаси пайдо бўлди.
Одамлар сони икки юзтага, кейин уч юзтага етди ва Абдуллоҳ ибн Ёсин ҳар бир киши билан алоҳида дарс ўтиш имконияти йўқолди. У одамларни бешта-бештага бўлиб, ҳар бир гуруҳга биттадан энг яхши шогирдини халфа қилиб тайинлади.
Араб тилида “Ал-Ҳайма” сўзи риботни, яъни робатани (ниманидир боғламоқ) англатади ва Исломда рибот – бу чегарачиларнинг мусулмонлар ҳудудини қўриқлаш учун чиқишни билдиради ва шунинг учун улар ўзлари муробитлар деб атай бошладилар.
Уларнинг сони аста кўпайиб 445 йилда Аллоҳ уларга бир одамни Ўзидан туҳфа қилиб берди - “лантуна” қабиласидан Яҳъё ибн Умар Исломни қабул қилиб, ўз қабиласини ҳам Исломга даъват қилади ва уларнинг барчаси Аллоҳнинг динини қабул қиладилар.
Шундан сўнг муробитларнинг сони етти минг кишига етди. Маълум муддат ўтиб Яҳъё ибн Умар вафот этиб, унинг ўрнига Абу Бакр ибн Умар Лантуний қабила бошлиғи бўлади.
451 йилда уларнинг сони роппа-роса ўн икки минг кишига етди. Ва бу 11 йил муддат ичида содир бўлди. Тўқнашувларнинг бирида Абдуллоҳ ибн Ёсин шаҳид бўлди. Бу кичик бир чодирдан бошланган ўн бир йиллик фаолиятидан кейин содир бўлди. Тарихда бу чодирчилар давлати номи остида қолди.
453 йилда Абу Бакр ибн Умар Лантуний Сенима учун мусулмонлари орасида зиддиятлар бошланиб, бир-бирларига қарши уруш ҳаракатларини бошлаганларини эшитиб қолди. Шунда у мусулмонлар лашкарининг ярмини олиб Жанубий Сенимага муаммоларни ҳал этиш учун йўл олади. Мавританияда унинг ўрнига амакиваччаси Юсуф ибн Тишфин қолади. У муаммоларни ҳал қилиб, ўзаро низоларни бартараф этганидан сўнг, Сениманинг ортига қараб юрди ва у ерларда жоҳиллиги туфайли ҳануз мушрик бўлиб яшаётган кўплаб қабилаларни учратди. Ўша ерларда Аллоҳнинг динига даъват қила бошлади. Африка жанубида 15 йил бўлиб, 468 йилда ортга қайтди.
Юқорида айтиб ўтилганидек, Абу Бакр Жанубий Мавританияни тарк этар экан, ўзининг ўрнига амакиваччаси Юсуф ибн Тишфинни қолдириб кетган эди. Юсуф уни бир ҳафта, бир ой, бир йил кутиб Шимолий Африкага даъватга йўл олишга қарор қилди. У ерда кўп ажабланарли ҳолатларни кўрди: бир одам ўзини исломий пайғамбар деб эълон қилган экан. Бу каззоб беш вақт намознинг ўрнига икки вақт намоз кифоя қилади, деб эълон қилган, барбар тилида янги Қуръонни ўйлаб чиқарган, таҳорат ва ғуслни, шунингдек, ҳаж зиёратини бекор қилган, қуш тухумини, сўйилмаган балиқни ҳаром қилиб, урғочи тўнғиз гўштини ҳалол деб эълон қилган экан. Одамлар унга эргашиб, ҳақиқий ислом шу экан дея ишона бошладилар. Унинг исми Ҳайим ибн Маъналлоҳ эди.
Бошқа қабилада Солиҳ ибн Тариф исмли одам чиқиб, у ҳам ўзини пайғамбар деб эълон қилган ҳамда эрта тонгда беш маҳал ва шомда 5 маҳал намоз ўқишга буюрган, таҳорат олаётганда киндик билан ёнбошни ҳам қўшиб ювишга, хотинликка ҳар қандай муслима бўлмаган аёлларни олишга ва уларнинг сонини тўртта билан чекламасликни йўлга қўйган эди. У шунингдек, эркаклар албатта кокилларини ўриб юришлари керак деб айтган. Бу каззобнинг ўзи эса яҳудийнинг набираси бўлган.
Баъзи қабилалар қўйга, бошқалар яна нимагадир сиғинар ва шундай йўл билан одамлар даҳшатли жоҳиллик ботқоғига ботиб қолгандилар. Юсуф ибн Тишфин Аллоҳнинг Калимасини олий қилиш учун даъватни бошлаб юборди ҳамда Мавритания, Сенима, Марокаш, Тунис, Жазоирни бутунлай забт этди. Унинг лашкари орасидаги чавандозларнинг ўзи юз мингдан ошиб кетди. Юсуф Марокашдаги бандаргоҳ шаҳарларидан бири бўлган янги Марокаш шаҳрини қурди ва биринчи навбатда у ерда пахсадан масжид қурди. Бу ишда у Пайғамбаримиз алайҳи саломдан ўрнак олган ҳолда ўзи иштирок этди. Абу Бакр 15 йилдан сўнг қайтиб келганида буларнинг барчасини кўриб, “Аллоҳга қасамки, амирликка мендан кўра сен муносиброқсан” деб айтди.
Шундан кейин Абу Бакр бошқарувни Юсуфга топшириб, Африка Жанубига Аллоҳнинг даъватига йўл олиш учун ижозат олди, ҳолбуки у шу чоққача Буркина-Фасо, Сьерра-Леоне, Габон, Камерун, Нигер, Того, Мали, Нигерия каби 15 га яқин давлатни фатҳ этганди.
Ибн Касийр ўзининг машҳур “Ал Бидоя ван-Ниҳоя” китобида шундай деб ёзади: “Абу Бакр ибн Умар марказий ва Жанубий Африкада жиҳодга даъват қилганида, ярим миллион мусулмонлар унинг даъватига лаббай деган”.
481 йилда бўлиб ўтган ғазотларнинг бирида Абу Бакр Лантуний шаҳид бўлдилар.
Энди ҳижратнинг 478 йилига қайтайлик: бу вақтга келиб Юсуф ибн Тишфин Африканинг улкан қисмини (2/3) фатҳ этиб бўлиб, ўзини Амирал-муслимин деб атай бошлайди (Аббосийларнинг қонуний унвонига тажовуз қилмаслик учун амирал-мўъминийн эмас, ҳолбуки, ўша пайтда Аббосийлар фақат Боғдоднинг ўзига эгалик қилишарди). У мусулмонлар бирлигини биринчи ўринга қўяр, унвон билан иши йўқ эди. Бундан фарқли ўлароқ Андалус 22 та майда давлатга бўлинган ва ҳар бирининг ҳукмдори ўзини амирал-мўъминин деб атар ва шу билан бирга насронийларга хирож тўлар эдилар.
Бир қанча вақт ўтиб Юсуфнинг олдига Андалусдан элчилар келиб ёрдам сўрадилар. У бу илтимосдан хурсанд бўлди ва ўзи билан атиги 7 минг навкарни кемаларга ўтқазиб, Андалусга қараб йўл олди. Улар Гибралтарни кесиб ўтаётганларида кучли бўрон бошланади. Юсуф Аллоҳга илтижо қилиб, “Ё Аллоҳим, агар бизнинг ушбу юришимизда хайрият бўлса, бўронни даф қил, агар хайриятлик йўқ бўлса, кемаларимизни чўктириб юбор”, дея дуо қилди. Шундан кейин бўрон тинди. Аллоҳ билан Юсуф Тишфин ўртасидаги ришталар нақадар кучли эди!
Шундан кейин у лашкари билан бирга Ғарнота, Қуртуба каби шаҳарлардан ўтиб Андалус шимолига йўл олади ва жанг бўлаётган ерга етиб келади. Шу пайтга келиб унга йигирма уч минг киши қўшилади ва уларнинг сони ўттиз мингга етади. Улар “Заллак” дея аталувчи ерга етиб келадилар ва шу ерда Юсуфга унинг ўғли вафот этгани ҳақида хабар етиб келади. Юусуф бу синовни сабр ила енгади. У ўзи билан энг яхши мужоҳидларни олган, ҳатто мудофаа вазири Довуд ибн Аиша ҳам у билан бирга эди.
Шу пайтга келиб Алфонсо VI бутун Европадан олтмиш минг аскар тўплайди ва Рим Папаси унга ушбу жангда иштирок этган барча насронийлар гуноҳларидан фориғ бўладилар, деб ваъда қилади. Ўша пайтда жанг олдидан қарама-қарши томонлар бир-бирларига нома йўллашлар урф бўлганди. Ва Кастилия қироли шундай сўзларни тилга олди: “Бунақа қўшин билан мен нафақат одамлар ёки жинларга қарши, балки фаришталар ва Муҳаммад ва унинг саҳобаларига қарши жанг қиламан”.
Юсуф ибн Тишфин эса Алфонсога шундай деб ёзади: “Бизга етиб келган хабарларга кўра, Сен Парвардигорингдан гўё агар кемаларинг бўлганида денгизни сузиб ўтиб муробитлар давлатини парчалаб ташлардим, деб илтижо қилган экансан, бироқ биз ўзимиз денгиздан сузиб ўтиб олдинга етиб келдик ва энди сен ўз илтижоларинг натижасини кўражаксан...”.
Тун зулмати чекиниб уфқда Алфонсонинг қўшинлари кўринади, лекин мусулмонлар жангга шай турган бўладилар. Олдинига мусулмонлар қўшинига Ишбилия ҳокими Муътамид саркардалик қилади – Юсуфдан ўн беш минглик қўшин билан биринчи бўлиб жангга киришга ижозат олади. Қўшиннинг ўн бир минг кишилик Юсуф ибн Тишин бошқарган иккинчи қисми адир ортида яшириниб олади. Қўшиннинг учинчи қисми тўрт минг кишидан иборат суданлик найзабозлар эди.
Шундай қилиб, бомдод намозидан сўнг жанг бошланди, унда Алфонсонинг олтмиш минг кишилик қўшини Юсуфнинг ўн беш минг кишилик қўшини билан тўқнаш келади. Улар аср намозигача сўқишадилар ва лашкарнинг биринчи қисми Алфонсонинг зарбаларига дош беради ва ана шундан кейин Юсуф ўз лашкарининг ярмини ёрдамга, иккинчи ярмига эса душман ортига, насронийларнинг чодирларига ўт қўйгани жўнатади.
Буни кўрган насронийлар чекинишни бошлайди ва шом намозидан олдин Юсуф суданликларга Алфонсонинг лашкарини охиригача тор-мор қилишга буюради. Юсуфнинг биринчи зарбасидан 10 минг насроний ҳалок бўлади, қўшинларини яшириш бўйича бу режа тарихда илк бор Холид ибн Валид розиаллоҳу анҳу томонидан Форсларга қарши амалга оширилган эди. Худди шу усулни саҳоба Нўъмон ибн Мукаррин розиаллоҳу анҳу форсларга қарши ишлатган. Насронийларнинг олтмиш минглик қўшини деярли бутунлай тор-мор этилди.
Тарихда бу жанг дорул-ҳарбнинг хислати ва жуда кўп тўкилган қон туфайли “Заллак” (сирпанувчи) номи остида қолди. Мусулмонлар зафар қозониб жуда катта ўлжаларга эга бўлдилар, Юсуф ўлжанинг ҳаммасини маҳаллий андалусликларга қолдирди. Ушбу жанг пайтида Юсуф 79 ёшда эди. У Африкага қайтганида андалусликлар яна ўлжа ва янги ҳудудлар илинжида ўзаро урушларни бошладилар ва натижада кўпчилик уламолар Юсуфнинг олдига келиб ундан ушбу бошбошдоқликларга чек қўйишни сўрадилар. Уламолар мусулмонларни куч ишлатиб бўлса ҳам бирлаштириш лозим деган мазмунда фатво чиқардилар. Юсуф ибн Тишин тўрт йил ўтиб 483 йилда яна Гибралтарни кесиб ўтади, бироқ бу сафар унга андалусликларнинг ўзлари қаршилик кўрсатадилар, ҳолбуки яқин ўтмишда Юсуф уларга насронийларга қарши урушда ёрдам берганди. Бироқ андалусликлар мағлуб бўлдилар ва Юсуф бутун Андалусни ўзига бўйсундирди ҳамда Испаниядан Марказий Африкагача бўлган улкан ҳудудни бошқара бошлади.

МУРОБИЙЛАР ВА МУВАҲҲИДЛАР ДАВЛАТИ ЎРТАСИДАГИ ФАРҚ (500 – 541)

Алфонсо VI “Заллак” ғазотидан сўнг икки ой ўтиб вафот этади ва унинг ўрнига ўғли тахтга ўтиради. Шу билан бирга, Юсуфнинг ўрнини унинг ўғли Али ибн Юсуф ибн Тишин эгаллайди.
501 йилда салбчилар ва мусулмонлар ўртасида яна уруш бошланиб, мусулмонларнинг қўли баланд келади. Жанг Али ибн Юсуф саркардалиги остида ўтади ва бу олишувда насронийлардан 23 минг киши ҳалок бўлади.
509 йилда мусулмонлар Балеар оролларини қайта ишғол қиладилар.
512 йилда Шимолий Африкадаги муробийлар давлатида исён кўтарилади. Оқибатда мусулмонлар Андалусдаги иккита жангда мағлуб бўладилар. Таназзулга бу дунё зийнатларига кўнгил қўйиш, мусулмонларни йўлдан адаштирувчи маъсият уммонига ғарқ бўлишлари сабаб бўлди.
Бунинг устига улкан иқтисодий инқироз содир бўлди, йиллар давомида ёғингарчилик бўлмади ва шу важдан ҳосил нобуд бўлиб қишлоқ хўжалиги синди.
Шуларнинг бари сабабли мусулмонлар 514 йилда “Катанда” ва 523 йилда “Қулейа” ғазотларида салбчилардан мағлуб бўлдилар. Ўша вақт барбар-масмудлар қабиласидан Муҳаммад ибн Тумирт исмли одам пайдо бўлди. У диндорлар оиласида туғилган, Қуртубада, Искандарияда, Маккада, Шомда ва Боғдодда таҳсил олган ва ҳижратнинг 512 йилида 39 ёшида Мағрибга (Марокашга) қайтганди. У билимни фарқи-сарига қарамай ҳаммадан – аҳли суннати вал-жамоа уламоларидан ҳам, адашган оқимлар алломаларидан ҳам, файласуфлардан ҳам ва бошқа турдаги одамлардан ҳам олаверган. У шунингдек, Абу Ҳамид Ғаззолийдан ҳам таҳсил олган.
Тарихчи ибн Халдун у ҳақда шундай деб ёзганди: “Муҳаммад ибн Тумирт ўз даврида илм уммонига айланди”. Муҳаммад Мағрибга қайтаётганида у Искандарияда тўхтаб, амри маъруф ва наҳъий мункар бошлади ва у ўз даъватида жуда қаттиққўллик билан турди. Одамлар аввалига сабр қилдилар, бироқ кейин Тунисга кетаётган кемага ўтқазиб, шаҳардан ҳайдадилар. У кемада ҳам тинч турмай одамларни ҳаромдан қайтара бошлади: у май ичишни тақиқлаб ҳаммага Қуръон ўқишни буюрди. Кемадаги аксарият денгизчилар жоҳил эдилар, уларга бунақа даъват тўғри келмади ва Муҳаммадни денгизга улоқтириб юбордилар. У кема ортидан суза бошлади. Шунда кемадагилар хато қилиб қўйганларини англадилар ва уни кемага қайтардилар, бироқ унга жим туришни шарт қилиб қўйдилар.
Кема манзилга етиб қирғоққа чиқиб олганидан сўнг у яна амри маъруфни бошлаб юборди ва бу ишга жидди-жаҳд ила кириши, тезлик билан ижобий натижаларга эришмоқчи бўлди. Бундай савдоларни Умар ибн Абулазининг ўғли ҳам бошидан кечирганди, у ҳам бир неча бор даъват қилишга уриниб, ўша заҳотиёқ натижа бўлишини кутганди.
Муҳаммад ибн Тумирт бирмунча вақт ўтиб Абдулмўъмин ибн Алий исмлик кишини учратди. Бу одам илмга чанқоқ бўлиб, Муҳаммад ибн Тумартга шогирд тушади ва ундан амри маъруф ва наҳъий мункарга нисбатан қаттиққўл ва кескин бўлишни ўрганади. Тез орада уларга яна беш киши қўшилди.
Шу вақтнинг ўзида муробийлар пойтахти Марокаш шаҳрида маъсият кенг тарқалиб кетди. Кунлардан бир куни Ибн Тумирт Юсуф ибн Тишиннинг набираси бўлмиш маликани ҳижобсиз ҳолда қўриқчилар билан кўриб қолди. У шогирдларини тўплаб, уларга қуйидагича ҳаракатлар режасини таклиф этди: “Аввалига ноибни йўқ қиламиз, ундан кейин Али ибн Юсуф ибн Тишинни ағдарамиз ва ундан кейин бу заминда Шариат аҳкомларини ўрнатамиз”. Субҳаналлоҳи! Тарих яна такрорланмоқда. Бугунги кунда кўплаб мамлакатларда жоҳиллар ҳарбий тўнтаришлар ва инқилоблар ёрдамида ҳокимиятни эгалламоқчи бўладилар ва мусулмонларнинг Аллоҳга нисбатан иймони заифлигини мутлақо кўрмайдилар.
Абдуллоҳ ибн Ёсиннинг Жанубий Мавританиядаги ҳамда Муҳаммад ибн Тумиртнинг даъватларига назар ташласангиз, уларнинг орасидаги фарқ нечоғлик улканлигини кўрасиз. Биринчиси Тавҳидга чақирди, иккинчиси эса тўнтариш йўли билан ҳокимиятни эгалламоқчи бўлди ва унинг оқибати нақадар аянчли бўлди. Шундай қилиб, Муҳаммад ибн Тумиртнинг одамлари унинг раҳбарлиги остида ғалаён ва қўзғолонларни бошладилар. Улар Ислом  йўлларидан эмас, балки ҳаворижлар йўлидан юрдилар.
Али ибн Юсуф бундан хабардор бўлганида, уларни саройга чақиртириб мунозара уюштирди ва издиҳомга Марокашнинг барча катта алломаларни таклиф этди. Ушбу издиҳомда Муҳаммад ибн Тумирт ҳамма уламоларни мот қилди, ахир у Боғдод ва бошқа мамлакатларда таълим олган, фалсафа, мантиқ, мунозара олиб бориш услублари бўйича билим олган, турли адашган тоифалар, шу жумладан, мунозараларда гарчи ҳақ бўлмасалар ҳам баҳсда ғолиб келадиган мўътазилийларга шогирд бўлганди. Мазкур мубоҳасада ўша пайтда бош қози лавозимидаги Малик ибн Ваҳиб ҳам иштирок этган ва у Алига Муҳаммадни зиндонбанд қилишни ва унга кунига бир олтин динор сарфлашни тавсия қилди. Акс ҳолда, деди у ибн Тумирт ҳокимиятни ағдаради ва Али ибн Юсуф бор давлатидан маҳрум бўлади. бироқ Али ибн Юсуф уни қўйиб юборади.
Муҳаммад ибн Тумирт тоғли ҳудудда жойлашган “Тайнул-Малал” қишлоғига йўл олади ва ўша ерда даъват ишларини бошлаб юборади. Одамлар унга эргашадилар ва улар кейинчилик ўзларини “Жамоатул-Мувоҳҳидин” (ёки “Давлат-Мувоҳҳидин”) яъни, “яккахудолик давлати” деб атай бошладилар. Ушбу гуруҳ ташкил топганидан кейин Муҳаммад ибн Тумиртнинг ақидасидаги залолатлар намоён бўла бошлайди:
1.    У ўзини (пайғамбарлар каби) гуноҳлардан фориғ деб айтади;
2.    У муробийлар Аллоҳни махлуқларга ўхшатадилар (аслида муробийларнинг ақидаси тўғри бўлган, унинг ўзи мўътазилийлар ҳамда уларга ўхшаш залолатдаги одамларнинг ақидасини олиб келди);
3.    У Аллоҳ Таолонинг сифатларини тасдиқлагани учун барча чодирчиларни куфрда айблади;
4.    У муробитларнинг қонини тўкиш ҳалол деб эълон қилди ва қўзғолон кўтаришга буюрди ҳамда муробийларни ўлдирганларга Қиёмат куни улкан мукофотлар берилиши қўшиб қўйди;
5.    У шунингдек, ўзини Қиёмат яқинлигининг аломатларидан бири бўлмиш имом Маҳдий деб эълон қилди.
Шундан сўнг муробийлар ва муваҳҳидлар ўртасида 9 та жанг бўлиб ўтди, уларнинг еттитасида Муҳаммад ибн Тумирт ғалаба қозонди.
518 йилда бўлиб ўтган жанглардан бирида Муҳаммад ибн Тумирт ва унинг одамлари 15 минг чодирчини ўлдирдилар.
524 йилда Бухайра дея аталувчи жойда чодирчилар Муҳаммад ибн Тумиртнинг 40 минг одамини ўлдирдилар.
Шундай қилиб, 513 йилдан 540 йилгача мусулмонлардан 80 минг киши қирилди. 514 йилда ўзини муваҳҳидлар давлати деб атайдиган давлат мисли кўрилмаган қудратга эга бўлди ва муробийлар давлати йўқ бўлди. 524 йилда вафот этган Муҳаммад ибнт Тумирт бу давлатнинг гуркираб яшнашини кўришга насиб қилмади. У ўзидан кейин шогирди Абдулмўмин ибн Алини қолдирди.

МУВАҲҲИДЛАР ДАВЛАТИ (542 – 643)

Муҳамад ибн Тумиртнинг вафотидан сўнг давлатни Абдулмўмин ибн Али бошқара бошлади. У жисмонан жуда бақувват, ҳарбий юришларда мунтазам иштирок этарди. Имом Заҳабий уни таърифлаб қуйидагиларни айтганди: “У одил подшоҳ, яхши сиёсатчи, жуда фаол ва тақводор эди. У Қуръонни етти кунда хатм қиларди. У шойи либослардан ҳазар қиларди, (ҳолбуки ўша давр шоҳлари учун бу одатий ҳол эди). У ҳар пайшанба куни рўза тутарди. Ҳарбий юришларни қўлларди. У гўё давлат бошқаруви учун яратилганди”.
Бироқ у ўзига қарши чиққанларни беаёв қиришни хуш кўрарди ва бу хислатни у Муҳаммад ибн Тумиртдан мерос қилиб олганди. Бу ҳақда ибн Касир “Ал-Бидоа ван-ниҳоя” асарида ёзган, бошқа тарихчилар ҳам буни тасдиқлаганлар. Бироқ Муҳаммад ибн Тумиртдан сўнг Абдулўмин ибн Али ҳеч қачон ибн Тумиртнинг залолатга йўғрилган таълимотини қўлламаган. Тарихчилар Абдулмўмин ибн Али ибн Тумиртнинг ёлғон таълимотини қалбан инкор этиб келган бўлса ҳам ҳеч қачон уни қораламаган дейдилар. У бу ишни ўзига қарши ғалаёнлар бошланиб кетмаслиги сабабидан қилмаган, холос.
542 йилда Мария шаҳри қулади. Унга Ўртаер денгизидан ҳужум қилинди. Жангда минглаб мусулмонлар ҳалок бўлди, ўн тўрт минг муслима аёллар асирликка олинди. 543 йилда Тартуша ва Лабда шаҳарлари ҳам қўлдан бой берилди. Насронийларнинг Португалия давлати анча кенгайиб кетди. Насронийлар шунингдек, Тунисни забт этдилар.
Шундан сўнг Абдулмўмин ибн Али биринчи навбатда кўплаб мадрасаларни қурди, одамлар у ерда исломни ўрганиши мумкин эди. Чунки мамлакатда шу чоққача фақат Муҳаммад ибн Тумиртнинг залолатга тўла таълимоти тарқатиларди.
Иккинчиси, у кўплаб масжидлар ва ихтисослашган таълим муассасаларини қурди ва уларда сиёсатчи ва лашкарбошиларни тайёрлади. Унинг ўзи улардан имтиҳон олишда қатнашарди. У шунингдек, денгиз жангларини ўрганиш учун Марокашда сунъий кўл барпо этди. У кўплаб қурол-аслаҳа устахоналарини қурди.
Андалуснинг катта алломаларидан бири Қодий ибн Арабий Маликий 543 йилда Шимолий Африкага Абдулмўмин ибн Алининг олдига келиб, унга байъат беради ва ёрдам сўрайди. Абдулмўмин ибн Али рози бўлиб лашкар тўплайди ва Гибралтарни кесиб ўтади. Шундай қилиб у 545 йилгача йўқотилган ҳудудларнинг аксариятини қайтариб олади.
552 йилда у Ал-Мария шаҳрини ўз назорати остига олади.
555 йилда Тунисни қайтаради ва Ливияни забт этади.
У давлатни кенгайтириш бўйича улкан режаларни тузади, бироқ қўққисдан вафот этиб, ўз ортида 22 ёшли ўғли Юсуф ибн Абдулмўминни қолдиради. Юсуф бақувват ва яхши саркарда эди, бироқ отасига ўхшаб ҳеч кимга қулоқ солмас ва ўз билганича иш тутарди. Шу важдан у Португалиядаги ғазотларнинг бирида бир нечта хатога йўл қўйиб, дорул-ҳарбда шаҳид бўлади.
Ундан кейин ҳокимият тизгини унинг ўғли Абу Юсуф Ёқуб Муваҳҳидийга ўтди.
У 580 йилдан 595 йилгача ҳукмдорлик қилди. Бу 15 йил “Давлатул-Муваҳҳидин” учун олтин йиллар бўлди. У давлатни бошқара бошлаганида эндигина 25 ёшга кирганди. Ёқуб Абу Юсуф масжидда имомгарчилик қилар, одил ва камтар, тарки дунёга мойил одам эди. У давлат ҳудудида хамрнинг ёйилишига қатъий кураш олиб борган, фалсафага оид китобларни куйдириб, мунозараларни бекор қилиб, бефойда тортишувларга чек қўйганди. У олимларга пул тарқатар, улар вақтларини фақат илмни кўпайтиришга сарфлашини талаб қиларди. У Рибат (Риботул-Фатҳ) шаҳрини қурди. Қарздорларга қарздан қутилишга ёрдам берди, мискинларга таом ва пул тарқатди. У чиройли боғлар қошида кўплаб касалхоналар қурди. Қурбонлик кунларидан бирида у мискинларга етмиш мингта қўй эҳсон қилди. Ҳар жума шахсан ўзи беморларни бориб йўқларди. У Муҳаммад ибн Тумиртнинг ақидасидаги хатолар ҳақида биринчи бўлиб гапира бошлади. Имом Заҳабий у ҳақда шундай деб айтганди: “У Қуръонни ва кўплаб ҳадисларни ёддан билар, фикҳни яхши англарди, моҳир нотиқ, кийиниши уламолар ва дарвешларга хос эди ва шу билан бирга у буюк султон эди”.
У тахтга ўтирганида бор-йўғи 25 ёшда эди. Жангларда шахсан ўзи иштирок этар, тарихида Абу Юсуф Мансур Муваҳҳидий номи остида қолган.
585 йилда Балеар оролидаги “Бану Ғания” қабиласи қўзғолони бошланди. Исённи бостириш учун жуда катта куч кетди. Вазиятдан фойдаланган Португалия Ғарбдан Ишбилия шаҳригача етиб келди ва мусулмонларга нисбатан сиқувини бошлади.
Шу пайтда Абу Юсуф Ёқуб Мансур Муваҳҳидий Кастилия билан 10 йил муддатга ярашув шартномасини тузди ва Португалияга қарши уруш бошлади. У португалларни ҳайдаб чиқарганидан кейин Кастилия муваққат ярашув тўғрисидаги шартномани бузиб, ҳимояси заиф қолаётган Шимолий Андалусга ҳужум қилди. Ўша пайтда Кастилиянинг қироли Алфонсо VIII бўлиб, у мусулмонлар билан жангларнинг бирида ўлдирилган Алфонсо VI нинг набираси эди...
Шундан кейин 590 йилда у бутун Шимолий Африка бўйлаб сафарбарлик эълон қилди ҳамда одамлар Кастилия қиролининг нечоғлиқ разил эканини билиб қўйишлари учун Алфонсонинг мактубини чоп этди. Одамлар қўлларига қилич ва найзаларини олиб, урушга тайёрлана бошладилар. Бундан етти йил олдин эса (583 йилда) Салоҳиддин Аюбий шарқда салбчиларга қақшатқич зарба бериб, уларни тор-мор этганди. Тасаввур қилинг, шарқдаги улкан ғалабадан етти йил ўтиб мусулмонлар салбчиларга қарши ғарбда урушга тайёрлана бошладилар.
Мусулмонларнинг кастилияликларга қарши урушга тайёргарлик кўриши учун бир йил вақт кетди. Ёқуб Мансур саркардалиги остида мусулмонлар армияси 591 йилда Гибралтар бўғозини кесиб ўтди ва Тулейтула жанубидаги қалъага қараб йўл олди. Шу йилнинг ўзида бу ерда тарихда “ал-Арақ” номи билан қолган жанг бўлиб ўтди. Бу жанг 591 ҳижрий йилнинг 9 шаъбон кунида бошланди. Ўша пайтда бу қалъа Кастилия ва Андалус ўртасидаги чегарада жойлашганди. Алфонсо бу жангга Леон, Навар, Англия, Голландия, Германия ва бошқа мамлакатлардан ёрдам олиб 225 минг аскар тўплади.
Франция уларга қурол етказиб турди. Ёқуб Мансур Муваҳҳидий 200 минг аскар тўплади. Жанг олдидан у кенгаш тўплаб, ҳаракатлар режаси ва дорул-ҳарбдаги стратегияни муҳокама қилиб олди. Бу стратегия Юсуф ибн Тишфин қўллаган услубга ўхшаш эди.
Лашкарнинг ярмини рақиб рўпарасига қўйилди, бошқа ярмини тепаликлар ортида яширдилар. Бу жангда Абу Яҳъё ибн Абу Ҳафс лашкарбоши бўлди, Кастилияга қарши жанг қилгани чиққан андалусликларга эса Абу Абдуллоҳ ибн Санадид бош бўлди.
Жанг бошланганида насронийлар тепалик устида эдилар ва уларнинг баринчи зарбалари юқоридан пастга қаратилгани учун мусулмон лашкарлари учун жуда оғир кечди. Лашкарнинг биринчи қисми чекина бошлади.
Салбчиларнинг кейинги зарбаси лашкарнинг марказий қисмига тўғри келди ва бу жангда лашкарбоши Абу Яҳъё ибн Абу Ҳафса ҳалок бўлди. Алфонсо ўн минг лашкари билан жангга киришиб, марказга ташланди. Шу пайтда мусулмонлар душманни ўнг томондан айланиб ўтиб, салбчиларга ҳужум уюштирдилар. Ушбу ҳужум натижасида насронийлар чўчиб қолдилар. Жанг жуда узоқ вақт давом этди: чанг, пўлат қуроллар сурони ва мусулмонларнинг такбирларидан бошқа ҳеч нарса йўқ эди.
Ёқуб Мансур кастилияликларнинг қўрқув тўла кўзларини кўриб, лашкарнинг қолган қисмини ҳам жангга солди. Мусулмонлар Кастилия армиясини тор-мор этди. Тарихчиларнинг айтишича, бу жанг “Заллак” жангига ўхшаган, балки ундан ҳам аҳамиятлироқ эди. Ушбу зафар ҳақидаги хабар бутун ислом оламига етиб борди ва қувончларнинг чеки йўқ эди.
Баъзи маълумотларга кўра, ушбу жангда насронийлардан 146 минг киши ҳалок бўлди. Мавжуд фаразларнинг энг оз сонлисида 30 минг киши деб айтилган. Йигирма мингга яқин насроний асирга олинди, Ёқуб ал-Мансур улардан товон пули олмай қўйиб юборди. Ўлжалар беҳисоб эди, саккиз мингта от, юз мингта хачир, чодирларнинг саноғига етиб бўлмасди. Ушбу жангдан сўнг у Ишбилияда минораси 200 метр баландликка етадиган масжид қурди. Минора ҳозиргача бор.
Ушбу жангдан кейин нима бўлди?
Сарагоса шаҳри яна мусулмонлар қўлига ўтди. Британия, Германия ва бошқа мамлакатлар Ёқуб Мансур Муваҳҳидий билан дўстлашишни ихтиёр қилдилар. Кастилия билан 10 йил муддатли (595-605 й.й.) ярашув битими тузилди. Аммо Ёқуб Мансур бирмунча вақт ўтиб 40 ёшида вафот этади. Буюк саркарда Ёқуб Мансур ал-Муваҳҳидий ўрнига унинг 18 ёшли ўғли Носир тахтга ўтиради.
У гарчи жасур ва кучли одам бўлганига қарамай, отаси каби эмасди.
Ёқуб Мансурнинг ўлими кўп нарсаларни ўзгартириб юборди: Балеар оролидаги “Бану Ғания” қабиласи яна исён кўтарди ва Носир бу исёнларни тўққиз йил давомида бостириб келди.
Бу пайтда эса Алфонсо VIII мусулмонлардан интиқом олмагунига қадар бирорта аёлга яқинлашмайман, бирорта жониворга минмайман ва хочимни кўтармайман деб қасам ичди. Алфонсо тўққиз йил давомида янги урушга тайёргарлик кўрди. Тинчлик сулҳининг муддати тугашига бир йил қолганда у шартномани бузиб, мусулмонлар устига қўшин солди, унинг юришида ҳатто руҳонийлар (ва Рим Папасининг ўзи) ҳам иштирок этдилар. У бошқараётган лашкарнинг сони 200 минг кишидан иборат эди. Мусулмонлар эса бу пайтда заиф ҳолатга тушиб қолгандилар. Носир қандайдир йўл билан 500 минг кишилик қўшин тўплади (бошқа ривоятларда айтилишича, 260 минг, лекин насронийларнинг сони ҳам анча камроқ кўрсатилган). У лашкари билан Гибралтарни кесиб ўтди ва “ал-Иқоб” деган жойга етиб келди. Ал-Иқоб чиндан ҳам мусулмонлар учун жазо майдонига айланди (иқоб – араб тилида жазога тортиш).
Мусулмонлар сони салбчиларга қараганда кўп бўлганига қарамай, нима учун мағлуб бўлдилар?
1.    Мусулмонлар дабдабали ҳаётга берилиб кетдилар;
2.    Амирал-муслимин вазиридан бошқа ҳеч кимга қулоқ солмас эди. Кўпчилик тарихчилар бу вазирни хоин деб ҳисоблайдилар;
3.    “Бану Ғаний” қабиласининг қўзғолонларини бостириш учун жуда кўп куч кетди.
Ушбу ғазот олдидан ва жанг пайтида содир бўлган воқеаларни таҳлил қилиб кўрайлик. Мусулмонлар Гибралтарни кесиб ўтиб биринчи галда Силбатра қалъасини қамал қилишга бошладилар. Бу қалъа жуда мустаҳкам бўлиб, уни озчилик қўшин ҳимоя қила оларди. Лашкарбоши ва саркардалар Носирга қалъани қолдириб, юришда давом этишни маслаҳат қилдилар, чунки бу қалъадан мусулмонларга таҳдид йўқ эди. Бироқ амир уларга қулоқ солмади, балки қалъани қамал қилишни давом этиш керак, дея маслаҳат солган вазирининг айтганини қилди. Бунга жами саккиз ой вақт кетди, кўплаб мусулмонлар қаҳратон келган қиш ва озиқ-овқат етишмаслиги важидан ҳалок бўлдилар.
Насронийлар эса шу вақт давомида “Рабаҳ” қалъасини қамалга олдилар. Бу қалъанинг ҳимояси бошида замонанинг энг кучли саркардаларидан бири Абул-Ҳажжож Юсуф ибн Қадис турарди. Узоқ вақт давом этган қамалдан сўнг қалъа деворлари тўкилай деганда у салбчилар билан сулҳ тузишга қарор қилди. “Мен сизларга қалъани барча озиқ-овқат ва қуроллари билан қолдираман, аммо сиз бизга мусулмонлар армиясигача етиб олишиимизга йўл берасиз”. Алфонсо VIII бу шартга рози бўлди бироқ насронийлар унинг бу қароридан қаттиқ ғазабландилар ва эллик мингга яқин салбчилар “биз бу ерга мусулмонларнинг қонини тўккани келдик, уларнинг тирик қолишлари ва ўз лашкарларига қўшилишига розилик бергани учун келмаганмиз”, дея жанг майдонига ҳам кирмай Европага қайтиб кетдилар.
Юсуф ибн Қадис ўзининг унчалик катта бўлмаган қўшини билан мусулмонлар армиясига келиб қўшилганида, ҳукмдорнинг вазири уни қатл этишга амр қилди. Ажабки, Носир бунақанги ножўя маслаҳатга кўнди ва яхши лашкарбошини қалъани насронийларга топширгани учун қатл қилди, ҳолбуки қалъани топшириш энг яхши қарор эди.
Бу иккови – Носир ва унинг ярамас маслаҳатчиси гўё тарихни ўқимагангадилар: улар лашкарни икки қисмга бўлдилар ва биринчи қисмини биринчи зарбани қабул қиладиган қўшинга 160 минг кишидан иборат шимолий африкалик кўнгиллиларни қўйди, қўшиннинг иккинчи қисмига эса жангавор тайёргарчилиги бор жангчиларни қўйдилар. Юсуф ибн Қадиснинг қатл этилишидан ранжиган ва ғазабланган андалусликлар ҳукмдор биринчи қисмнинг ўнг қанотига қўйди. Жанг бошланмай туриб шунча кўп хато ишлар. Ўта ачинарли тактика. Ўз амиридан ажраган андалусликларнинг кўнглидан нималар кечаётганини жуда яхши билган ҳолда, уларни олдинги сафга қўйдилар. Хўш, улар нима қилдилар? Улар ўз саркардасини ўлдирган одамнинг қўл остида жанг қилмаслик учун дорул-ҳарбдан қочиб кетдилар. Носирнинг сўнгги хатоси аскарларининг кўплигига ишониши эди.
“Ал-Иқоб” жангги нима билан тугади?
Насронийлар қўшиннинг биринчи қисмини тор-мор этиб, лашкар марказига ҳужум қилди. Жангнинг биринчи куниёқ 70 минг мусулмон шаҳид бўлди. Бироқ хатолар шу билан тўхтамади. Орқага қоча туриб у иккита қалъани (Байаса ва Убадда) таянчсиз ва ёрдамсиз қолдирди. Насронийлар Байасани қамалга олиб, ундаги бирор жонни тирик қолдирмадилар. Шундан кейин улар 13 кун давомида Убадда шаҳрини қамалга олдилар. Улар мусулмонларга омонлик ваъда қилдилар, шаҳар аҳли уларга ишониб қалъани топширганларида, салбчилар бирорта одамни қолдирмай ўлдирдилар, 60 мингга яқин мусулмон шаҳид кетди.
Носир ҳатто Ишбилияни ҳам ташлаб, Шимолий Африкага қочиб кетди, ўз саройига кириб олиб, ўрнига 10 ёшли ўғлини қолдирди. Ўзи бир йил ўтиб 34 ёшида вафот этди. “Ал-Иқоб” жангидан сўнг кастилияликлар армиясида қандайдир дард пайдо бўлиб, насронийлар орқага қайтишга мажбур бўлдилар.
614 йилда “яккахудочилар давлати” қулади. Унинг ўрнига “Заната” қабиласининг суннийлар давлати пайдо бўлиб, тарихда “Давлатул-бану Марин” номи билан қолди.
620 йилда Балеар ороллари қулади. 20 минг одам Арагон давлати жангчилари томонидан ўлдирилди.
625 йилда Андалуснинг Жануби-Шарқий қисмида Ибн Ҳуд бошчилигидаги унчалик катта бўлмаган давлат пайдо бўлади.
633 йилда “бану Зайан” қабиласи Жазоир билан бирга “Давлатул-Муваҳҳидиндан” ажралиб чиқади. Шу йили Андалуснинг пойтахти Қуртуба қулади. Ўттиз мингга яқин уйлар ҳовлилари билан ва яна уч мингта масжид салбчилар қўлига ўтиб кетади. Қуртуба 500 йилдан зиёд вақт давомида Андалуснинг пойтахти бўлиб келганди.
Андалуснинг энг катта масжиди 633 ҳижрий йилнинг 23 Шаввал куни черковга айланди ва шу кунгача фаолият юритмоқда.
636 йилда Валенсия қулади. Бу шаҳарни беш йил давомида қамал қилдилар. Қалъа насронийлар қўлига ўтганидан кейин эллик минг мусулмон Шимолий Африкага қочди. Барча масжидлар черковга айлантирилди. Тунисдаги “Бану Ҳафс” қабиласи Валенсия аҳолисига ёрдам бермоқчи бўлди, бироқ қаттиқ қаршилик туфайли уларнинг қўлидан ҳеч нарса келмади.
641 йилда Валенсия ёнидаги Бания шаҳри қўлдан кетди.
643 йилда Жайан шаҳри қулади.
Жануби-Ғарбдаги Ашбалия ва Жануби-шарқдаги Ғарнота шаҳарлари қолди, холос.
Кимдир “нима учун бунчалик кескин таназзул юз берди?” деб савол бериши мумкин.
Бунгача ўнлаб йиллар олдин адолатсизлик қарор топганди:
1.    Муҳаммад ибн Тумирт даврида ёлғон мафкура ва ақидада катта хатолар кенг тарқалганди
2.    Халқ орасида ўзаро низолар ва зиддиятлар мавжуд эди
3.    Муҳаммад ибн Тумиртнинг ва унинг ортидан эргашганларнинг хатолари. Улар ҳеч кимнинг гапига қулоқ солишмас, солишса ҳам аҳмоқ ёки разил вазирларнинг йўриғи билан юришарди.
4.    Халқ бу ҳаёт ноз-неъматларига маҳлиё бўлиб қолди, Парвардигорнинг олдига қайтиш борлигини унутиб, қорин ғамида яшашни бошлади. 
5.    Муваҳҳидийларнинг муробийлар билан адоват қилиши.
Бироқ шунга қарамай, Ислом Андалус ҳудудида яна 250 йил яшади.

АНДАЛУСНИНГ ҚУЛАШИ (643-906)

Олдинроқ Андалус пойтахти ва бошқа шаҳарларнинг қулагани ҳамда иккита шаҳар – Ғарнота ва Ишбилиянинг қолгани ҳақида айтиб ўтилганди (бу Андалус ҳудудининг 25 фоизи). Жайан шаҳри қулаган 643 йилда Фернандо III Ғарнота ҳокими Муҳаммад Биринчи билан битим тузади. Ўшанда Ғарнотани “Бану Аҳмар”, яъни қизиллар сулоласи бошқараётган бўлади. Уларнинг қизил деб аталишига сулолага асос солган одамнинг сочи малла бўлган сабаб бўлган. “Бану Аҳмар”нинг ота-боболари саҳоба Саъд ибн Убода Ал-Ҳазражий розиаллоҳу анҳуга бориб тақалади. Бироқ аждодлар билан авлодлар орасидаги фарқ ер билан осмон каби эди. Бу шартнома қуйидагилар назарда тутилган:
1.    Муҳаммад Биринчи Кастилияга ҳар йили 150 минг динор хирож тўлаши шарт;
2.    У давлатни Кастилия қироли номидан бошқаради;
3.    Мусулмонларда Ғарнотанинг ғарбий қисмидаги қалъаларни топширади;
4.    Муҳаммад Биринчи Кастилия қиролига ҳарбий ёрдам кўрсатишга мажбур;
5.    Муҳаммад Биринчи Кастилия қироли саройига унинг волийси сифатида келиши шарт.
Фернандо III биринчи урушини Ишбилия мусулмонларига қарши бошлаб, Муҳаммаддан ҳарбий ёрдам сўрайди. Муҳаммад ўзининг мусулмонлар лашкари билан насронийларга қўшилиб Ишбилияни бир йилу беш ой давомида қамал қилади. Ишбилия қалъаси 646 ҳижрий йил Рамазон ойида қулади ва Фернандонинг қўлига ўтади, ҳолбуки бу шаҳар Испаниянинг энг мустаҳкам қалъаси эди.
Мусулмон диндошлар Ишбилия мусулмонлари устидан насроний қироли ғалаба қозонишига ёрдам берадилар. Тўрт юз мингга яқин одам қалъани тарк этиб, қочишга мажбур бўлади.
Биргина Ғарнота вилояти қолади, бу давлат ҳудудининг 15 фоизини ташкил этади, холос. Умуман олганда, вилоят уч қисмдан иборат эди: Мария, Ғарнота ва Малага.
Аммо Фернандо нима учун Ғарнота қалъасини ишғол эта олмади?
1.    Аҳоли зичлиги жуда катта бўлган. Жуда кўп мусулмонлар шимолдан жанубга қочиб, шу қалъада паноҳ топган;
2.    Бу қалъанинг атрофини жуда кўп қалъалар қуршаб турган;
3.    Уларга “бану Марин” давлати томонидан Гибралтар орқали ёрдам етиб турган.
Шундай қилиб, Кастилия қироли бу қалъани қўлга олиш мақсадида ҳар йили шу вилоятга юришлар қилиб турган.
Ҳижрий 671 йилда Алфонсо Х ҳукмдорлик қилиб турган пайтда Андалусни мусулмонлардан тозалаш учун лашкар тайёрлай бошлади. Муҳаммад Аҳмар нима қилишни билмай Шимолий Африкадан ёрдам сўрайди. Ўша пайтда “Бану Марин” бошида Ёқуб Мансур Мариний турганди. У ҳақда тарихчилар кўп яхши гапларни ёзиб қолдирганлар: “У кундузлари соим (рўзадор) ва кечалари қоим (намоз ўқир), Аллоҳни кўп зикр қилган, ожиз одамларга эҳсон қиладиган яхши одам эди. Ўз Парвардигори олдида шикастнафас, диндорларга жуда яхши муносабатда бўлган. У ҳаром қонни тўкишдан ҳазар қиларди. У жуда сахий ва барча ғазотларда ғолиб эди. Унинг лашкари ҳеч қачон мағлубият аламини билмаган ва қачонки душман лашкарига рўбарў бўлса, доим зафар қозонган эди. У жуда моҳир нотиқ бўлиб, сўзга чиққанда ўз лашкарининг руҳини кўтариб юборарди”.
У Муҳаммад Аҳмарнинг даъватига лаббай деб жавоб берди ва Гибралтардан ўтиб, кастилияликларни тор-мор этди. Бироқ андалусликлар Шимолий Африкадан етиб келадиган бундай ғалабаларга кўникиб қолдилар. Чиндан ҳам бошқа давлат ёрдамида ғалаба қозонадиган давлатнинг охири вой бўлар экан.
Мухаммад I ҳижратнинг 671 йилида вафот этади. Унинг ўрнига тахтни Муҳаммад II (Муҳаммад Фақиҳ) эгаллайди; у олим эди. Мухаммад I ўлимидан сўнг қирол Алфонсо сулҳни бузиб, Ғарнотага ҳужум қилади. Муҳаммад Фақиҳ яна Ёқуб Мансур Маринийдан ёрдам сўрайди. Буюк саркарда беш минг аскари билан яна Гибралтарни кесиб ўтади. 674 йилда Қуртубадан узоқ бўлмаган ерда жанг бўлиб ўтади. Мусулмонларнинг ўн минг жангчидан иборат қўшини насронийларнинг 90 минг кишилик қўшинига қарши туради. Насронийлар қўшинига саркарда Доннунио Диляро лашкарбошилик қилади.
Ёқуб Мансур Мариний жанг олдидан одатдагидек мавъиза қилиб, ўз жангчиларига шундай дея хитоб қилади. Унинг сўзлардан кейин одамлар йиғладилар, бир-бирлари билан видолашиш учун жангдан олдин қучоқлашдилар.
Ушбу жангда мусулмонлар ажойиб ғалабага эришдилар, олти минг насроний ўлдирилди, уларнинг лашкарбошиси ҳам ўлдирилди, саккиз мингги асирга олинди. Шундан сўнг мусулмонлар лашкари икки қисмга бўлиниб кетди: Ибнул-Аҳмар Жайанга қараб йўл олди, Ёқуб Мансур Ишбилия шаҳрини забт этишга киришди ва уларнинг иккови ҳам ўз мақсадларига эришдилар.
Ёқуб Мариний 677 йилда Қуртуба шаҳрини ишғол этди ва Юсуф ибн Тишфин мисоли барча ўлжаларни андалусликларга қолдириб, ўзи Шимолий Африкага қайтди.
Мария шаҳрининг ҳокими вафот этиб, унинг ўрнига ўғли иқтидорга келди. У Ёқуб Мансурнинг мардонавор ҳаракатларига қойил қолди ва унга Мария шаҳрини топширди. Ёқуб бу шаҳарда 3000 нафар мусулмон ва яна шунча жангчини Тариф шаҳрида Ғарнотани ҳар эҳтимолга қарши қўллаш учун қолдирди.
Муҳаммад Фақиҳ эса шундай сўзларни айтди: “Чиндан ҳам тарихда биз учун сабоқ бор. Қачонлардир Муҳаммад ибн Аббад Шимолий Африкадан ёрдам сўради ва Юсуф ибн Тишфин келиб бутун Андалус устидан назорат ўрнатди. Энди бўлса мен Ёқуб Мансур Мариний мен билан ҳам худди шу ишни қилишидан қўрқаман”. Шундан кейин у Кастилия қиролининг олдига боради ва Тариф оролидан Ёқубни сиқиб чиқаришга ёрдам беришини сўрайди. Шундай улкан ғалабадан сўнг бир мусулмон ўзига ёрдам берган бошқа мусулмонни сиқиб чиқариш учун насронийдан ёрдам сўраши ажабланарли эмасми?
Кастилия қироли флоти Тариф оролини бир томондан, Муҳамад Фақиҳ иккинчи томондан қуршаб олдилар. Бироқ Ёқуб Мансур Мариний оролга 677 йилда келиб, уларнинг икковини ҳам сиқиб чиқарди. Кастилияликлар қочиб қолдилар, Муҳаммад ўзи ёлғиз қолиб, бир қошиқ қонидан кечишни сўрай бошлади. Ёқуб уни авф этди ва тахтда қолдирди. Ёқуб Мансур Мариний нақадар буюк қалб эгаси бўлганини кўринг...
Ана энди Андалуснинг қулаши сабаби аниқ бўлмоқда. 684 йилда Ёқуб Мансур насронийлар устидан навбатдаги ғалабасини қозонади. У Кастилия билин тинчлик сулҳини тузиб, уларга шарт қўяди. Қанақа шарт деб ўйлайсиз? Албатта хаёлга келган биринчи нарса – бу жизъя тўлаш ҳамда бойлик ва ер ҳудудларини талаб қилишдир. Лекин Ёқуб Мариний насронийлар Қуртуба, Ишбилия ва Тулейтула кутубхоналаридан ўлжа қилиб олган китобларни қайтаришни талаб қилади ва насронийлар ҳақиқатдан ҳам ўн минглаб китобларни қайтарадилар ва бу китоблар шу бугунги кунгача Шимолий Африканинг Марокашида сақланмоқда.
Исломнинг буюк саркардаси 685 йилда вафот этади ва унинг ўрнига унинг ўғли Юсуф ибн Ёқуб тахтга ўтиради. Яна Муҳаммад II унинг олдига қочиб ёрдам сўрайди ва эвазига Андалуснинг истаган ҳудудларини беришни ваъда қилади. Юсуф яна Тариф оролини ҳамда “Жазиратул-Ҳадра” деган жойни танлайди. Муҳаммад II яна васвасага тушиб қолиб яна Кастилия қиролидан Юсуфни Тариф оролидан сиқиб чиқаришга ёрдам сўрайди. Чиндан ҳам кастилияликлар оролни қуршаб олиб, Тарифни эгаллаб оладилар, ҳолбуки битимга кўра, улар оролни Муҳаммадга беришлари керак эди, лекин табиийки, улар оролни ўзларига қолдилар. Шундан сўнг Гибралтар йўли мусулмонлар учун тўсилиб қолди ва Андалус Шимолий Африкадан бутунлай ажради.
Муҳаммад II 701 йилда вафот этиб, унинг ўрнига Муҳаммад III ўтиради. Тарихда у Муҳаммад Аъмаш номи билан қолади. Унинг даврида мамлакатни амалда Муҳаммад эмас, балки унинг вазири Абу Абдуллоҳ ибн Ҳаким бошқарган. Вазир лашкар тўплаб, Марокашдаги Сабта шаҳрини эгаллаб олади ва “Бану Марин” қабиласидаги одам билан улар Юсуф ибн Ёқубга қарши исён кўтаришлари тўғрисида ёзишма олиб боради. Бу ўтакетган аҳмоқликнинг ўзгинаси эди. Шимолий Африкада катта ғалаёнлар бошланди ва бу ҳолат сўнгги ришталарни узди.
Салбчилар 709 йилда Гибралтарни қўлга олдилар ва бундан буён Андалусга ўтишнинг иложи қолмади. Умуман олганда, 709 йилдан 797 йилгача Ғарнотада урушлар ва жанглар, зафар ва мағлубиятлар бўлди ва у қўлдан келганича собит туришда ҳаракат қилди. Бунга сабаб – Кастилия ва Арагон ўртасидаги зиддиятлар бўлиб, икки насроний қиролликнинг Ғарнота мусулмонлари билан иши бўлмай қолди.
Энди мусулмон Испаниянинг сўнгги 25 йиллик даврини кўрайлик. Ўша пайтда Ғарнотага Муҳаммад ибн Саъд Аҳмар ҳукмдорлик қиларди, уни Ғолиб-биллаҳи (Аллоҳнинг нусрати ила ғалаба қозонувчи) деб атардилар, аммо бу қуруқ ном, ҳеч қандай вазни йўқ эди. Унинг Муҳаммад ибн Абдуллоҳ исмли иниси бўлиб, икки оға-ини Ғарнота ҳокимлиги учун ўзаро уруш бошлайдилар ва жангдан сўнг давлатни икки қисмга бўлишга келишиб оладилар. Шимолий қисм Муҳаммад ибн Саъдга ва жанубий қисм Муҳаммад ибн Абдуллоҳга ўтадиган бўлди.
Ва ниҳоят 874 йилда Кастилия ва Арагонни бирлаштирувчи воқеа содир бўлади: Арагон ҳукмдори Фернандо III Кастилия қироличаси Изабеллага уйланади. Улар битта давлатга бирлашадилар. Бу икки ёш тўйларини Ғарнота мусулмонларининг сўнгги саройида ўтказишга қарор қиладилар. Бу вақтда эса Ғарнотада қўшиқчилик, дабдабабозлик ва хамр ичиш кенг тарқалган бўлади... Ғарнота ҳокими Муҳаммад ибн Саъд (озод Ойша дея аталган) Ойша исмли аёлга уйланган бўлади. Бундан ташқари, унинг Сурайё исмли насроний жорияси ҳам бўлиб, Муҳаммад уни қаттиқ севарди. Сурайё Муҳаммадга Яҳъё исмли ўғил туғиб берган бўлиб, жория ўғлини Муҳаммаддан сўнг валиаҳд бўлишини талаб қилади. Бироқ қонуний рафиқа Ойшанинг ҳам ўғли бор бўлиб, унинг исми Муҳаммад Сағийр (Кенжа) эди.
Муҳаммад ибн Саъднинг насроний жорияга муҳаббати шунчалик кучли эдики, у ҳатто хотини Ойшани ва ўғли Муҳаммад ас-Сағийрни ҳибсга олиб, валиаҳдликка Яҳъёни эълон қилади. Халқ бундан нороззи бўлиб саройга ҳужум қилади ва Ойшани ўғли Муҳаммад билан озод қилади.
Шундан сўнг Муҳаммад Сағийр отасига қарши исён кўтаради ва мақсадига эришиб, тахтни эгаллайди. Отаси эса юртини ташлаб қочишга мажбур бўлади.
Бу воқеадан фойдаланган Фернандо III Андалуснинг шимолига ҳужум қилиб, Муҳаммад Сағийрни асирга олади.
Йиллар ўтиб Муҳаммад ибн Саъд қочиб бошпана сўраган укаси Ғарнотани эгаллайди ва ўз назорати остига олади. Фернандога жияни Сағийрни товон пули эвазига қўйиб юборишни сўрайди. Бироқ Фернандо товон пули олишдан бош тортади, чунки унинг тез орада ҳаётга татбиқ этадиган режаси бор эди. У Муҳаммадга мурожаат қилиб, қуйидагиларни таклиф этади: “Сен Ғарнота Шимолида ҳокимиятни қайта қўлга олишинг учун мусулмонлар орасида қўзғолон кўтаришинг керак, мен шу пайтда Жанубга юриш қилиб, Малагани қуршаб оламан, ана ўшанда сен Ғарнотани ўз назоратинг остига оласан”. Бу таклиф ҳийла эканлиги очиқ-равшан бўлишига қарамай, Муҳаммад кўнади.
Уларнинг режаси муваффақиятли тарзда амалга оширилади. Кенжа Муҳаммад Шимолий Ғарнотани қўлга олади, Фернандо эса Малагани эгаллайди, унинг амакиси Жанубдан қочиб, ўзининг кичкина давлатини барпо этади. Режага кўра, Муҳаммад Сағийр Малагани олиши керак эди, бироқ Фернандо қисқа муддатга бу шаҳарда ўз қўшинини қолдиришини айтади ва шундан сўнг у сулҳ шартларини бузиб, Малагани ўз назоратига олади. Шундан кейин у “Аш” водийсидиан Муҳамад Сағийрнинг амакисини ҳайдайди. У Тунисга қараб қочади. Ғарнота эса энди ҳар тарафдан қуршаб олинади.
Ҳижратнинг 895 йилида салбчилар Ғарнота атрофидаги экинзорларга ўт қўядилар ва Муҳаммад Сағийрдан шаҳар калитини топширишини талаб қиладилар. Ва ниҳоят, Муҳаммад узоқ ўйлардан кейин салбчиларга қарши уруш қилиш кераклигини тушуниб етади. Бу вақтда эса Ғарнота ичида халқ душманга қарши кўтарилади ва уларнинг бошида Мусо ибн Аби Ғассон туради. Халқ етти ой давомида қаршилик кўрсатади ва салбчиларга жиддий талафотлар етказиб туради. Бу пайтда Фернандо ва унинг хотини Изабелла Муҳаммадга нома йўллаб мусулмонлар учун манфаатли бўлган 70 дан зиёд таклифлар билан шаҳарни топшириш тўғрисидаги талабини қўйди. Муҳаммад бу таклифни қабул қилиш кераклигини англаб, ўзининг иккита шартини қўйди:
1.    Фернандо ва Изабелла барча шартларнинг бажарилиши, мисол учун, масжидлар дахлсиз қолиши, халқ амниятда бўлиши ва ҳоказолар бажарилиши тўғрисида онт ичадилар
2.    Барча шартлар бажарилиши устидан кузатувчи тузилма бўлиши ва у фақат Рим Папасига бўйсуниши.
Улар бу шартларга кўндилар ва Муҳаммад Андалусдаги сўнгги мусулмон шаҳри бўлиб қолаётган Ғарнота шаҳрининг калитини салбчиларга юборди. Шу вақтнинг ўзида Мусо ибн Ғассон саройга кириб, мусулмонлар ҳукумати олдида нутқ сўзлади: “Ўзингизни ўзингиз алдаманг. Насронийлар ўз шартномасига амал қилади, деб ўйламанг. Уларнинг қиролини ишончли деб ҳисобламанг. Улардан кутаётганмиз ўлим – қўрқувларнинг энг кичигидир. Олдимизда талон-тарожлар, шаҳримизни вайрон қилишлар, масжидларимизни таҳқирлашлар, уйларимизни бузишлар бор. Улар аёлларимизни ва қизларимизни зўрлайдилар. Бизни даҳшатли адолатсизликка, ирқий камситишликка, қамчи ва кишанларга рўбаро қилиб қўйишади. Олдимизда турмалар қолади. Бизни ўтда куйдириб, қийноққа соладилар. Агар биз унинг йўлида жонимизни фидо қилмасак, мана шуларнинг ҳаммаси бизни кутиб турибди. Аллоҳга қасамки, мен бунақанги оқибатни кўрмайман”.
Шу гапларни айтиб бўлиб, уйига қайтди, қурол-яроғини кийди, қўлига қиличини олиб, отига минди ва ёлғиз ўзи испанларга қарши ҳужумга ўтди. У ўн беш кишини ўлдириб, ўзи ҳам ўлади.
Шундан сўнг Муҳаммад Сағийр Фернандо ва Изабеллага совғалар юбориб, шаҳарга киришига ижозат беради. Улар шаҳарга кириши билан биринчи қилган ишлари – энг баланд иморатга кумуш хочни ўрнатадилар. Шу вақт ичида Муҳаммад саройини тарк этган, энг баланд адир устига чиқиб олиб, сўнгги бор ўз саройига ҳамда ўз шаҳрига ва саккиз юз йиллик давр орасидани ўтган тарихига кўз ташлаган эди. У ўзини тута олмай ҳўнграб йиғлашга бошлайди, унинг кўз ёшлари соқолларини хўл қилиб қўйяди. Унинг ёнида онаси Ойша бўлиб, унинг йиғисига кесатиб шундай дейди: “Ҳа, қўлингдаги подшоҳлик учун эркаклардай кураша олмай, энди хотинлардек йиғлайвер!” Бу воқеа ҳижратнинг 897 йили Роббиул-Аввал ойининг 2-кунида содир бўлади (милодий 1492 йил 2 январь). Бу жой ҳозиргача бор. У ерга саёҳатчилар келиб турадилар ва қачонлардир қудратли империя бўлган ерларни томоша қиладилар. Бу жойни ҳозир “арабларнинг сўнги нафаси” деб аташади.
Муҳаммад Шимолий Африкага йўл олади, у ернинг ҳукмдори уни мусулмонларга хиёнат қилгани учун зиндонбанд этади. Аллоҳ уни ва унинг оиласини шу тарзда таҳқирлаб қўйди.
Фернандо ва Изабелла 906 йилда фармон чиқариб, Худо уларни Испанияни ифлос мусулмонлардан тозалаш учун танлаганини эълон қилади. Бу фармонга кўра, мамлакат ҳудудида мусулмонларнинг яшаши бутунлай тақиқланади. Аксарият мусулмонлар Шимолий Африкага кўчиб кетади. Бошқалари насронийликни қабул қилиб, Ғарнотада қолади. Уларни қуйи табақадаги насронийлар деб атаб, таҳқирлашади. Шундан сўнг насронийлар инквизицияни жорий этадилар: кимда-ким майхўрлик қилмаса ёки жимодан сўнг ғусл қилса ёки уйидан Қуръон китоби топилса, уларни қийноққа солиб, зиндонбанд қилишар ва ўлдиришарди.
Бир неча юз йил ўтиб Наполеон қўшинлари Испанияга кириб келганида, улар ибодатхонага кириб, мусулмонларни қийноққа соладиган яширин хоналарни учратади. Аскарларнинг айримлари бу даҳшатларни кўриб, ҳушларидан кетиб қоладилар, баъзилари қайт қилади. Ҳақиқатдан ҳам бу жуда даҳшатли манзара эди.

Андалус каби давлатнинг қулашига нима сабаб бўлди?

1.    Одамлар бу дунё зеб-зийнатларига, дабдабабозликка ҳамда бошқа ҳаётий лаззатларга берилиб кетдилар. Натижада уларнинг зеҳнлари пасайиб, қалблари моғорланиб кетди.
Ислом шоирларидан бири Андалус таназзулининг сабабини қуйидагича таърифлаганди: “Севишганлар энди ҳеч қачон Ғарнота боғларида оҳ урмаслар ва энди ҳеч қачон раққосалар гўзал рақсларга тушмаслар...” Мусулмонлар бошлари билан шўнғиган гуноҳлар уммони Ғарнота таназзулининг асл сабаби бўлиб қолди.
Бағдоддан мазкур қўшиқлар ва рақсларни олиб келган Зирёбни эсладингизми?!
2.    Одамлар Аллоҳ йўлида жанг қилишни унутдилар. Улар Унинг йўлида меҳнат ва ғайрат қилишдан тўхтадилар.
3.    Учинчи сабаб – катта ва кичик гуноҳлар уммонга айлангани.
4.    Мусулмонларнинг тарқоқлиги
5.    Душманлардан ёрдам сўраб мурожаат қилиш
6.    Мансабига нолойиқ ва қатъиятсиз ҳукмдорлар
Шу билан бирга қайд этиш жизки, мусулмон ҳукмдорлар қанчалик адолатсиз бўлмасинлар, уларга қарши чиқмаслик керак. Афсуски, бугунги кунда Яқин Шарқ мамлакатларида шундай ишлар содир бўлмоқда.
7.    Динни билмасдан жоҳил бўлиш
Чиндан ҳам, мусулмонларнинг бошига тушган кулфатлар уларнинг ўз динидан жоҳил бўлиб қолишлари сабабидандир.
Буларнинг барчаси шундай буюк давлатнинг таназзулга юз тутишига сабаб бўлган баъзи ҳолатлардир.
Яна шуни унутмаслик керакки, ҳеч қачон умидни йўқотмаслик лозим.
Аллоҳ доим Ўзининг динини янгилаб турадиган одамларни юбориб туради. Гўё ҳамма нарса йўқотиб бўлингандек ҳолатларда ҳам Ислом туғи баланд кўтарилган. Абдурраҳмон Дохил, Абдурраҳмон Носир, Юсуф ибн Тишин, Абу Бакр ибн Умар Лантуний, Ёқуб Мансур Муваҳҳидий, Ёқуб Мансур Маринийни эсланг. Шунингдек, Аллоҳнинг динини янгилашга ўз ҳиссаларини қўшган Умар ибн Абдулазиз, Имом аш-Шофий, имом Аҳмад ва бошқа буюк шахсларни эслаш кифоя.
Бироқ кимдир эътироз билдириши мумкин: Андалусия қулади ва сўнгги ўн йилликлар давомида Аллоҳни динини янгилайдиган одам бўлмадику, деб. Бироқ 857 ҳижрий йилда ажабланарли ишлар содир бўлди, ўшанда Ислом қуёши Ғарбда сўнган пайтда мусулмонлар Константинополни фатҳ этдилар ва Ислом қуёши Шарқда чарақлаб кетди. Усмонийлар империяси даврида Европанинг Босния ва Герцоговина, Болгария, Венгрия каби мамлакатлари мусулмонлар ҳукмдорлиги остида бўлди.

Бироқ Ислом нима учун Испания ҳудудида ўз ниҳоясига етди? У ерда ҳозир мусулмонларнинг сони 100 минг кишига ҳам етмайди. Бу Американинг шаҳарларидан биридаги аҳоли сонидан ҳам оздир. Фаластин 200 йил давомида салбчилар назорати остида бўлган, лекин шунга қарамай у ердаги асосий аҳоли мусулмонлардан иборат. Жазоир, Миср ва бошқа мамлакатлар ҳам шунга мисол бўла олади: уларда ҳам зулм, урушлар бўлган, бироқ мусулмонлар бу ҳудудларда қолдилар.
Испания амалиётда мусулмонларни ўлдириш ёки мамлакатдан қувиш тактикасини қўллади. Ислом тарихи давомида бунақанги ишлар ҳеч қачон бўлмаганди.

 
Баннер